Bog'liq 2 мавзу Бетон учун боғловчи моддалар, тўлдирувчилар ва қўшимчалар
Тўлдирувчиларнинг донадорлик таркиби. Бетоннинг хусусиятларига тўлдирувчиларнинг минералогик ва донадорлик таркиби, мустаҳкамлиги ва тозалиги сезиларли таъсир кўрсатади.
Тўлдирувчиларнинг донадорлик таркиби улардаги турли ҳил йирикликдаги доналар миқдорини билдиради. Бу миқдор тўлдирувчидан олинган намунани тешиклари ўлчамлари 0,16-70 мм ли стандарт элакларда элаш орқали аниқланади. Тўлдирувчилар турли ўлчамларга эга бўлади ва бир-бирига яқин бўлган доналари гуруҳларга бўлинади. Масалан, 5-10, 10-20 ёки 20-40 мм дан иборат бўлган гуруҳлар. Тўлдирувчилар энг кичик ёки энг катта йирикликдаги доналари бўйича тавсифланади. Тўлдирувчиларда алоҳида йирик ёки майда доналар учраши мумкин, бироқ уларнинг миқдори 5 % дан ошмаслиги керак.
Таркибида барча ўлчамдаги доналар, яъни энг кичик ўлчамдаги доналардан энг йирик ўлчамдаги доналар мавжуд бўлса, бундай таркиб “узликсиз” таркиб дейилади. Агарда тўлдирувчида қандайдир бир оралиқ ўлчамлардаги доналар мавжуд бўлмаса, бундай доналар таркиби “узликли” таркиб деб аталади.
Тўлдирувчиларнинг узликсиз таркибини танлаш учун самарали “элаш эгрилик чизиғи” таклиф этилган. Бир вақтнинг ўзида энг кам бўшлиқлар ва энг кам миқдордаги доналар нисбий юзасига эга бўлган қоришмани олиш мумкин бўлмагани туфайли аниқ “элаш эгрилик чизиғини” қуйидаги шартдан аниқлаш мумкин. Бунинг учун қоришмадаги бўшлиқлар миқдори ва доналар юзалари йиғиндиси керакли ёйилувчанликка эга бўлган бетон қоришмасини олиш учун минимал миқдордаги цементни талаб этиши керак.
Темирбетон корхоналари ёки қурилиш майдонларида тўлдирувчиларнинг донадорлик таркибини танлашда керакли миқдорда аниқланган қум ва шағал фракциясидан фойдаланилади. Бунда қум ҳамда алоҳида олинган шағал фракциялари орасидаги нисбат имкон даражасида энг мақбул эгриликка яқинлашиши лозим. Шунинг учун стандарт ва техник хужатларда бир неча ҳил донадорлик бўйича таркиблар тавсия қилинади.
Тўлдирувчиларнинг жойлашиш зичлиги донадорлик таркиби билан бевосита боғлиқ. Назарий жиҳатдан тўлдирувчилар орасидаги бўшлиқлар ҳажми ундаги доналарнинг шаклига, уларнинг жойлашиш зичлигига боғлиқ. Доналарнинг қирралари кўпайиши билан бўшлиқлар ҳосил бўлиш эҳтимоли ортади. Айниқса, узунчоқ кўринишдаги (нинасимон, яполоқ) доналар қўлланилганда бўшлиқлар ортиб кетади. Шунинг учун бундай доналарнинг шағал ёки чақиқ тошдаги миқдори оддий оғир бетонларда 35 % дан, йўл қурилиши учун мўжалланган шағалда (чақиқ тош) эса 25 % дан ошиб кетмаслиги мақсадга мувофиқ.
Ҳақиқатда эса минимал бўшлиқлар ҳажми Vб.min ҳар доим нисбатан кўпроқ бўлади. Яъни, амалда доналарнинг энг мақбул тақсимланишига максимал даражада эришиб бўлмайди. Тўлдирувчилар аралашмасининг бўшлиғи 20 дан 50 % гача ўзгариб туради. Шу сабабли бетонга ғоваклиги энг кам ва бир неча фракциялардан ташкил топган тўдирувчиларни қўллаган маъқул.
Минимал ғоваклиликка эришиладиган шағал (чақиқ тош) ва қумнинг нисбатини қум йирик тўлдирувчи ғовакларини тўлиқ қоплайди деган фараз орқали аниқлаш мумкин. Бунда уларнинг қум зарралари билан маълум миқдорда сурилиши эътиборга олинади. Бу холда қуйидаги формула келиб чиқади.
Қ/ρқm = Vшн(Щ/ρшm)α (2.1)
бу ерда; Қ, Щ-қум ва шағал (чақиқ тош) сарфи; α-силжиш коэффициенти; Vшн-шағалнинг нисбий бўшлиқлиги; ρқm ρшm-мос ҳолда қум ва шағал (чақиқ тош) нинг ўйма зичликлари.