ИНСОНЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ - инсоннинг иқтисодий соҳадаги юридик имкониятларини белгиловчи конституциявий ҳуқуқларининг мажмуи булиб, ушбу ҳуқуқларнинг хусусияти ва мазмуни охир-оқибатда муайян жамиятдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тартибни белгилаб беради. Ҳозирги демократик давлатларда И.и.х ва э.ларига қуйидагилар киради: хусусий мулк ҳуқуқи (жумладан, ерга ва ақлий мулкка бўлган), мерос ҳуқуқи, тадбиркорлик фаолияти (хўжалик ташаббуси) эркинлиги, меҳнат эркинлиги ва бошқа меҳнат ҳуқуқлари, корхонани бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи. И.и.х ва э.нинг бундай доираси (охирги ҳуқуқдан ташқари) ЎзР Конституциясида қайд этилган.
ИНСОННИНГ ИЖТИМОИЙ ҲУҚУҚЛАРИ - инсон (ёки фақат аниқ давлат фуқаролари)нинг унга давлатдан маълум шарт-шароитларда белгиланган моддий неъматларни олиш имконини берадиган конституциявий ҳуқуқлари мажмуи. Одатда инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига ижтимоий таъминот ҳуқуқи, билим олиш ҳуқуқи, соғлиқни муҳофаза қилиш ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи, турар жой ҳуқуқи, болалар ҳуқуқлари ва ногиронлар ҳуқуқлари киритилади. Инсоннинг ижтимоий ҳуқуқлари дунёнинг барча мамлакатларида ҳам конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланган эмас. Бу давлатларда инсоннинг ижтимоий ҳуқуқлари кўпинча конституциянинг давлатни ижтимоий ва иқтисодий сиёсатининг асосий принципларига бағишланган алоҳида бўлимларига жойлаштирилади.
ИНСОННИНГ МАДАНИЙ ҲУҚУҚЛАРИ - инсоннинг алоҳида ҳуқуқ ва эркинликлари мажмуи, у инсоннинг маданий ва илмий ҳаёт соҳасидаги конституция ёки қонун билан кафолатланган имкониятларини ифодалайди. Инсоннинг маданий ҳуқуқларига билим олиш ҳуқуқи, ўқиш эркинлиги (академик эркинлик), ижод эркинлиги, маданий ҳаётда иштирок этиш ва маданий муассасалардан фойдаланиш ҳуқуқи, маданий қадриятлардан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқалар киради.
ИНСОННИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ - бу инсонни ҳуқуқ субъекти сифатидаги давлат томонидан тан олинган ва қонунчилик тартибида кафолатлайдиган ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлари, шунингдек қонуний манфаатлари тизими ҳисобланади. Ҳуқуқ ва эркинликлар фуқароларнинг давлатга нисбатан даъволарини ифодалайдиган ижтимоий имкониятлар, шунингдек, давлатнинг фуқарога, унинг хатти-ҳаракатларига нисбатан даъволарини ифодалайдиган ижтимоий имкониятлардир.
ИНТИЗОМ - муайян талаб ва қоидаларга амал қилиш, маълум хатти-ҳаракатларни содир этиш ёки уларни содир этишдан ўзини тийиш лозимлиги. Интизом ҳуқуқий категория сифатида ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажаришлик, белгиланган таъқиқ ва чеклашларга риоя қилиш, иш берувчи топшириқларини ўз вақтида, сифатли бажаришликни ўз ичига олади. Меҳнат интизоми, давлат интизоми, молия интизоми, ижро интизоми, технология интизоми кабилар ўзаро фарқланади. Интизомга оид қоидалар корхона ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом уставлари, бошқа локал норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилади. Давлат, молия ва ижро интизомига оид талаблар қонунлар, Президент Фармонлари, хукумат қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилади. Аҳлоқий – маънавий категория сифатида интизомга оид талаблар жамоат бирлашмалари устав ва низомларида кўзда тутилади ҳамда уларнинг аъзолари томонидан риоя этилишини тақозо қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |