Тромбоцитлар
Тромбоцитлар ёки қон пластинкалари – рангсиз иккала томони кабарик, диаметри 2-4 мкм бўлган овал еки думалоқ шаклдаги тузилмалардир. Улар ядросиз. Соғлом одамнинг 1мм куб қонида 200000-400000, 1л қонда 2-4х10 нинг 11 даражаси миқдорида тромбоцит бўлади. Тромбоцитлар қизил кўмикда ҳосил бўлади ва 8-12 кун яшайди. Уларнинг қондаги миқдори ўзгарувчандир: кундузи кўпроқ, кечаси камроқ бўлади. Овқатлангандан сўнг, эмоцияларда, жисмоний иш ва стресс вақтида ҳам ўзгариб туради, оғир жисмоний ишдан сўнг одамнинг қон пластинкалари 3-5 баравар кўпайиб кетади. Тромбоцитлар сонининг кўпайиши тромбоцитоз, камайиши эса тромбоцитопения дейилади. Одатда тромбоцитопения хасталик белгиси бўлиб, нурланиш ва қон тизими касалликларида кузатилади.
Шикастланган томир деворига тромбоцитлар 2-10 ўсимта ердамида бирикиб олади. Тромбоцитларнинг кимевий таркиби жуда мураккаб бўлиб, унда кўпгина ферментлар, адреналин, норадреналин, лизоцим, АТФ в.б. бор. Сўнгги йилларда тромбоцитларда қон ивишида иштирок этувчи кўпгина махсус бирикмалар аниқланган бўлиб, уларга тромбоцитар омиллар дейилади ва арабча рақамлар билан белгиланади. Улар 11 та, энг муҳимлари тромбоцитар тромбопластин (3 омил), фибриноген (5), антигепарин (4), томир торайтирувчи (10) – серотонин в.б. Сўнгги йилларда бу омилларни пластинкаларга оид омиллар деб юритилади ва Р ҳарфи билан белгиланади (Р1,Р2,Р3 в.х.) .Тромбоцитлар ўз мембранасидан арахидон кислотасини ажратади ва уни тромбаксанларга айлантиради. Тромбаксанлар ўз навбатида тромбоцитларнинг агрегацияланиш фаоллигини оширади. Тромбоцитлар ёлғон оёқлар ҳосил қилиб, улар ҳисобига ҳаракатланиши ва ёт таначалар, вируслар, иммун комплекслари фагоцитоз қилиш қобилиятига эга, яъни ҳимоя функциясини бажаради. Тромбоцитлар бактериялар мембранасини парчалайдиган лизоцим ва бета-лизинлар манбаидир. Бундан ташқари тромбоцитлар таркибида 0- лимфоцитларни Т- ва В-лимфоцитларга айлантирувчи пептид омиллар аниқланган. Қон томирлар шикастланганда тромбоцитлар фаоллашуви жараенида бу бирикмалар қонга ўтиб, организмни касаллик чақирувчи микроблар тушишидан ҳимоялайди.
Тромбоцитлар ҳосил бўлишини бошқарувчи тромбоцитопоэтинлар қисқа муддатга ва узоқ муддатга таъсир этувчиларга бўлинади. Қисқа муддатга таъсир этувчилар тромбоцитларнинг қонга ўтишини тезлаштиради, узоқ муддатга таъсир этувчилар эса иликда қон пластинкалари ишланишини тезлаштиради. Шундай қилиб, гемопоэз бошқарилиши жуда мураккаб бўлиб, асаб ва эндокрин тизимлар ҳамда гемопоэтик омиллар томонидан таъминланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |