Қон гуруҳлари
Организм кўп қон йўқотганда, баъзи заҳарланишларда ва бошқа кўп кўрсатмалар билан тиббиетда қон қуйилади. Ўтмишда қон қуйиш кўпинча оғир асоратлар ва ҳатто ҳалокатга олиб келган. Бунинг сабаби асримизнинг бошида аниқланган. 1901 йилда австриялик К.Ландштейнер ва 1903 йилда чех Я.Янский ҳар хил одамлар қонини аралаштирганда эритроцитлар бир-бировига ёпишиб қолиш, яъни агглютинация ходисаси содир бўлишини кашф қилганлар. Эритроцитларда агглютинацияланадиган омиллар А ва В агглютиногенлар, қон зардобида агглютинацияловчи альфа ва бета агглютининлар борлиги аниқланган. Қон қуйишда ҳатога йўл қуйилганда эритроцитлар агглютинацияланади ва гемолиз (зардобда гемолизинлар ҳам бор) рўй беради, яъни ҳатто ўлим билан тугаши мумкин бўлган ҳолат –гемотрансфузион караҳтлик (шок) пайдо бўлади.
Агглютиноген А ва агглютинин альфа ҳамда В ва бета бир номли (ўзаро мос) дир. Донор (қон берувчи одам) эритроцитлари реципиент (қон олувчи одам) плазмасидаги бир номли (ўзаро мос) агглютининлар билан учрашганда агглютинация содир бўлади. Демак, таркибида А агглютиноген бўлган эритроцитлар плазмадаги альфа агглютининлар билан учрашганда, В агглютиногенли эритроцитлар бета агглютинин билан учрашганда ва таркибида А ва В агглютинин бўлган эритроцитлар плазмадаги альфа ва бета агглютининлар билан учрашганда агглютинация содир бўлади. Эритроцитлар агглютинацияси антиген билан антитело ўртасидаги реакциянинг натижасидир. Эритроцитларнинг мембранасига боғлиқ бўлган агглютиногенлар антиген ролини ўйнайди, антитело сифатида қон плазмасидаги агглютининлар агглютинация реакциясида иштирок этади.
Агглютиногенлар махсус аминокислотали полисахарид комплексдан иборат, агглютининлар эса қоннинг гамма-глобулин оқсил фракциясидир. Агглютинация реакцияси рўй берганда агглютининнинг бир молекуласи икки эритроцитни бир-бирига боғлайди. Бу эритроцитларга яна бошқа эритроцитлар қўшилади ва улар ғуж бўлиб қолади. Одамнинг қонида ўз эритроцитларига қарши агглютинин бўлмайди.
Одамлар қонида агглютиноген ва агглютининларнинг 4 комбинацияси бор, шундан келиб чиққан ҳолда қоннинг 4 гурухи ажралади:
I) (0)- альфа бета,
II) (А)- А бета,
III) (В)-В альфа,
IV) ( АВ) - АВо.
I гуруҳдаги одамларнинг эритроцитларида агглютиногенлар йўқ, плазмасидаги эса альфа ва бета агглютинлари бор. II гуруҳдаги эритроцитларда агглютиноген А ва плазмасида агглютинин бета бор. III гуруҳдаги одамларнинг эритроцитларида агглютиноген В ва плазмасида агглютинин альфа бор. IV гуруҳ қони эритроцитларида А ва В агглютиногенлар борлиги, плазмасида агглютининлар йўқлиги билан ажралиб туради. Клиникада мазкур АВО тизим муҳим аҳамиятга эга.
Қон асосий гуруҳлари серологик таркиби.
Қон гуруҳлари
|
эритроцитлар
|
плазма
|
|
агглютиногенлар
|
агглютининлар
|
I (0)
|
0
|
альфа, бета
|
II (А)
|
А
|
бета
|
III (В)
|
В
|
альфа
|
IV(АВ)
|
АВ
|
----
|
I гуруҳдаги одамларга фақат I гуруқ қоннини қуйиш мумкин. 1 гуруҳ қонини эса ҳамма гуруҳлардаги одамларга қуйиш мумкин. Шунинг учун 1 гуруҳ универсал донор ҳисобланади. IV гуруҳ кишиларга барча 4 гуруҳнинг қонини қуйиш мумкин, шу сабабдан бу гуруҳ универсал реципиент дейилади. IV гуруқ қонини фақат IV гурухдаги одамларга қуйиш мумкин. II ва III гуруҳдаги одамларга бир номли гуруҳ қонини, шунингдек I гуруҳ қонини қуйиш мумкин. II ва III гуруҳлар қонини тегишли гуруҳ ва IV гуруҳлардаги кишиларга қуйиш мумкин. Айтилганлар кам миқдорда (200 мл гача) қон қуйишда яроқли қоидалар бўлиб, қуйидаги таблица уларни тушунишга ердам беради.
Қон турли гуруҳларининг ўзаро таъсири
Зардоб
(плазма) гуруҳлари
|
Эритроцитлар
|
гуруҳлари.
|
|
|
I (0)
|
II(A)
|
III(B)
|
IV(AB)
|
I альфа ,бета
|
-
|
+
|
+
|
+
|
IIбета
|
-
|
-
|
+
|
+
|
III альфа
|
-
|
+
|
-
|
+
|
IV
|
-
|
-
|
-
|
-
|
Эслатма : “+”- агглютинация бор.
“-” - агглютинация йўқ.
Жадвалдан кўриниб турибдики, I гуруҳ зардобини II, III, IV гуруҳлар эритроцитлари билан аралаштирганда, II гурух зардобини - III ва IV гуруҳлар эритроцитлари билан, III гурух зардобини II ва IV гуруҳлар эритроцитлари билан аралаштирганда агглютинация содир бўлади.
Агглютинация сабабларини аниқлаш қон қуйишнинг асосий икки қонуни борлигини кўрсатди:
1. Қонни шундай танлаш керакки, донор агглютиногенлари реципиентнинг шу номли агглютининлари билан учрашмасин, яъни реципиент плазмаси донор эритроцитлари яшаши учун яроқли бўлиши керак.
2. Донор агглютининларига эътибор қилинмайди - бу суюлиш қоидаси дейилади ва оз миқдорда қон қуйишда амал қилади. Аммо кўпроқ (500мл дан ортиқ) қон қўйганда, айниқса кўкрак жарроҳлигида бу қоидага амал қилиш мумкин эмас ва фақат тегишли гуруҳ қоннини қуйиш керак. Бунинг яна бир сабаби шуки, 1 гуруҳ қонли одамларнинг 10-20% плазмасида А га қарши ва В га қарши иммун агглютининлар топилган. Бундай қонни бошқа гуруҳларга қуйиш оғир асоратга сабаб бўлиши мумкин, шунинг учун бундай қонли кишиларни хавфли универсал донорлар деб атайдилар.
Марказий Оврупо мамлакатларида аҳолининг қон гуруҳлари текширилганда одамларнинг қайси гуруҳга мансублиги ҳақида қуйидаги маълумотлар олинган: 1 гурух 40% , II гурух 40% га яқин, III гурух 10-20% ва IV гурух 5%. Қон гурухлари генетика қонунлари асосида наслдан наслга ўтади ва ҳаёт давомида ўзгармайди.
Қон гуруҳларини аниқлаш учун агглютининлари олдиндан аниқ бўлган стандарт зардоблардан фойдаланадилар, I, II ва III гуруҳ зардоблари билан кифояланса ҳам бўлади. Мазкур услуб агглютинация реакцияси бор ёки йўқлигига қараб, текширилаётган қон эритроцитларида қандай агглютиногенлар борлигини аниқлашга асосланган.
Сўнгги вақтда янги агглютиногенлар кашф этилгани муносабати билан қон гуруҳлари ҳақидаги маълумотлар мураккаблашди. Масалан, А агглютиногеннинг 10 варианти (А1 - А 10 ) , В агглютиногеннинг бир қанча турлари аниқланган. Ҳозирги кунда одам эритроцитларида агглютиногенларнинг 400 тури топилган. Улардан 140 таси 20 тизимга киритилган, қолганлари умумий ёки индивидуал бўлиши мумкин.
Кўпчилик одамларнинг эритроцитларида (85%) яна бир омил бор, уни 1940 йилда К.Ландштейнер ва И.Виннер макакус резус маймун қонидан топганлар ва резус-омил (Rh-омил) деб атаганлар. Шу омилга эга бўлган одам қони резус мусбат қон, мазкур омили бўлмаган резус манфий одамга қуйилса, резус манфий одам қонида махсус анти-резус агглютининлар ва гемолизинлар ҳосил бўлади. Бундай одамга резус мусбат қон такроран қуйилганда агглютинация ва оғир оқибатлар (гемотрансфузион шок) бўлиши мумкин.
Резус омил билан боғлиқ бўлган яна бир кўнгилсиз воқеа она билан ҳомила ўртасида ривожланиши мумкин бўлган резус-келишмовчилик. Агар резус мусбат қонли эркакдан резус-манфий қонли аёл ҳомиладор бўлса, ҳомилага резус-омил отасидан ўтиши мумкин. Ҳомила эритроцитларидаги антиген-резус омил йўлдош тўсиғи орқали она қонига ўтади. Она қонида резус омилга қарши антирезус-агглютининлар пайдо бўлади ва қайтиб ҳомила қонига ўтади. Оқибатда ҳомила эритроцитлари агглютинация ва гемолизга учрайди. Агар антирезус агглютининлар концентрацияси юқори бўлса, бу жараен кучайиб кетиб, ҳомилани ҳалокатга олиб келиши мумкин. Резус мос келмаслик унча кучли бўлмаса, гемолиз натижасида гемолитик сарғайма ривожланади ва бола сариғ бўлиб тўғилади. Боланинг терисини ва шиллиқ пардаларини гемоглобиндан кўп миқдорда ҳосил бўлган билирубин сариғ рангга бўяйди.
Агар резус – манфий қонли аёл резус-мусбат қонли эркак билан турмуш кўрган бўлса, бу ҳолатнинг олдини олиш чораларини кўриш керак.
Ҳар кунги амалиетда фақат ҳаётий кўрсатмалар асосида, яъни бемор кўп қон йўқотганда ва фақат бир номли гуруҳ қонини қуйиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирги вақтда қон қуйиш қоидалари қуйидагилардан иборат:
1) донор ва реципиент қони бир гуруҳга мансуб бўлиши керак;
2) резус-манфий одамга резус-мусбат қонни қуйиш мумкин эмас;
3) бир донорнинг қонини муайян реципиентга қайта қўйишдан воз кечиш керак.
Ҳар қандай қон қуйиш ўз иммунологик хусусиятлари бўйича жуда мураккаб операциядир. Шунинг учун бутун қонни фақат ҳаётий кўрсатмалар билан ва бемор 25% дан кўпроқ қон йўқотганда қуйиш керак. Агар ўткир қон йўқотиш қон умумий ҳажмининг 25% идан кам бўлса, плазма ўрнини тўлдирувчи (кристаллоидли, коллоидли) эритмалар юбориш керак, чунки бундай ҳолатда ҳажмни тўлдириш муҳимроқдир. Бошқа ҳолатларда организм учун зарур бўлган қон таркибий қисмлари қуйилиши мақсадга мувофиқдир. Масалан, камқонликда эритроцитар масса, тромбоцитопения бўлса тромбоцитар масса, юқумли касалликлар, сепсисда гранулоцитлар қуйилиши тавсия этилади.
Қон гуруҳлари ва касалликларга чалиниш. Турли қон гуруҳларига эга бўлган кишилар у ё бу касалликларга бирдай чалинмайдилар. Чунончи, I(о) гуруҳ қонига эга бўлган одамларда меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси кўпроқ учрайди. Бунинг сабаби шундаки, А ва В агглюногенлар меъда ва меъда ости ширалари таркибида ажратилиб, меъда-ичак деворини протеолитик ферментларнинг шикастловчи таъсиридан ҳимоялайди. Қони II (А) гурух бўлган одамларда қандли диабет кўпроқ учрайди ва оғир кечади, уларда қон ивиши баланд ва шу сабабли миокард инфаркти ва инсульт кўпроқ содир бўлади. Статистик маълумотларга кўра, қони II (А) гуруҳга мансуб бўлган одамларда меъда ва жинсий аъзолар саратон (рак) касалликлари, III (В) гуруқ қонига эга бўлганларда йуғон ичак саратони кўпроқ учрайди. Шу билан бирга I(о) ва IV (АВ) гуруҳлар қонига эга бўлганлар вабо касаллигининг қўзғатувчиларига нисбатан пастроқ берилувчан, аммо уларда табиий чечак оғир кечади.
Резус -манфий одамларда қоннинг турли касалликлари резус-мусбат одамларга нисбатан таҳминан 6 маротаба кўпроқ учрайди.
Лимфа
Лимфа ҳам ички муҳит суюқлиги бўлиб, бу суюқлик тўқима оралиғидан махсус лимфа томирлари орқали қонга қўшилади. Лимфа ҳужайралар оралиғида йиғилган тўқима (интерстициал ) суюқликдан ҳосил бўлади. Тўқима суюқлиги унда эриган моддалар билан биргаликда лимфа капиллярларига ўтиб, лимфа суюқлиги номини олади. Лимфа тўқималардан юрак томонга ҳаракат қилиб, вена томирларига қуйилади. Тўқималардан оқиб ўтувчи лимфа биологик фильтрлар вазифасини бажарувчи лимфа тугунларидан ўтади. Организмга кирган баъзи ёт заррачалар ва бактериялар тугунларда ушланиб қолади ва қонга ўтмайди. Тугунлардан лимфага лимфоцитлар ўтади.
Қон оқимидан ҳужайралар оралиғига чиқадиган 20 литр суюқликдан 2-4 литри лимфа сифатида лимфа томирлари орқали қон томирлар тизимига қайтарилади. Лимфа ҳосил бўлишига шароит яратувчи омилларга қуйидагилар киради:
1) қон томирлари, ҳужайралараро бўшлик ва лимфа капиллярлари орасидаги гидростатик босим фарқи, капиллярларда қон босимининг кўтарилиши суюқликнинг капиллярдан тўқимага ва ундан лимфа томирига фильтрланиб ўтишини жадаллаштиради;
2) қон томири ва ҳужайралараро бўшликдаги онкотик ва осмотик босимлар фарқи, қон плазмасидаги онкотик босим кўтарилса, лимфа ҳосил бўлиши камаяди;
3) қон ва лимфа капиллярлари эндотелийсининг ўтказувчанлик ҳолати. Жигар капиллярларида ўтказувчанлик юксак бўлганлиги сабабли жигарда лимфанинг катта қисми ҳосил бўлади. Макромолекулалар ва диаметри 3-50 мкм бўлган заррачалар (оқсиллар, хиломикронлар) эндотелий орқали пиноцитоз йўли билан ўтади.
Турли аъзоларда лимфа ҳосил бўлишида сезиларли фарк бор. Аъзоларнинг 1 кг массасига ҳисоблаганда бир кечаю-кундузда жигарда 21-36мл, юракда 5-18 мл, талоқда 3-12 мл,скелет мускулларида 2-3мл лимфа ҳосил бўлади. Катта ёшдаги одам организмида бир кунда лимфа томирлари орқали қонга 1-3 литр лимфа оқиб тушади.
Аъзоларда ҳосил бўладиган лимфа таркибида уларнинг модда алмашинувига боғлиқ фарқ бор. Масалан, жигар лимфаси оқсилга бой, ички секреция безларидан оқиб чиққан лимфада гормонлар учрайди. Очликда йирик лимфа томирларидан олинган лимфа деярли тиниқ бўлиб, ёғлар оз бўлади. Ёғли овқат истеъмол қилгандан 4-5 соат ўтгач йиғилган лимфа ёғга бойиб, сутга ўхшаб қолади.
Лимфа таркибига ҳужайралар, оқсиллар, липидлар, молекулалари кичикроқ бўлган органик бирикмалар (аминокислоталар, глюкоза, глицерин), электролитлар киради. Лимфада ҳужайралардан асосан лимфоцитлар учрайди. Лимфадаги ҳужайралар миқдори лимфа тугунлардан ўтган-ўтмаганлигига боғлиқ. Кўкрак лимфа йўлидаги лимфада лимфоцитлар 8х10нинг 9 даражаси\ л бўлади. Эритроцитлар ва тромбоцитлар лимфада нормада деярли йўқ, тўқималар шикастланганда уларнинг миқдори ошади. Макрофаглар ва моноцитлар жуда кам. Лимфанинг ион таркиби қон плазмаси ва тўқима суюқлиги қон таркибидан фарқ қилмайди. Оқсил миқдори ва таркиби бўйича ҳамда липидлар бўйича лимфа қон плазмасидан анча фарқ қилади. Одам лимфасида ўртача 2-3% оқсил бор. Демак, қондан оқсиллар миқдорининг 2-3 баравар камлиги билан фарқланади. Лимфада оқсиллар концентрацияси унинг ҳосил бўлиш тезлигига боғлиқ, организмга кўп сув киритилганда ҳосил бўладиган лимфа ҳажми ошади ва ундаги оқсил концентрацияси камаяди. Лимфада фибриноген, протромбин ва бошқа ивиш омиллари борлиги туфайли у 10-15 дақиқада ивиб қолади. Лимфада антителоларни, ҳазм тизимининг гидролитик ферментлари ва гормонларини ҳам учратиш мумкин. Холестерин ва фосфолипидлар лимфада липопротеинлар шаклида бўлади.
Лимфанинг лейкоцитар формуласи (Б.Н.Ткаченко бўйича): лимфоцитлар – 90%, моноцитлар – 5%, сегментлашган ядроли нейрофиллар –1 %, эозинофиллар – 2%, бошқа ҳужайралар – 2%.
Лимфа тизими организмда қуйидаги функцияларни бажаради:
1. Оқсиллар, электролитлар ва сувни тўқима суюқлигидан қонга қайтариш. Бир кеча-кундузда лимфа қон оқимига 100г оқсилни қайтариб беради. Кўп қон йўқотилганда лимфанинг қонга ўтиши кўпаяди. Лимфа томирлари боғлаб қўйилса ёки уларга бирон нима тиқилиб қолса, тўқималарда сув йиғилиши натижасида лимфатик шиш пайдо бўлади.
2. Лимфа капиллярларидаги тешиклар орқали тўқима суюқлигидан лимфага коллоид моддалар, йирик молекулали бирикмалар, доривор препаратлар, емирилган ҳужайралар заррачалари ўтади. Сўнгги йилларда оғир яллиғланиш жараёнларини ва ёмон сифатли ўсма шишларни даволашда эндолимфотерапия, яъни доривор препаратларни бевосита лимфатик тизимга юбориш усулидан фойдаланадилар.
3. Барьер-тўсиқ функциясини лимфа тугунлари бажаради, улар ёт заррачалар, микроорганизмлар, ўсма ҳужайраларни сақлаб қолади (лимфа тугунларда метастазлар пайдо бўлиши).
4. Энергетик ва пластик модда алмашинувида иштирок этиш. Лимфа метаболизм маҳсулотлари, витаминлар, электролитлар ва бошқа моддаларни конга келтириб беради.
5. Ёғлар алмашинувида иштирок этиш. Ёғлар сўрилгандан сўнг ичак деворида лимфа томирларига ўтади. Сунг қонга ва ёғ деполарига хиломикронлар шаклида етказилади.
6. Иммунобиологик функция. Лимфа тугунларида антителолар ҳосил қилувчи плазматик ҳужайралар ишланади. Иммунитет учун жавобгар бўлган Т- ва В -лимфоцитлар ҳам лимфа тугунларида бўлади.
7. Лимфа ёғда эрийдиган витаминлар (А, Е, К) алмашинувида иштирок этади. Мазкур витаминлар олдин лимфага сўрилади, сунг қонга ўтади.
8. Лимфа тўқималар ва аъзолар орасида, лимфатик ва қон тизимлари орасида гуморал боғланишни таъминлайди.
Лимфа ҳосил бўлиши жараенининг бошқарилиши вегетатив нерв тизими ва гуморал омиллар томонидан амалга оширилади ва қон плазмасидаги сув ва бошқа моддалар фильтрациясини кучайтириш ёки камайтиришга қаратилган. Симпатик нерв тизимининг қўзғалиши ва катехоламинлар (адреналин ва норадреналин) артериолалар, капиллярлар ва венулаларда қон босимини ошириб, суюқликнинг тўқима оралиғига фильтрланиши ва оқибатда лимфа ҳосил бўлишини кучайтиради. Гистамин ва гепарин қон томирлари деворининг ўтказувчанлигини ошириш орқали лимфа ҳосил бўлишини жадаллаштиради. Парасимпатик нерв тизими фаоллашганда лимфа ҳосил бўлиши камаяди. Ҳужайралар, жумладан қон томирлар эндотелийси, ажратадиган физиологик фаол моддалар ва тўқималар метаболизми маҳсулотлари лимфа ҳосил бўлишининг маҳаллий бошқарилишини амалга оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |