Мавзу: Томирларда қон ҳаракати ва унинг бошқарилиши. Қон босими ва уни доимий сақловчи фаолий тизим.
Томирларда қон ҳаракати
Томирлар тизимида қон ҳаракатини ўрганувчи фан гемодинамика дейилади ва у физиканинг суюқликлар ҳаракатини ўрганувчи бўлими гидродинамиканинг бир қисмидир.
Гидродинамика қонунларига кўра, найдан оқиб ўтаётган суюқлик миқдори Q найнинг бошланғич қисми (Р1) ва охиридаги (Р2) босимлар фарқига тўғри мутаносиб, суюқлик оқимига қаршилик (R) га қарама-қарши мутаносибдир.
Q= (P1-P2 ) : R
Бу тенгламани одам томир тизимига татбиқ этганда, ковак веналарнинг юракка қуйилиш жойида босим нольга яқинлигини назарда тутиб, Q=P:R езиш мумкин. Бунда Q бир минутда юракдан оқиб чиқарилган қон миқдори, Р- аортадаги уртача босим, R -томирлар қаршилиги. Бу тенгламадан Р=Q x R аниқланади. Демак, аортанинг бошланғич қисмидаги босим бир минутда юракдан артерияларга чиқариладиган қон миқдори Q ва периферик қаршилик (R)га тўғри мутаносиб. Аортадаги босим (Р) ва қоннинг минутлик ҳажми Q ни ўлчаб, улар ёрдамида томирлар тизими ҳолатининг муҳим кўрсаткичи – четки қаршиликни ҳисоблаб чиқариш мумкин. Аммо томирлар тизими ўзаро параллель ва кетма-кет уланган кўп сонли алоҳида найчалардан иборат, уларнинг диаметрлари ҳар хил ва томирлар деворидаги силлик мушаклар қисқариши туфайли мунтазам равишда ўзгариб туради. Томирлар деворининг қаршилиги коннинг ёпишқоқлигига ҳам боғлиқ, ёпишқоқлик эса ўзгарувчандир. Томирлар тизимидаги капиллярларнинг фақат бир қисми одатда очиқ бўлиб, уларда қон ҳаракат қилади, қолганлари эса модда алмашинувининг кучайиб боришига қараб очилади.
Қон айланиши тизимининг турли қисмларидаги томирлар ўзларининг қон оқимига қаршилиги ва аъзолар ҳамда тўқималар орасида тақсимланадиган қон ҳажмига таъсири бўйича қуйидаги гуруҳларга бўлинади.
1. Компрессион камералар (амортизацияловчи)- аорта, ўпка артерияси ва йирик, магистрал артериялардан иборат бўлиб, диаметри катта бўлганлиги сабабли қон оқимига қаршилиги жуда кичик. Уларнинг девори эластик толаларга бой, шунинг учун юракдан қон келганда кенгаяди ва диастола вақтида ҳам босимни сақлаб, томирларда қоннинг узлуксиз оқишини таъминлайди. Систола вақтида юракнинг кинетик энергияси қон аортага отилиб чиқиши билан артериал томирлар деворининг эластик тарангланиш энергиясига ўтади. Систола тугаши билан артерияларнинг чўзилган девори аввалги ҳолатига қайтиб, қонни капиллярлар томон итаради ва диастола вақтида ҳам қон оқимини таъминлаб туради.
2. Қаршилик курсатувчи, ёки резистив (инглизча резистенс – қаршилик) томирлар -- майда артерия ва веналар, артериола, венулалар. Томирлар диаметрининг кичрайиб бориши билан улардаги қон оқимига қаршилик ошиб боради. Айниқса артериолаларда (диаметри 0,1 мм атрофида) қон оқимига катта қаршилик кузатилади. Артериолалар халқасимон мускул толаларига бой бўлганлиги сабабли диаметрини ўзгартириб тегишли соҳанинг қон билан таъминланиш даражасини аниқлаб туради. Бу томирлар турли аъзо ва тўқималар орасида қон оқимини тақсимланиш вазифасини бажарганлиги учун “тақсимловчи кран”лар ҳам дейилади. Шундай қилиб, артериолалар икки функцияни бажаради: организм учун зарур бўлган умумий артериал босим даражасини сақлашда ва у ё бу аъзода маҳаллий қон оқими катталигини бошқаришда иштирок этади.
3. Ҳажмли қон томирлар – вена қон томирлари умумий томирлар тизимида қон учун резервуар (эҳтиет идиш) вазифасини бажаради, босим уларда паст, қон оқимига қаршилик ҳам кичик (умумий қаршиликнинг 15-20% ни ташкил этади). Веналар кўп сонли ва катта узунликка эга бўлганлиги учун уларда ҳаракатдаги қоннинг 75% гачаси сақланади: қоннинг 15-20% ўпка веналарида, 50-55% катта қон айланиш доирасидаги веналарда бўлади. Вена томирларининг деворлари юпка ва чузилувчанлиги сабабли ўлчамлари тез ўзгариб, юракка оқиб келадиган қон миқдорини аниқлаб туради.
4. Артерио-веноз анастомозлар-артериола ва венулалар орасидаги (капилярларни четлаб ўтувчи) қўшилмалардир. Одатдаги шароитда бу анастомозлар берк бўлиб, қон капиллярлар туридан оқади. Анастомозлар очиқ булса қоннинг бир қисми капиллярларга кирмай, веналарга ўтиши мумкин. Демак артерио-веноз анастомозлар капилляр қон айланишини бошқариб турувчи шунтлар ролини ўйнайди. Анастомозлар қўл бармоқлари, оёқ, қулоқ супралари терисида кўп бўлиб, ҳароратни бошқаришда иштирок этади.
5. Алмашинув ёки хақиқий капиллярлар жуда кўп бўлиб, артериола ва венулалар орасидаги турни ҳосил қилади ва қон айланишининг асосий функциясини бажаради. Капиллярлар девори бир қават эндотелиал ҳужайралардан иборат бўлиб, молекулаларнинг қондан тўқима суюқлигига ва аксинча ўтишини таъминлаб туради.
Томирлар тизимидаги қон ҳажми юракнинг диастола вақтида тўлишини ва систолик ҳажмни аниқлайди. Катта ёшли одамда қон умумий ҳажмининг 84% қон айланишининг катта доирасида, 16% кичик доирасида бўлади. Қон айланиши катта доирасидаги артерияларда 18% қон бўлади, шундан 3% артериолаларга тўғри келади. Капиллярларда 6%, веналарда қоннинг 64% бўлади.
Маълумки, юрак ритмик қисқариб туради,шунинг учун қон юракдан айрим бўлаклар шаклида отилиб чиқади. Аммо томирлар тизимида қон узлуксиз оқим ҳосил қилиб ҳаракатланади. Томирларда қоннинг узлуксиз оқишида артериялар деворининг эластиклиги ва майда қон томирлардаги қон оқимига қаршилик сабаб бўлади. Мана шу қаршилик туфайли қоннинг бир қисми диастола вақтида ҳам йирик артерияларда қолади ва улар деворининг чўзилишига олиб келади. Йирик томирларни систолик ҳажм ҳам кенгайтириб, томир деворларининг чўзилишига сабаб бўлади. Диастола пайтида артериялар девори эластиклик қобилияти туфайли нофаол бўшашади ва унда йиғилган потенциал юрак энергияси қонни ҳаракатлантиради. Шундай қилиб, ҳам систола, ҳам диастола пайтида томирларда қонни ҳаракатлантирувчи бирдан-бир куч юрак қисқаришларидир.
Қоннинг веналарда ҳаракати ҳам юракнинг қолдиқ кучи билан амалга оширилади ва қуйидаги қўшимча омиллар уни енгиллаштиради:
а) кўкрак қафасида босим манфийлиги туфайли, унинг сўриб олиш хусусияти;
б) қорин бўшлиги билан кўкрак бўшлигидаги босим орасидаги фарқ;
в) диастола вақтида юракнинг ўзида вужудга келадиган сўриш қобилияти,
г) скелет мускуллари ва ичак деворидаги мушаклар қисқаришлари ҳам юпқа деворли веналарни сиқиб, улардаги қоннинг юрак томонга оқишини енгиллаштиради. Веналарда қоннинг тескари томонга оқишига эса улардаги клапанлар қаршилик қилади.
Қон оқимининг чизиқли ва ҳажм тезиклари мавжуд. Чизиқли тезлик қон ҳужайраларининг томирда силжиш тезлиги, яъни вақт бирлигида босиб ўтган йўлини ифодалайди. Чизиқли тезлик ҳатто бир томирнинг ўзида бир хил эмас. Оқимнинг марказида чизиқли тезлик максимал, томир девори енида эса, қон заррачаларининг томир деворига ишкаланиши айниқса катта бўлгани учун, минималдир. Одатда муайян томирлардаги тезлик дейилганда қон оқимининг ўртача тезлиги назарда тутилади. Қон оқимининг чизиқли тезлиги қон айланиш доираси бошланғич ва охирги қисмларидаги босимлар фарқи ва қон томирлар кундаланг кесими йиғиндисига боғлиқ. Босимлар орасидаги фарқ билан тезлик тўғри мутаносиб, томирлар кундаланг кесимининг умумий юзаси билан тезлик тескари мутаносибдир. Шунинг учун қон оқимининг энг катта чизиқли тезлиги аортада бўлади. Аортада систола пайтида тезлик 500-600 мм\с га тенг. Капиллярларга томон тезлик пасайиб бориб, 0,5 мм\с га етади. Қон ўрта калибрли веналарда 100 мм\с, кавак веналарда 200 мм\с тезлик билан оқади.
Вақт бирлигида томирнинг кундаланг кесимидан оқиб ўтадиган қон миқдорига қон оқимининг ҳажм тезлиги дейилади. Юракдан оқиб чиқадиган қон миқдори унга келадиган қон миқдорига тенг. Шунинг учун бир минутда аорта ёки кавак веналар орқали ва ўпка артерияси ёки ўпка веналари орқали ўтадиган қон ҳажми бир хил. Бундан англашиладики, қон айланиш катта ва кичик доирасининг бутун артериал тизими ёки барча артериолалари орқали ёхуд барча капиллялари ёки бутун веноз тизими орқали бир минутда ўтган қон ҳажми бир хил.
Алоҳида аъзолардаги қон оқимининг тезлиги мазкур аъзодаги томирлар турининг ривожланганлик даражаси ва фаолиятининг жадаллигига боғлиқ. (Жадвал №1) Аъзолар ишлаётганда улардаги томирлар кенгаяди ва натижада қон оқимига қаршилик пасаяди, демак ишлаетган аъзоларда қон оқимининг ҳажм тезлиги ошади.
Аъзоларда қон оқими катталиги (100 г массага )
Жадвал№1.
Аъзо
|
Қон оқими, мл\мин
|
Қалқонсимон без
|
560
|
Буйраклар
|
420
|
Жигар
|
150
|
Юрак (тожсимон томирлар)
|
85
|
Талоқ
|
70
|
Мия
|
65
|
Ичаклар
|
50
|
Меъда
|
35
|
Қўл ва оёқ мушаклари (тинч ҳолатда)
|
2-3
|
Қон оқимининг ҳажми ва чизиқли тезлигини аниқлаш учун бир қанча усуллар таклиф этилган. Улардан энг аниғи ультратовушдан фойдаланадиган усулдир. Бунда артерияга бир-бировидан муайян масофага механик тебранишларни электр тебранишларга ва тескари айлантирувчи иккита пластинка қуйилади. Биринчи пластинкага берилган юқори частотали ток ультратовушга айлантирилади ва бу ультратовушни қон оқими иккинчи пластинкага етказиб беради. Ультратовуш тўлқинлари қон оқими бўйича ва тескари йўналишда, яъни оқимга қарши қандай тезлик билан ўтказилишига асосланиб оқим тезлиги аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |