Гувоҳлар ва шоҳидларнинг кўрсатмалари орқали маълумотлар йиғиш. Ҳужжатларни олиб қўйиш тартиби /2; 7/
Гувоҳлар-шоҳидларнинг кўрсатмалари – энг кенг тарқалган исботлаш манбаларидан биридир. Жиноят-процессуал қонунчилиги исботлашнинг бу турини бошқа исботлаш турлари билан бир қаторга қўяди. Шунинг учун ҳам гувоҳлар-шоҳидларнинг кўрсатмалари ёнғинлар бўйича ишларни олиб боришда ҳам ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун жуда кенг тарқалган воситалардан ҳисобланади.
Ёнғин ўчоғини аниқлашда гувоҳларнинг кўрсатмалари асосан улар ёнғинни бошланғич жараёнда аниқлаган бўлсалар – катта аҳамиятга эга. Гувоҳларга маълум бўлган тутун ва олов ҳиди, уларнинг ранги, товушлар, пақиллаш ва портлаш овозлари, уй ҳайвонларининг безовталаниши ва шу кабилар ҳақидаги маълумотлар ёнғин бўлган жойнинг муҳим жиҳатига, вақтига ва ишнинг бошқа ҳолатларига солиштириб кўрилиши лозим. Аввалига ёнишнинг барча белгилари ҳам тўғри қабул қилинавермайди, масалан, қуйидагилар: қуруқ ёғоч конструкцияларнинг жадал ёниши қаттиқ ёмғир ёки дўл овозига ўхшаб кетади; энди бошланган ёнғин тутунининг ҳидини иситиш асбобларининг носозлиги билан боғлашади, бирор-бир ишлар амалга оширилмоқда деб ўйлашади, лекин ҳеч қачон ёнғин бошланган дейишмайди. Бундай маълумотларни ҳисобга олиш ва тадқиқот қилиш чоғида уларнинг вақти, пайқалган жойи, қаердан туриб сезилган жойи, давомийлиги аниқланиши лозим, шунингдек бу белгилар ёнғин аниқлангандан кейин айнан қандай кўринганлиги (эшитилганлиги) ҳақидаги маълумотлар ҳам.
Гувоҳларни сўроқ қилаётган терговчи шоҳидлар ёнғин пайтида айнан қайси ҳолатни кузатганликларини яққол кўз олдига келтира олиши лозим. Ушбу мақсадда, агар ёнғин бўлган жойда зарур ишларни амалга оширишнинг ёки фотосуратлардан, режалардан ва бино чизмаларидан фойдаланишнинг имкони бўлмаса, унда ёнғин бўлган бинонинг фасадини, қисмларини, хона режасини оддийгина қилиб чизма кўринишида тасвирлаш жуда фойдалидир. Чизмада эса гувоҳ қайси жойдан (эшиклар, деразалар, дарвозалар) тутун ёки олов чиққанлигини, қарсиллаш ва бошқа овозлар қайси хонадан ёки конструкциялардан чиққанлигини кўрсатади.
Ишга киришган терговчи кўпинча маҳаллий хусусиятлардан хабари бўлмайди, ёнғин бўлган объектнинг чизмаси ва бошқа деталларини унчалик яхши билмайди. Ёнғин натижасида бирламчи ҳолат умуман сақланмай қолиши ҳам мумкин. Чизмалар билан бириктирилмаган тушунтиришлар эса объектнинг барча деталларини кўз олдига келтириши қийин бўлган одам томонидан тўғри қабул қилиши мушкулдир. Бу эса жуда муҳим.
Гувоҳлар томонидан ёнғиннинг бошланғич босқичи тўғрисида берган маълумотларини ёнғин чиққан ва тарқалган ҳолат билан синчиклаб таққослаб чиқиш зарур. Бунда қуйидагилар эътиборга олинади: вақтга боғлаган ҳолда маълум ҳодисаларнинг рўй берганлигини (ёки уларнинг рўй бермаганлигини), хоналарнинг режаси, конструкцияларнинг ўзига хослиги; ўзига хос тутун ёки ҳидга эга бўлган ва портлаш, ёниш, деформацияланиш қобилиятига эга бўлган предметлар ва материалларнинг тавсифи ва жойлашган жойлари, шунингдек бошланган ёнғиннинг дастлабки белгиларини гувоҳлар томонидан ростдан ҳам кўра олиш, эшитиш имкониятлари.
Ёнғиннинг шоҳидлари томонидан берилган маълумотларнинг катта аҳамиятга эга эканлиги билан бир қаторда, ҳатто уларнинг кўпчилиги терговга чин кўнгилдан ёрдам беришга интилишларига қарамасдан, барибир, бу маълумотларни идеаллаштириш нотўғри бўларди. Адашиш одамларга хос хислатдир. Масалан, жуда кўп ҳолатларда худди битта ёнғинда турли одамлардан қуйидаги айнан бир мазмунда бўлган фикрни эшитиш мумкин: «биринчи бўлиб мен етиб келдим». Одам ростдан ҳам адашиши мумкин ёки у бу фикрни ғараз ниятда билдирмаслиги ҳам мумкин. Барча ҳолатларда ҳам шоҳидларнинг кўрсатмаларини қайта текшириб кўриш шарт. У ёки бу кузатишларнинг фақат вақтини аниқлашгагина эмас, балки уларни асослаб беришларини талаб қилишга ҳам интилиш керак. Гувоҳ-шоҳид кузатган у ёки бу далилини нима учун айнан айтаётган вақтига боғлаётганлигини тушунтириб бериши керак. Шундан кейингина бундай маълумотларнинг ишончлилигини баҳоласа бўлади.
Гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳисобга олинаркан, бунда нафақат ҳолатнинг у ёки бу муҳим жиҳатлари, балки бошланаётган ёнғиннинг дастлабки белгиларини ростдан ҳам ҳис қила олиш ёки эшита олиш имкониятлари, шунингдек гувоҳларнинг ҳис қилиш органлари ҳолатидаги дефектларнинг мавжудлиги ҳам эътиборга олиниши зарур.
Амалиётда ёнғин келиб чиқишига алоқадор бўлган шахслар томонидан берилган кўрсатмалар улар томонидан атайлаб бузиб кўрсатиш фактлари ҳам учраб туради. Бундай ҳолатларда кўпчилик фақат уларнинг сири очилиши билан боғлиқ бўлган маълумотларнигина бузиб кўрсатишади ёки охиригача айтишмайди. Худди ўша ҳолатларни, агар уларнинг фикрича уларга қарши қаратилмаган бўлса, тўғри ёритиб беришади.
Гувоҳларнинг айнан битта фактга тегишли кўрсатмаларини, хусусан ёнғин ўчоғининг ҳолатига, гоҳида бу маълумотларни ўзаро таққослаш орқали аниқ текширса бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |