Назорат саволлари:
Амалий тадқиқотлар қандай масалаларни ҳал этишга йўналтирилган?
Тажриба–конструкторлик иши деганда нимани тушунасиз?
Илмий–тадқиқот ишлари қандай босқичлардан ташкил топади?
Тажриба–конструкторлик ишлари неча босқичда бажарилади?
Илмий–тадқиқот мавзуси нима ва у қандай танланади?
Илмий–техник ахборот нима ва у қандай қидирилади?
Илмий–техник ахборот манбааларига нималар киради?
Ахборотнинг “эскириши” нима?
Интернет нима?
Илмий–техник ахборотни таҳлил қилиш қандай тарзда амалга оширилади?
4–МАЪРУЗА НАЗАРИЙ ТАДҚИҚОТЛАР
Режа:
Математик моделлаштиришнинг асослари ва вазифалари.
Математик моделларнинг таснифланиши.
Математик моделларни олиш методикаси.
Таянч сўз ва иборалар: математик Модел, математик тил, математик масала, реал вазият, масала, жавоб, математик мантиқ, микродаража, макродаража, детерминистик, стохастик ёндошув, экспериментал–статистик услуб, кибернетик тизим, функционал, таркибий моделлар, топологик, геометрик, математик модел шакллари, моделлаштириш услублари.
4.1. Математик моделлаштиришнинг асослари ва вазифалари
Математик Модел–ўрганилаётган объектнинг асосий хоссаларини акс эттирувчи ва унинг ҳақидаги кўплаб ахборотни қулай шаклда тасвирловчи сунъий тизимдир.
Математик моделлар инсон фаолиятининг турли соҳаларига тобора кенроқ ва чуқурроқ кириб бормоқда ва тадқиқотларнинг сермаҳсул восита–лардан фойдаланиш имкониятини бермоқда. Шу сабабли фан ва техниканинг турли соҳаларидаги мутахассисларнинг математик маданияти ошиб бориши кузатилмоқда. Улар ортиқча қийинчиликсиз ҳисоблашларнинг умумий назарий қоидалари ва услубларини ўрганмоқдалар. Лекин, амалда у ёки бу тадбиқий масалани ечиш учун фақатгина математик билимларгагина эга бўлиш кифоя қилмайди–масаланинг берилган шартларини математик тилга ўтказа олиш ўқув ва кўникмаларини ҳам эгаллаши зарурдир, яъни реал амалий вазиятларда юзага келадиган математик масалаларни қўйиш услубларини ўрганиши керак.
Математик моделлаштиришнинг вазифаси “реал олам” ни математика тилида баён этишдан иборат бўлиб, бу унинг энг асосий хоссалари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради ва маълум маънода бўлажак воқеа–ҳодисаларни башорат қилиш мумкин бўлади. “Математик моделлаштириш” атамаси айнан мана шу ҳолатни акс эттиради.
Амалда, одатда бирор бир реал вазият бошланғич пункт бўлиб, тадқиқотчи олдига масала қўяди, масалага эса жавоб топилиши талаб этилади.
Кўп ҳолларда математик таҳлил қилиш мумкин бўлган масаланинг ажратилиш (қўйилиш) жараёни давомий бўлади ва у нафақат математик билимларга, балки реал вазияти математик модел орқали баён этилаётган соҳага оид билим ва кўникмаларга ҳам эга бўлишликни тақазо этади. 4.1–расмда математик моделни ишлаб чиқиш схемаси тасвирланган.
Реал вазиятни таҳлил қилиш натижасида математик тарзда баён қилиш мумкин бўлган масала қўйилади. Кўп ҳолларда масалани қўйиш билан биргаликда параллел ҳолда ҳодисанинг асосий ёки аҳамиятли хусусият–ларини аниқлаш жараёни ҳам боради. Бундан сўнг аниқланган аҳамиятли омиллар математик тушунчалар ва миқдорлари тилига ўтказилади, шунингдек, ушбу миқдорлар ўртасидаги нисбатлар белгиланади, натижада математик модел ҳосил бўлади. Одатда, бу моделлаштириш жараёнинининг энг қийин босқичи бўлиб, уни бажаришга доир хеч қандай умумий тавсиялар бериш мумкин эмас.
4.1–расм. Математик моделни ишлаб чиқиш схемаси
Математик моделни ишлаб чиқарилгандан сўнг уни текшириб кўриш зарур бўлади. Бу ерда шуни ҳам таъкидлаш лозимки, моделнинг адекватлилиги масалани қўйиш жараёнида ҳам маълум даражада текширилиб борилади. Чунки, модел асосига қўйилган тенгламалар ва бошқа математик ифодалар бошланғич реал вазият билан доимий равишда таққослаб борилади.
Моделнинг адекватлилигини текширишнинг бир неча жиҳатлари мавжуд. Биринчидан, моделнинг математик асоси зид бўлмаслиги ва математик мантиқнинг барча қонунларига бўйсуниши шарт. Иккинчидан, Модел бошланғич реал вазиятни адекват тарзда мужассамлаштириши керак. Лекин, бундай текширишда таклиф этилган маделнинг адеватлилиги ҳақидаги хулоса бирмунча даражада субъективдир. Модел объектни акс эттириши мумкин, лекин унинг ўзи бўлолмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |