Бошқариш услуллари, услублари, турлари ва технологиялари
Бошқарув жараёнида кўпгина турли хил усуллар, ёндашувлар ва услублар қўлланилади. Улар бошқариш вазифаларини, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган босқичлар, процедуралар ва жараёнларни бажаришни тартибга солиш, мақсадга йўналтириш ва самарали ташкил қилиш имкониятларини берадилар. Уларнинг ҳаммасини бошқариш услублари дейиш мумкин.
Бошқариш усуллари деганда, мақсадларни қўйиш ва уларга эришишда қўлланиладиган бошқарув фаолиятини амалга ошириш қоидалари тушунилади.
Бошқарув усуллари воситасида иқтисодий жараёнларга ва фармацевтик ишлаб чиқариш қатнашчиларига моддий, молиявий, энергия, меҳнат ресурсларини имкони борича кам сарф қилиб юқори натижаларга эришиш мақсадида таъсир этилади. Фармацевтик ишлаб чиқариш самарадорлиги кўп жиҳатдан бошқарув усулларининг мукаммаллиги ва тўғри шаклланлиги билан узвий боғлиқдир.
Бошқарув усуллари ташқи ва ички омиллар таъсирида ўзгаради. Ташқи омилларга: ташқи ва ички шароит ўзгариши, иқтисодиётни бошқаришда туб ислоҳатларни амалга ошириш, халқ хўжалигининг техникавий қуролланганлик даражасини бошқариш тизимида ўзгаришлар (иқтисодий ислоҳатлар, иқтисодиётни бошқаришнинг тармоқ тизимидан худудий тизимига ўтиш ва ҳ.к.) киради. Ички омилларга: жумласига йирик ишлаб чиқариш бирлашмаларини ташкил этиш асосида ишлаб чиқариш концентрациясини амалга ошириш; корхона катталиги ўзгариши натижасида унинг бир гуруҳдан иккинчисига ўтказилиши; ишлаб чиқариш ихтисослашиш даражаси ўзгариши; меҳнатнинг техника билан таъминланиш даражаси яхшиланиши; ишлаб чиқаришни режалаштириш ва жадал тартибга солишнинг мавжуд усулларини такомиллаштириш ва янгиларини жорий қилиш, (тармоқли режалаштириш ва
бошқариш; ишлаб чиқаришни узлуксиз тезкор режалаштириш, ишлаб чиқаришни бошқаришни автоматлаштирилган тизимини қўллаш ва ҳ.к.) киритиш мумкин.
Бошқарув усуллари бевосита ижтимоий-иқтисодий муносабатларга таъсир этувчи ишлаб чиқариш усули ривожланиши ва жамият ишлаб чиқариш кучлари ўсиши билан ўзгариб боради. Иқтисодиёт муваффақиятли ривожланишида бошқарув усулларини тўғри танлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бошқарувнинг иқтисодий усуллари. Бошқарувнинг иқтисодий усуллари кишиларга иқтисодий манфаатлар орқали таъсир кўрсатади. Иқтисодий усулларнинг моҳияти ходимлар ва ишлаб чиқариш жамоасига улар манфаати бўлишини таъминловчи иқтисодий шароит яратишдан иборатдир. Бошқарув усуллари тизимида иқтисодий усуллар етакчи ўринни эгалайди. Иқтисодий усуллар иқтисодий таъсир воситалари йиғиндисидан (нарх, кредит, бизнес-режа, фойда, солиқлар, иш хақи, иқтисодий рағбатлантириш ва ҳ.к.) иборатдир. Бошқарувнинг иқтисодий усуллари жуда кенг имкониятларга эга бўлиб, улардан моҳирона ўз вақтида ташкилий-фармойиш, ижтимоий-психологик ва ҳуқуқий усуллар билан қўшиб олиб борилган тақдирда яхши натижаларга эришиш мумкин.
Фармацевтик корхоналар, акционерлик жамиятлари, фирмаларда муҳим бошқарув усулларидан бири - бизнес-режалардир. У иқтисодий жараёнларни умуммиллий манфаатларни кўзлаб, хўжалик амалиётида объектив иқтисодий қонунлардан фойдаланиш асосида, онгли равишда, бир мақсадга интилган ҳолда бошқаришнинг ўзаро узвий боғлиқ тизимидан иборатдир. Бизнес-режа корхона, акционерлар жамияти, концернлар фаолиятининг ҳамма томонларини: маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш; моддий-техникавий таъминот ва ишлаб чиқариш фондларидан фойдаланиш, меҳнат ва иш хақи, жамоада ижтимоий жараёнлар ва ҳ.к.ларни қамраб олади. Бозор муносабатлари шароитида уларга режалаштириш борасида кенг ҳуқуқлар берилади.
Бошқарувнинг ташкилий-фармойиш усулари - иқтисодий усулларни тўлдириб, бозор иқтисодиёти қонунлари, ҳуқуқий далолатномаларни ҳисобга олиш ва бажаришга асосланади.
"Бошқарувнинг ташкилий-фармойиш усули" тушунчаси "маъмурий бошқарув усули" тушунчасидан бир мунча кенгдир, чунки ташкилий-фармойиш усуллари бошқарувнинг турли даражаларига турли кўламда ва шаклда ташкилий таъсир этишни ўрганиш масалаларини ҳам қамраб олади. Ташкилий-фармойиш усуллари ташкилий аниқликни таъминлайди, ташқи тизим, бошқарувнинг ҳар бир бўғини вазифаларини белгилаб беради, бошқарув тизим интизоми ва фаолияти самарадорлигини таъминлайди, ишда тартиб ўрнатади, қарор, фармойишларни бажаради, кадрларни танлайди ва жой-жойига қўяди ва ҳ.к. Бошқарувнинг ташкилий-фармойиш усуллари уларнинг ишлаб чиқарувчиларга таъсир этиш манбаалари ва йўналишлари бўйича турларга ажратилади. Бунга боғлиқ ҳолда таъсир этишнинг ташкилий-фармойиш усуллари уч гуруҳга бўлинади: ташкилий-барқарорлаштирувчи, фармойиш ва интизом.
Do'stlaringiz bilan baham: |