53. Ёнғин хавфсизлиги қисми диспетчерлар (радиоалоқачилар)нинг касб тайёргарлиги /2/
Ёнғин хавфсизлиги қисмларида диспетчерларни тайёрлаш машғулотлари хизмат мажбуриятлари ҳисобланадиган билим ва тажрибаларни такомиллаштиришни назарда тутиши керак. Хизмат мажбуриятларини ўрганиш хизматдан бўш вақтда мустақил ҳамда бирлашган қисмларда ҳар чоракда 4 соатдан ўтказиб борилади ва касб тайёргарлиги бўйича якун ясалаётганда синов имтиҳонлари қабул қилинади.
Диспетчерларнинг билим ва тажрибаларини янада такомиллаштириш ҳар йил ИИВ, ИИБ ЁХБ бўлинмаларида 3 кунлик йиғинларда ўтказилади, йиғиннинг ўқув дастури шу ерда ишлаб чиқилади.
Шунга ўхшаш йиғинларни ИИВ, ИИБ ЁХБ билан келишган ҳолда халқ хўжалиги корхоналарини муҳофаза қилаётган ёнғин хавфсизлиги отрядлари, қисмлари ўтказишларига рухсат этилади. Бунда ўқув дастурини отряд бошлиқлари мустақил ишлаб чиқадилар.
54. Ёнғин ўчириш автомобили ҳайдовчиларининг касб тайёргарлиги/2/
Ёнғин ўчириш автомобиллари ҳайдовчиларининг касб тайёргарлиги навбатчи сменалар шахсий таркиби билан биргаликда ўтказилади.
Ҳайдовчиларнинг махсус тайёргарлиги хизмат ўташ ва хизматдан бўш вақтларда мустақил равишда ҳамда махсус тайёргарлик дастури бўйича қисмларда ойига 4-5 соатлик машғулотларда ўтказилади (5-илова).
Ҳайдовчиларнинг махсус агрегатларда ишлаш тажрибаларини мукаммаллаштириш махсус тайёргарликнинг амалий машғулотларида ҳамда жанговар ҳолатга яқинлаштирилган шароитларда ёнғин ўчириш амалий тактик машқ ва машғулотлари жараёнида амалга оширилади.
Қисмларда касб тайёргарлигига якун ясалаётганда ёнғин ўчириш автомобиллари ҳайдовчиларидан ўтилган мавзулар, йўл ҳаракати қоидалари ҳамда чиқиш тумани кўчаларининг жойлашишини ва корхоналарга ўтиш йўлларини, қисм муҳофаза қиладиган туман (корхона)нинг ёнғинга қарши сув таъминотини, ёнғин ўчириш жиҳозларини ва улар билан ишлашни билиши бўйича ҳар чоракда бир марта синов имтиҳонлари қабул қилинади, баҳолари ўқув журналида қайд этилади.
Гувоҳнома кучининг 3 йиллик муддати тугагандан сўнг ҳайдовчилар ИИВ, ИИБ ЁХБлари малака бериш ҳайъатига имтиҳон топширишга ва қайтадан шаҳодатдан ўтишга юборилади, бу тўғрида ёнғин ўчириш автомобилларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага қайд этилади.
Ёнғин ўчириш автомобиллари ҳайдовчиларининг техник даражасини ошириш ва йўл ҳаракати қоидалари ҳамда хавфсизлиги бўйича билимларини орттириш мақсадида улар билан уч йилда бир марта 10 кунгача давом этадиган йиғинлар ташкил этилади, бунда ИИВ, ИИБ ЁХБ лари малака бериш ҳайъатлари ёнғин ўчириш автомобилларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома кучи муддатини узайтириш учун имтиҳонлар қабул қиладилар.