Электрокардиограмма
Ишчи миокард кўп сонли ҳужайраларининг барчасида қўзғалиш вужудга келиши юракни катта қувватга эга бўлган электрогенераторга айлантириб қуяди. Организм тўқималари юксак электр ўтказувчанликка эга, шунинг учун юрак электр потенциалларини гавда сиртидан езиб олиш мумкин. В.Эйнтховен, А.Ф.Самойлов, Т.Льис, В.Ф.Зеленин ва бошқалар томонидан амалиётда татбиқ этилган юракнинг электр фаоллигини текширувчи бу усул электрокардиография, унинг ёрдамида қайд қилинадиган эгри чизиқлар эса электрокардиограмма дейилади. Бу мақсадда махсус асбоблар-электрон кучайтиргичи ва осциллографи бўлган электрокардиографдан фойдаланилади. Эгри чизиқлар ҳаракатдаги қоғоз ленталарга ёзиб олинади. Ҳозирги вақтда одам жисмоний иш бажараётганида ва ундан узоқда туриб электрокардиограммани ёзиб оладиган асбоблар ишлаб чиқилган. Бундай асбоблар - телеэлектрокардиографлар, ЭКГ ни радио алоқа ёрдамида масофага узатиш тамойилига асосланган. Шу усул ердамида ЭКГни мусобақалар вақтида спортчиларда, фазода учиб юрган космонавтларда ёзиб олинади. ЭКГни телефон орқали узоқ масофага етказиб берувчи асбоблар ҳам яратилган.
Юрак кўкрак қафасида асимметрик жойлашганлиги ва одам гавдаси ўзига хос шаклда бўлганлиги сабабли электр куч чизиқлари бутун гавда юзасида бир текис тақсимланмайди. Шунинг учун потенциалларни олиш нуқтасига қараб, ЭКГ нинг шакли ва тишларининг вольтажи турлича бўлади. Оёқ-қўл ва кўкрак қафаси юзасидан ЭКГ ни олишнинг бир қанча усуллари таклиф қилинган, улардан кўпроқ учта, стандарт деб аталувчи усуллардан фойдаланилади:
I усулда – ўнг ва чап қўл, II усулда – ўнг қўл ва чап оёқ , III усулда чап қўл ва чап оёқка электродлар қуйилади. Потенциалларни кўкрак қафасидан ёзиб олиш учун биринчи электрод кўкрак қафасидаги муайян нукталардан биттасига қуйилади.
Соғлом кишининг стандарт усуллар билан ёзиб олинган ЭКГ-сида P,Q,R,S ва Т тишлари ажратилади. Р тиши бўлмаларнинг қўзғалганини ифодалайди, у ўнг ва чап бўлмачалар қўзғалганда ҳосил бўлувчи электр потенциалларнинг алгебраик йиғиндисидир. QRST комплекси қоринчалар қўзғалиши муносабати билан электр потенциалларнинг ўзгаришларини ифодалайди. Бунда QRS тишлари қоринчалар қўзғалишининг бошланғич қисмини, Т-тиши эса унинг охирги қисмини таърифлайди. Р-Q оралиғи қўзғалишнинг бўлмадан қоринчага ўтиши учун зарур вақтни кўрсатади. Қоринчалардаги ҳаракат потенциали мураккаб эгри чизиғини баъзи муаллифлар қоринчаларнинг баравар, бир йўла қўзғалмаслиги билан тушунтирадилар. Q тиши қоринчаларнинг ички юзаси, қоринчалараро тўсиқ ва ўнг сўрғичсимон мушак қўзғалишига, R тиши юрак учи ҳамда иккала қоринчанинг ташқи юзаси билан асосининг қўзғалишига алоқадор, S тишининг тугаш пайтида иккала қоринча ҳам батамом қўзғалган бўлиб, миокард турли қисмлари орасида потенциаллар фарқи йўқ. Т тиши реполяризация жараени, яъни қоринчаларнинг турли қисмларида қўзғалишнинг турли вақтда йўқолишини ва мембрана потенциалининг қайта тикланишини акс эттиради. Бу тиш ЭКГ нинг энг ўзгарувчан қисмидир. Т тиши билан ундан кейинги Р тиши оралиғи юракнинг умумий паузаси ва камераларнинг қонга нофаол тулишини ифодалайди.
Қоринчалар электр систоласи, яъни ЭКГ даги Q -Т оралиғи механик систола вақтига тенг. ЭКГ юракда қўзғалишни ўтказиш қай тарзда бузилганлигини аниқлаш имконини беради. Масалан,Р-Q оралиғи қўзғалишни бўлмалардан қоринчаларга ўтказишга сарфланадиган вақтни белгилайди ва 0,12-0,18 с га тенг бўлиши керак.
Нормал шароит (патология бўлмаган) да юракнинг электр ўқи унгдан чапга, юқоридан пастга йўналган ва “ўнг қўл-чап қўл” (Эйнтховен учбурчагининг горизантал) чизиғига нисбатан +20-+70 бурчак ҳосил қилган. Бундай ҳолат (позиция) нормограмма дейилади. Бунда R тиши II>I>III .
Юрак горизонтал жойлашганда ва чап қоринча гипертрофиясида электр ўқи чапга силжийди. Бунда горизантал чизиқ билан бурчак 20 дан кичик ва I узатилишда R тиши амплитудаси энг катта бўлади. Бу левограмма.
Ўнг қоринча гипертрофиясида электр ўқи ўнгга силжийди (правограмма), бурчак 70 дан ошади ва R тишининг амплитудаси III узатишда энг катта бўлади.
Шундай қилиб, стандарт усуллар юракнинг кўкрак қафасидаги “силжишларини”, синус ритми-ритмнинг табиий бошқарувчиси мавжудлигини, миокарддан қўзғалиш ўтказилиши патологиясини, турли экстрасистола, аритмиялар, юрак типирчилаши в.б. ни аниқлашга имкон беради.
Q-S интервалининг ошиши қоринчалар миокардида ўтказилиш бузилганидан дарак беради.
Q-T қоринчалар электр систоласи – қоринчалар қўзғалганлиги давомийлигини билдиради.
Тишларнинг тавсифи, конфигурацияси миокард патологиясини билдиради, жумладан Т тишининг пастга йўналиши (манфий бўлиши) миокард ишемиясини, Q, S тишларининг чуқурлашуви миокард инфаркти ( миокард некрози) ни кўрсатади.
Юракда мушак тўқимаси миқдори камайган (миокард дистрофияси, миокард склерози) да барча узатишларда тишлар амплитудаси пасаяди.
Юрак фаолиятини баҳолаш мақсадида клиникада эхокардиография усулидан ҳам кенг фойдаланилади. Бу усул импульсли ультратовушнинг акс эттирилган сигналларини ёзиб олишга асосланган юрак механик фаолияти ва структураларини текшириш усулидир. Танага юборилган ультратовуш товушга қаршилиги турлича бўлган тўқималардан акс эттирилади ва эхокардиограф томонидан қабул қилинади. Юрак тузилмаларидан келган эхосигналлар осциллограф экранида кўринади ва уларни фотопленкага ёзиб олиш мумкин. Эхокардиограмма (ЭхоКГ) қатор эгри чизиқлардан иборат бўлиб, бу чизиқлардаги ҳар бир нуқта юрак тузилмаларининг шу лахзадаги ҳолатини билдиради. ЭхоКГ доимо электрокардиограмма билан бирга ёзиб олинади.
Юрак цикли давомида миокард алоҳида қисмлари орасидаги потенциаллар фарқи ўзгариб туради, чунки деполяризация ва реполяризация жараёнлари миокарднинг ҳамма қисмларида бир вақтда содир бўлмайди. Ҳар бир муайян лахзада энг катта потенциаллар фарқига эга бўлган икки нуқтани бириктирувчи шартли чизиққа юракнинг электр ўқи дейилади. Ҳар бир лахзада юракнинг электр ўқи муайян ўлчам ва йўналишга эга, яъни вектор ўлчами хоссаларига эга. Потенциаллар фарқининг ўзгариши билан бир вақтда юракнинг электр ўқи йўналишининг ўзгаришини езиб олишга векторэлектрокардиография дейилади.
Электрокардиография юрак ритмининг ўзгаришини чуқур тахлил қилиш имконини беради. Соғлом кишиларда юрак қисқаришлари частотаси 60 дан 80 та гача , сийрак ритм брадикардияда – 40-50 та, тез қисқариш – тахикардияда – 90-100 дан ортиқ ва ҳатто бир дақиқада 150 та ва кўпроқ бўлиши мумкин. Брадикардия тинч ҳолатда спортчиларда, тахикардия шиддатли жисмоний иш ва эмоционал қўзғалиш вақтида кузатилади.
Ёшларда юрак қисқаришларининг ритми нафас билан боғлиқ ҳолда мунтазам ўзгариб туради – нафас аритмияси кузатилади. У шундан иборатки, ҳар бир нафас чиқаришнинг охирида юрак қисқаришлари сийраклашади.
Юракнинг баъзи патологик ҳолатларида қисқаришлар тўғри ритми навбатдан ташқари қисқариш – экстрасистола билан бузилади. Агар навбатдан ташқи қўзғалиш синоатриал тугунда рефрактерлик даври тугагач, аммо навбатдаги автоматик импульс пайдо бўлишидан олдин содир бўлса, синус экстрасистоласи кузатилади. Бундай экстрасистоладан кейинги пауза одатдагидай давом этади. Қоринчалардан бирида вужудга келган қўзғалиш туфайли содир бўлган қоринча экстрасистоласи ўзидан кейинги узоқроқ давом этадиган қоринчалар компенсатор паузасига сабаб бўлади,бунда бўлмалар одатдаги ритмда қисқаради. Паузанинг чўзилишига сабаб шуки , синоатриал тугундан келган навбатдаги импульс қоринчалар рефрактерлик даврига тўғри келади, қоринчалар унга жавоб бермайди. Рефрактерлик даври тугаб, бир мунча вақт ўтгандан сўнг, синоатриал тугундан иккинчи импульс келади ва унга жавобан қоринчалар қисқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |