Ҳужайралараро суюқлик
Таркиби қон плазмасиникига яқин бўлган тўқима суюқлиги гавда массасининг 16% ни ташкил қилади. Бу суюқликда оқсиллар кам 1,8-2,0%. Шунинг учун тўқима суюқлигининг онкотик босими (с.у. 4,5мм) плазманинг онкотик босимидан (с.у. 25мм) бир неча марта паст. Натрий ва калий катионлари, бикарбонатлар миқдори ҳужайрааро суюқлик ва қонда деярли тенг, кальций, магний ва органик анионлар тўқима суюқлигида камроқ.
Тўқима суюқлигининг рН, ундаги кислород, карбонат ангидрид, глюкоза ва бошқа моддалар миқдори аъзоларнинг фаоллигига боғлиқ.
Қон плазмаси ва тўқима суюқлиги ўртасида узлуксиз равишда сув, электролитлар ва органик моддалар алмашинуви содир бўлиб туради. Бу суюқлик миқдори ва таркиби барқарорлигини волюмо- ва осмо- бошқариш механизмлари таъминлаб туради.
Тўқима суюқлигидаги сув қон капиллярларидаги плазма билан мунтазам алмашиниб туради. Капиллярнинг артериал қисмида қоннинг гидростатик босими плазма оқсиллари онкотик босимидан ва тўқима суюқлиги гидростатик босимидан баланд, шунинг учун сув фильтрланиб қондан тўқима суюқлигига ўтади. Капиллярнинг веноз учида қоннинг гидростатик босими пасаяди, плазмада оқсиллар концентрацияси ошади, демак, онкотик босим кўтарилади ва сув қайтиб тўқима суюқлигидан қонга ўтади.
Тўқима суюқлигида бириктирувчи тўқиманинг қатор ҳужайралари –фибробластлар, фиброцитлар, мастоцитлар, макрофаглар ва лимфоцитлар мавжуд бўлиб, улар физиологик фаол моддалар – ферментлар, гепарин, биоген аминлар ажратиш йўли билан тўқима суюқлиги, ҳужайралар микро муҳити, қон ва лимфа капиллярлари ҳолатини бошқариб туради.
Тўқимааро бўшлик еки ҳужайрадан ташқи ички муҳитнинг ҳужайралар ташқи юзасига бевосита тегиб турадиган қисми ҳужайралар микро муҳити дейилади. Айнан мана шу муҳитда ҳужайралар яшайди ва бу муҳит ҳужайрадаги метаболик жараенлар билан тўғридан-тўғри боғланган. Организм ички муҳитида моддалар ташилиши қуйидаги йўллар билан содир бўлиши мумкин: қон→тўқима суюқлиги→лимфа→қон; қон→тўқима суюқлиги→ҳужайралар микро муҳитича→ҳужайралар; ҳужайра→ҳужайра микро муҳити→тўқима суюқлиги→лимфа→қон.
Ҳужайралар микро муҳитида аминокислоталар ва ёғ кислоталари йиғилиб, ҳужайрадаги пластик ва энергетик жараёнлар учун зарур бўлган захирани ташкил этади. Микро муҳитдаги медиаторлар ва гормонлар ҳужайра функциялари ва метаболизми бошқарилишида иштирок этади. Микро муҳит хоссаларининг ўзгариши бу гуморал омилларнинг ҳужайра мембранаси рецепторлари яқинида бўлган концентрациясини ўзгартириши, яъни улар таъсири самарадорлигини ўзгартириши мумкин.
Ҳужайралар мембранаси нафақат микро муҳитдаги ферментларни, балки ички муҳитдаги антигенларни ҳам боғлаб олади. Шунинг учун ҳужайралар микро муҳити иммунитет жараенлари содир бўладиган муҳим жойдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |