Бошқарувнинг ижтимоий-психологик усуллари - бу ишлаб чиқарувчи ва айрим шахсларга уларнинг ижтимоий эҳтиёжлари ва психологик ҳусусиятларига таъсир этиш билан бошқариш воситасидир. Бошқарувнинг ижтимоий- психологик усулларини қўллаш корхонада юз бераётган ижтимоий ходисаларни чуқур ўрганиш ходимлар кайфиятига таъсир этувчи психологик (руҳий) омилларни билишни талаб этади. Бошқарувнинг ижтимоий-психологик усуллари ишлаб чиқаришда мавжуд ижтимоий механизмни (ўзаро муносабат тизими, ижтимоий эҳтиёжлар) қўллашга асосланади. Бошқарувнинг ижтимоий усуллари ижтимоий тартибга солиш воситасида амалга оширилади. Ижтимоий тартибга солиш усуллари турли гуруҳлар ва шахслар мақсади ва манфаатларини аниқлаш ва ростлаш йўли билан ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ва уйғунлаштириш мақсадида қўлланилади. Бошқарувнинг психологик усуллари жамоада мақбул психологик ҳолат ташкил этиш йўли билан кишилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгандир. Психологик усулларга кичик гуруҳ ва жамоаларни ташкил этиш, меҳнатни инсонийлаштириш, малакали кадрлар танлаш ва уларни ўқитиш ва ҳ.к.лар киради.
Бошқарув муаммоларини тартибга солишда бир қанча ёндашув ва услублардан фойдаланилади:
Тизимли ёндашув бошқарув муаммоларини тартибга солиш услуби сифатида қўлланилади. У орқали муаммоларни туркумлаш амалга оширилади, ечимлар мақсади аниқланади, вариантлар танланади, муаммолар элементлари ўзаро боғлиқлиги ҳамда уларнинг ечимига таъсир этувчи омиллар ва шароитлар белгиланади.
Моделлаштириш – тизимнинг кўриниш шакли, ҳусусиятларини, ўзаро алоқаларини, функционал ва структуравий кўрсаткичларини акс эттирувчи моделларни қўллашга асосланади.
Бошқарув муаммоларини ечишда ўйинлар назарияси, навбатлар назарияси, заҳираларни бошқариш, чизиқли дастурлаштириш, имитацион ва иқтисодий таҳлил моделлари кенг қўлланилади. Улар менежментнинг яна бир муҳим дастаги бўлмиш иқтисодий-математик услубларни қўллаган ҳолда бошқаришнинг кўп сонли масалаларини ечиш имконини беради.
Тажриба ўтказиш услубида тажриба асосида ташкилотнинг мақсадлари ва вазифаларини ечиш учун фойдаланиш зарур бўлган илмий асосланган янгиликларни аниқлаш амалга оширилади. Эксперимент – бу у ёки бу гипотезаларни, янгиликларни ва корхона бошқарув тизимидаги ўзгаришларни текшириш ёрдамида тайёрланган мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган қўлланма асосида ўтказиладиган илмий тажриба ҳисобланади.
Социологик тадқиқотлар услуби. Социологик тадқиқотлар ташкилот ходимлари эҳтиёжлари ва қизиқишлари, одамлар ва гуруҳлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тавсифи, кадрлар тузилиши натижасида шаклланган маданият тури ва ташкилотнинг бошқа ривожланиш омиллари тўғрисида ахборотларни тўплаш ва қайта ишлаш йўли билан ўтказилади. Бунга интервью, анкета ўтказиш, кузатиш, ўз-ўзини кузатиш, ҳужжатларни ўрганиш кабилар киради.
Ёндашувлар, услублар ва усуллар аниқ ёки махсус услублар деб номланади:
аниқ услублар турлари;
функционал кичик тизимларни бошқариш услублари;
менежмент функцияларини бажариш услублари;
бошқарув қарорларини қабул қилиш услублари.
Биринчи йўналиш ташкилот тузилмаси билан боғлиқ (маркетинг, инновация, ишлаб чиқариш, молия, ходимлар, ресурслар).
Иккинчи йўналиш бошқарув функциялари билан боғлиқ.
Учинчи йўналиш бошқариш жараёнини муаммоларни ечиш жараёнлари тўплами сифатида тасаввур қилишга асосланади. Шунга мос равишда ҳамма услублар қуйидаги гуруҳларга бўлинади: муаммоларни қўйиш услублари, муаммоларни ечиш услублари, қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ташкил этиш.
Бошқарув технологиялари. Бозор иқтисодиётида қўлланиладиган замонавий менежмент технологиялари маъмурий режалаштирилган иқтисодда қўланилган технологиялардан фарқ қилади. Масалан, ходимларни бошқариш аввалги кадрлар билан ишлаш тушунчасидан фарқ қилади. Бундан ташқари, корхонани бошқаришда бир қанча янги технологияларни, айниқса бозор муносабатлари ва рақобат билан талаб этилган технологияларни ривожлантириш зарурияти вужудга келди. Уларга молиявий менежмент, стратегик менежмент, маркетинг, инновацион менежмент, логистика таалуқли.
Бундай технологияларнинг уч турини ажратиш мумкин:
маъмурий технология;
ваколатларни тақсимлаш ва молиявий мустақилликка асосланган бошқариш технологиялари;
биринчи ва иккинчи ёндашувни бирлаштирадиган корхонани бошқаришнинг аралаш технологияси.
Бошқарув объекти нуқтаи-назаридан менежмент авваламбор рақобатбардош стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тежамли ўзгарувчан ташкилий структурани ва корхонани бошқариш технологиясини шакллантириш, корхонанинг муҳим фаолият соҳаларини бошқариш учун жавоб берадиган мутахассислар командасини танлаш қобилияти билан тавсифланади.
Бундан ташқари, корхона фаолиятининг алоҳида соҳаларини бошқариш ҳам ажратилади – махсус ёки объектли менежмент. Бунда аниқ соҳа борасида эга бўлган касбий билим билан жамоа ишини ташкил қилиш борасидаги менежерлик қобилиятларининг биргаликда олиб борилиши катта роль ўйнайди.
Бошқаришнинг асосий вазифаларидан бири натижага эга бўлиш, яъни раҳбар нафақат ўзи ишлаши, балки кўпроқ бошқаларнинг ишини ташкил қилиши керак. Кўпинча бошқарувда ходимларга таъсир кўрсатиш учун ишловчининг эгаллаб турган лавозими, бажариладиган иш тури, ўрнашиб олган бошқариш анъаналарини ҳисобга оладиган бир қанча технологияларнинг бирлиги қўлланилади.
Бошқарув технологияси – самарали бошқарув таъсирини ўтказиш санъати, тадбирлар тизими ва услублардир. Унга ахборотларни тўплаш ва қайта ишлаш йўллари, ишловчиларга самарали таъсир ўтказиш воситалари, бошқариш
тамойилларини аниқлаш, назорат тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш киради.
Бошқарув технологиялари объекти бўлиб ходим, ташкилот, жамият ҳисобланади. Ташкилотнинг ҳусусиятларидан келиб чиқиб мақсадлар бўйича, натижалар бўйича, эҳтиёжлар ва кизиқишлар асосида, текширишлар ва фармойишлар орқали, ихтисослик фаолиятини активлаштириш асосида бошқариш қўлланилади.
Уларнинг ҳар бирини қандай вазиятларда қўлланилиши алоҳида кўриб чиқилади:
Мақсадлар бўйича бошқариш бўлинмаларининг ҳамма мақсадлари ҳам асосланмаган ҳолатда; мақсадларни шакллантириш услуби бўлмаганда; мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг ҳужжатлаштирилган таҳлили бўлмаганда; ишчи мажлислар тайёргарликсиз ўтказиладиганда, мақсадлар ва вазифалар бир неча бор алмаштириладиган ҳолатларда қўлланилади. Мақсадлар бўйича бошқариш технологияси – янги ҳолатларни башоратлаш бўйича бошқаришдир. Унинг асосида ҳам ташкилот учун, ҳам ҳар бир ходим учун тузиладиган бизнес- режа туради.
Натижалар бўйича бошқариш: натижалар бўйича бошқариш технологияси олдинги қарор бўйича натижа олингандан кейингина бошқариш қарорларини қабул қилишга асосланади. Бунинг учун махсус ташкилий ва функционал тайёргарлик кўрилади – янги бўлинма таркибида таҳлил этувчи гуруҳ тузилади. Унинг таркибига психология ва социология, маркетинг, иқтисод соҳалари бўйича мутахассислар киритилади, бу гуруҳ учун бошқаришнинг матрицали структураси тузилади.
Эҳтиёжлар ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида бошқариш: ишловчиларнинг юқори қўнимсизлиги, қўл остидагилар томонидан қарши ҳаракатлар.
Махсус вазиятлардаги бошқариш: юқори малакали ходимларнинг кетиши, бошқариш тизимининг ҳаддан ташқари кенглиги, замонавий жиҳоз ва технологиялар.
Фаолиятни активлаштириш асосидаги бошқариш: ходимлар ташаббуссиз, моддий рағбатлантиришга катта эътибор, ишлаб чиқаришдаги низолар, ташкилотда ёшларнинг камлиги.
Систематик текширувлар ва фармойишлар асосидаги бошқариш: ходимлар ва бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг етарли бўлмаганлиги, буйруқларни бажаришда тезкорликнинг йўқлиги, тезкор назоратнинг йўқлиги. Доимий текширишлар ва фармойишлар орқали бошқариш технологияси қўл остидагилар ишини қаттиқ режалаштиришга асосланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |