МАВЗУ: Қон айланиш. Юрак фаолияти ва унинг бошқарилиши
Қон айланиши Маълумки ҳужайралар уларни ўраб олган суюқ муҳит – ҳужайралараро ёки тўқима суюқлигида яшайди. Улар керакли моддаларни шу суюқликдан олади ва модда алмашинуви маҳсулотларини шу суюқликка чиқаради. Тўқима суюқлиги узлуксиз ҳаракатда бўлган қон билан алоқадорлиги туфайли унинг таркиби мунтазам янгиланиб туради. Юракнинг бир меъерда, ритмик қисқаришлари туфайли қон томирларда ҳаракат қилиб туради. Юрак ва томирлар қон айланиши тизимини ташкил этган. Бу тизим – энг муҳим физиологик тизимлардан биридир.
Қон тўхтовсиз ҳаракат қилиб тургандагина турли туман ҳает учун муҳим бўлган функцияларини бажаради. Ҳамма сут эмизувчилар ва қушларда юрак 4 камерали ҳамда қон айланишининг катта ва кичик доираси мавжуд.
Бу маълумотларни инсоният осонликча қўлга киритган эмас. Тиббиёт тариҳидан маълумки, қон айланиши масалалари олимларни қадим замонлардаёқ қизиқтирган. Гиппократ ва Аристотел бу масалани ўрганганлар. Аммо уларни тасаввурлари мукаммал бўлмаган ва кўп жиҳатдан ҳато бўлган. Артерия ва вена қон томирларини улар ўзаро боғланмаган, мустақил икки тизим деб тасаввур қилганлар. Қон айланишининг ҳозирги замон тасаввури йўлида анча қурбонлар ҳам берилган. XVI асрда Женевада кичик қон айланиш доирасини кашф этган Мигель Серветни ўз асарлари билан бирга гулханда ёққанлар. XVII асрнинг бошида машхур инглиз олими Вильям Гарвей ҳайвонлар устида ўтказилган жуда кўп тажрибалар асосида қон айланиши ҳақидаги янги тасаввурни яратди. У 1628 йилда “Ҳайвонларда юрак ва қон ҳаракати ҳақидаги анатомик маълумотлар” номли машхур асарини езди. В. Гарвей артерия ва вена қон томирлари ўзаро бир ёпиқ тизимда боғланганлиги ва биргаликда қон айланишнинг катта ҳамда кичик доираларини ҳосил қилганини узил-кесил исботлаб берди. Гарвейнинг бу оламшумул кашфиети тиббиет ва умуман табиий фанларнинг кейинги ривожланишида катта моҳиятга эга.
Қон айланишининг кичик доираси юракнинг унг қоринчасидан бошланади. Юрак қисқарганда бу ердаги веноз қон ўпка артериясига ўтади ва ўпкага оқиб боради. Ўпка капиллярларида ўзидаги карбонат ангидридини бериб, кислородга тўйинади ва артериал қон сифатида ўпка веналари орқали юракнинг чап бўлмасига қуйилади, у ердан чап қоринчага ўтади. Қон айланишининг катта доираси юракнинг чап қоринчасидан бошланади, қон аорта, артериялар ва барча тўқималардаги капиллярлардан ўта туриб, ўзидан кислород ва озиқа моддаларини беради, карбонат ангидриди ва модда алмашинувининг бошқа маҳсулотларини олиб, веноз қон сифатида юқориги ва пастки ковак веналар орқали юракнинг ўнг бўлмасига қуйилади.