ҚОНУННИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ - қонунни маълум нашрда босиб чиқариш йўли билан ҳаммага маълум қилиш. Қонунни эълон қилишнинг расмий ва норасмий турлари фарқланади. Қонуннинг расмий эълон қилиниши - қонун чиқариш жараёнининг мустақил босқичи бўлиб, у қабул қилинган қонуннинг расмий матни дубликатларини яратиш ва унинг кучга кириш муддатини аниқлаш учун зарурдир. У расмий - юридик маънога эга бўлиб, қабул қилинган қонуннинг тўла ва аниқ матнини уни қонунлар мажмуа ва тўпламларида, ҳуқуқ нормаларини қўллаш ҳужжатларида, босма ишларда ва бошқаларда далил қилиб келтириш мумкин бўлиши учун қонунда назарда тутилган расмий нашрда бериш йўли(Мамлакатимизда норматив ҳуқуқий ҳужжатларни расман эълон қилиш ваколатига эга бўлган нашрлар рўйхати тегишли хужжатларда ўз ифодасини топган. Хусусан, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари, тожик тилида чоп этиладиган “Овози тожик” газетаси, қозоқ тилида чоп этиладиган “Нурлы жол” газетаси, рус тилида чоп этиладиган “Правда Востока” газетаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами ва Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари Ахборотномаси шулар жумласидандир) билан ҳаммага маълум қилиш мақсадидаги қонун чиқарувчи орган номидан норматив тартибга солинган эълон қилинишидир. Қонунни бундай эълон қилишда қонуннинг расмий эълон қилиниши уни аниқ матнининг тасдиқланиши билан бирикади. Қонун норасмий эълон қилинганда норматив ҳужжатнинг эълон қилиниши ёки унинг мазмунининг баёни тўғрисидаги хабар ноширлар, маҳкама органлари, илмий муассасалар, хусусий тузувчилар томонидан амалга оширилади.
ҚОНУННИНГ ОРҚАГА ҚАЙТИШ КУЧИ - қонун таъсирининг қонун кучга киришидан аввалги ҳолатларга татбиқ этилиши. Қ.о.қ.к. умумий тартибдан алоҳида ҳолат бўлиб, у қонуннинг ўзида ёки амалга киритилиши ҳақидаги ҳужжатда махсус кўрсатилиши керак. Чунончи, ЎзР ЖК 13-моддасининг 2-бандида кўрсатилишича, қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга, яъни ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
ҚОНУНОСТИ АКТИ - давлат ҳокимияти органларининг қонунга нисбатан пастроқ юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий акти. Қ.а. қонунга, асосан ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан чиқарилади. Қ.а. лари умуммажбурий тусдаги (норматив) ва умуммажбурий тусга эга бўлмаган (норматив бўлмаган) ҳуқуқий ҳужжатларга бўлинади. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўз.Рда норматив тусдаги қонуности актларига Ўз.Р Президентининг фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг умуммажбурий тусдаги ҳуқуқий актлари киради, норматив бўлмаган қонуности актларига эса умумюрисдикция ва хўжалик судлари қарорларини мисол келтириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |