Иммунитет
Организм ҳаёти учун муҳим бўлган иммунитет номахсус ва махсус механизмлар орқали амалга оширилади. Номахсус механизмларга тери, шиллиқ пардалар барьер функцияси, буйраклар, ичак ва жигар айирув функцияси, лимфа тугунларининг лимфани фильтрлаши киради. Қон плазмасидаги гамма-глобулинлар (нормал антителолар), интерферон, лизоцим, пропердин ва бошқа ҳимоя моддалари ҳамда фагоцитоз ҳам иммунитетнинг номахсус механизмларига киради. Махсус механизмлар эса, муайян ёт агентлар-антигенлар таъсирига жавобан лимфоцитлар томонидан махсус гуморал ва ҳужайра иммунитетининг яратилишидан иборат.
И.И.Мечников фагоцитознинг куйидаги боскичларини ажратган:
1) фагоцит (фагоцитозни амалга оширувчи ҳужайра) нинг фагоцитланадиган тузилмага якинлашуви,
2) ёт тузилманинг фагоцит мембранаси билан боғланиши (контактга кириши),
3) ёт тузилманинг ютилиши,
4) фагоцитланган тузилманинг ҳазм қилиниши еки емирилиши.
Барча фагоцитларга амёбасимон ҳаракатланиш хос. Лейкоцитнинг ёт тузилма билан боғланиши адгезия дейилади. Фақатгина адгезияланган еки боғланган лейкоцитлар фагоцитоз қобилиятига эга. Фагоцитлар ҳатто узоқдаги сигналларни қабул қила олади, шикастловчи таъсиротларни фагоцитнинг махсус рецепторлари сезади. Фагоцитнинг ҳаракати ҳам актин ва миозиннинг хамкорлигида содир бўлади. Псевдоподиялар янги жойга бирикиб олиб, фагоцитни шу томонга тортади. Томир деворига епишиб олиб, фагоцит ўз ёлғон оёқчалари билан томир деворини тешади ва томирдан чиқиб, тўқималарда ҳаракатланади. Фагоцит ичида ёт ҳужайра ёки микроб емирилса, бу жараенга тугалланган фагоцитоз дейилади. Аммо баъзан фагоцит томонидан камраб олинган микроб унинг ичида яшаши ва ривожланиши мумкин, бундай фагоцитоз тугалланмаган фагоцитоз дейилади. Бу ҳодиса туберкулез, гонорея, баъзи вируслар чақирган касалликларда кузатилиши мумкин.
Ҳимояланиш реакцияларида, яллиғланишларнинг кечишида бактериялар ва бошқа ҳужайралар мембранасининг емирилиши (эритилиши) да комплемент тизими муҳим аҳамиятга эга. Комплемент 20 дан ортиқ оқсиллардан иборат ферментлар тизимидир. Комплемент фаоллашганда ёт ва қариган ҳужайралар емирилиши кучаяди, фагоцитоз ва иммун реакциялар фаоллашади, томирлар деворининг ўтказувчанлиги ошади, қон ивиши тезлашади ва оқибатда патологик жараен тезроқ тугалланади.
Иммунитет организмнинг ўзида ҳосил бўладиган еки унга ташқаридан кирадиган ва ёт деб баҳоланадиган агентлар билан учрашганида гомеостазни сақлашга қаратилган реакциялар комплексидир. Иммун реакцияларни келтириб чиқарадиган, мазкур организм учун ёт бирикмалар антигенлар деб аталади. Антиген таъсири остида организмда антитело ҳосил бўлади.
Иммунитетда иштирок этувчи аъзоларни тўрт гуруҳга ажратадилар:
1) марказий – тимус ёки айрисимон без, ҳозир бу гуруҳга қизил кўмик ҳам киритилади;
2) четки – ёки иккиламчи – лимфа тугунлари, талоқ, лимфоэпителиал тузилмалар тизими, бу тизим турли аъзолар шиллиқ пардасида жойлашган;
3) барьер ортидаги – МНТ, мояклар, кўзлар, тимус паренхимаси ва ҳомиладорлик вақтида ҳомила;
4) барьер ичидаги – тери.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳужайра иммунитети ва гуморал иммунитет мавжуд. Ҳужайра иммунитети ёт ҳужайралар ва тўқималарни йўқотишдан иборат ва Т-киллерлар фаолияти билан боғлиқ. Кўчириб ўтказилган аъзолар ва тўқималарнинг, жумладан терининг, организм томонидан некрозга учратилиши бунга яққол мисолдир. Гуморал иммунитет антителолар ҳосил бўлиши билан таъминланади ва асосан В-лимфоцитлар фаолиятига боғлиқ. Иммун реакцияларда интерлейкинлар (ИЛ) муҳим ўрин тутади. ИЛ иммун реакцияда лейкоцитлар алоҳида турларининг узаро хамкорлигини таъминлайди. Гуморал иммунитетни таъминловчи антителолар еки иммуноглобулинларнинг беш синфи ажратилади.
Иммун реакцияларнинг тавсифи кўп жиҳатдан нерв ва эндокрин тизимларга боғлиқ. Бош миянинг турли пўстлоғ ости структуралари (таламус, гипоталамус, кўлранг буртма) таъсирланиши киритилган антигенга жавобан иммун реакцияни кучайтириши ва тормозлаши мумкинлиги аниқланган. Симпатик нерв тизимининг қўзғалиши ва организмга адреналин юборилиши фагоцитоз ва иммун реакцияни кучайтиради. Парасимпатик нерв тизими тонуси кўтарилганда тескари натижа кузатилади. Сўнгги йилларда аниқлангани бўйича гипофиз ва эпифиз махсус моддалар –цитомединлар ердамида тимус фаолиятини назорат қилиб туради. Аденогипофиз асосан ҳужайра иммунитетини, нейрогипофиз эса гуморал иммунитетни бошқаради.
Сўнгги вақтда организмда икки (нерв ва гуморал) бошқарув тизими эмас, балки уч тизим – нерв, гуморал ва иммун тизим мавжуд деган таҳминлар айтилмоқда. Иммунитет ҳужайралари морфогенезга аралашади ҳамда физиологик функциялар кечишини бошқариш қобилиятига эга. Т-лимфоцитларнинг тўқималар регенерациясига таъсири, макрофаглар ва Т-лимфоцитларнинг эритропоэз ва лейкопоэзга таъсири хеч кимда шубҳа тўғдирмайди. Лимфоцитлар, моноцитлар ва макрофаглар ишлаб чиқарадиган лимфокинлар ва монокинлар марказий нерв тизими, юрак-томир тизими, нафас ва ҳазм аъзолари, силлиқ ва кундаланг-таргил мускуллар қисқарувчанлигини ўзгартириш хоссасига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |