5.4.Сўров методи. Анкета сурови. Анкета кўринишлари ва уларнинг тавсифи. Сўров методи- Сўроқ методлари ижтимоий психологик тадқиқотларда кенг қўлланилади, айниқса, анкета сўрови ва интервью методлари. Ёзма сўроқ ёки анкетанинг афзаллиги шундаки, унинг ёрдамида бир вақтнинг ўзида кўпгина одамлар фикрини ўрганиш мумкин бўлади. Унга киритилган саволлар, улардан кутиладиган жавоблар (ёпиқ анкета), ёки эркин ўз фикрини баён этиш имкониятини берувчи (очиқ анкета) сўровномалар аниқ ва равон тилда жавоб берувчилар тушуниш даражасига монанд тузилган бўлса, шубҳасиз, қимматли бирламчи материаллар тўпланади. Сўроқнинг ҳам эркин ва стандартлаштирилган шакллари мавжуд бўлиб, биринчисида олдиндан нималар сўралиши қатъий белгилаб олинмайди, иккинчи шаклида эса, хаттоки, компъютерда дастури ишлаб чиқилиб, минглаб одамларда бир хил талаблар доирасида сўроқ ўтказилиши назарда тутилади. Бу методларни қўллашни қатор методологик қийинчиликлари мавжуд, чунки, бу ерда доим шахслараро ўзаро муносабатлар, ўзаро таъсир шакллари мавжуд бўлиб, тадқиқотчининг субъектив муносабатларини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Тадқиқот мобайнида шахслараро идрок ва субъектив бир-бирини тушунишга қаратилган барча қонуниятлар ишлайди. Шунга қарамай, жуда кўп ижтимоий психологик маълумотларни тўплашда сўроқ методлари энг қулай усуллар сифатида ишлатиб келинмокда. Шундай қилиб, сўроқ методлари тадқиқотчи билан текширилувчининг бевосита (суҳбат, интервью) ёки билвосита (анкета) мулоқоти туфайли бирламчи маълумотлар тўплаш усулидир. Одамлар тилидан ёзма ёки оғзаки тарзда олинган фикрлар маълумотларнинг манбаи бўлиб хизмат қилади. Энг яхши суҳбат ёки интервью бу бевосита, эркин фикр алмашинуви шароитида ўзаро фикр алмашинувига қаратилган мулоқотдир. Чунки суҳбатдан фарқли, интервью аниқ муаммо доирасида, қатьий бир йўналишда олиб борилади. Интервью олувчи суҳбатдошга нисбатан нейтрал мавқеда бўлиб, унинг фикрлашига халақит бермаслиги, айниқса, унга тазъйиқ ўтказмаслиги лозим. Интервью жараёнининг самарали кечиши учун суҳбатдошда ўзига нисбатан ижобий муносабат шакллантириб, биринчи сўзларни аниқ, равон, ифодали баён қилиш муҳимдир. Интервью ўтказишга одам махсус равишда тайёргарлик кўриши керак, чунки у одамдан қатор муҳим сифатларнинг бўлишини талаб қилади. Шунинг учун ҳам ижтимоий психологияда "ролли ўйинлар" методи ёрдамида психолог ёки социологлар махсус тайёргарлик курсидан ўтадилар.
Анкета усули-анкета методи ҳаммага таниш бўлган усуллардан бири. Лекин кўпинча анкетани ўтказган одам унинг тузилиши қанчалик қийинлигини ёки олинган маълумотларни қайта ишлаб, шархлаш қийинлигини 40 тасаввур қилмайди. Юқорида қайд этилганидек, анкетага киритилган саволларга кўра анкета очиқ ва ёпиқ турларга бўлинади. Очиқ анкета респондентдан ўз фикрини билганича баён этишни талаб қилади, ёпиқ шаклдаги анкета саволларининг эса жавоблари берилган бўлиб, текширилувчи ўзига маъқул бўлган, қарашлари, фикрлари билан мос бўлган жавобни беради. Очиқ саволларнинг камчилиги респондентларнинг ҳар доим ҳам қўйилган вазифага етарли даражада масъулият билан қарамаганлиги ҳамда ёзилган жавобларни статистик ишлов беришдаги қийинчиликлар бўлса, ёпиқ анкетада респондентга текширилувчи томонидан ўз фикрига эргаштиришга ўхшаш ҳолат ёки ҳар доим ҳам ҳамма саволнинг барча жавоб вариантларини топиб бўлмасликдир. Шундай ҳолатларда респондент ё умуман жавоб бермаслиги ёки таваккал бир вариантни белгилаб бериши мумкин. Шунинг учун ҳам охирги пайтда ярим ёпиқ саволлардан иборат анкеталар тузилмоқдаки, уларда жавоб вариантларидан ташқари, яна қўшимча фикр билдириш учун қўшимча қаторлар қолдирилади. Одатдаги анкета тузилиши жиҳатдан уч қисмга бўлинади:
1. Кириш қисми ёки “респонденга мурожаат" деб аталади. Бу қисмда одатда тадқиқот ўтказаётган ташкилот номи, оддий тилда тадқиқот мақсадлари ва уларнинг қандай фойдаси борлиги, текширилувчининг шахсий иштироки нима бериши, олинган маълумотларнинг умумлаштирилган ҳолда ишлатилиши (анонимлилик), анкетани тўлдириш йўллари ва бошқалар ёзилади. Йўриқнома — мурожаатнинг қанчалик яхши ёзилганлиги бевосита текширилувчининг ишга бўлган муносабатига боғлиқдир.
2. Асосий қисм. Бунга саволлар киритилади, лекин саволлар тартибига ҳам эътибор бериш керак, чунки бошидан бошлаб қийин саволлар берилса, бу нарса репондентни чўчитиб қўйиши, ҳаттоки, тўлдирмасдан, анкетани қайтариб беришига мажбур қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун бошида енгил, холис саволлар бериб, текширилувчини қизиқтириб олиб, кейин қийинроқ, психологик саволларга ўтиш, охирида яна “нейтралроқ" саволлар бериш мақсадга мувофиқ.
3.Якуний қисм ёки “паспортичка" респондентнинг шахсий сифатидаги объектив маълумотларни олишга қаратилган бўлиб, унда шахснинг жинси, ёши, оилавий аҳволи, касб-кори ва бошқалар сўралади. Анкеталар тарқатилиш услубига кўра, қўл билан тарқатиладиган, почта орқали юбориладиган, газета ёки журналлар орқали тўлдириладиган формаларга бўлинади. Тўпланган маълумотларга, одатда, статистик қайта ишлов берилади ёки улар компьютерлар ёрдамида анализ қилинади.
Анкета-берилган саволларга ёзма жавоб олиш-икки хил бўлиши мумкин. Сиз "эркин жавоб" (жавоб ҳар қандай шаклда ёзилган) ва "танланган жавоб" (олдиндан тайёрланган жавоблардан бирини таъкидлаш керак) тури бўйича сўров ўтказишингиз мумкин. Сўровноманинг биринчи тури суҳбатдошнинг ташаббусини чекламайди, лекин бажариш учун кўпроқ вақт талаб қилади ва аниқ жавобни кафолатламайди. Сўровноманинг иккинчи тури қайта ишлаш учун қулайроқ, улар тезроқ тўлдирилади, лекин экспериментатор томонидан тақдим етилмаган жавоблар имкониятини чеклайди.