Режа: Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби. Ишдан четлаштириш тушунчаси ва тартиби. Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш тартиби
Маъруза матни
Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ишдан четлаштириш. Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш
Режа: 1. Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби.
2. Ишдан четлаштириш тушунчаси ва тартиби.
3. Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш тартиби.
1. Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар – бу ходим ва иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилишга бўлган хоҳиш-иродасини истисно қилувчи ва маълум бир юридик фактнинг мавжуд бўлишини тақозо қилувчи ҳолатлардир.
Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонуности норматив ҳужжатларида назарда тутилган меҳнат шартномасини тузишда қўлланиладиган қоидаларга риоя қилинмасдан иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномасини тузилиши ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидаларни бузиш ҳисобланади.
Айрим олимларнинг фикрича, меҳнат шартномасини бекор қилишда беглиланган норманинг ўзигина асос бўла олмайди. Бунда ишдан бўшатиш асоси сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас, ташкилот мансабдор шахсининг ёки давлат органининг ҳуқуқни қўлловчи ҳужжати тан олинади.
Бир томондан ушбу фикрга қўшилса бўлади, чунки меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос дейилганда албатта, қандайдир далил ёки фактнинг мавжудлигигина етарли эмас, бунда ходим билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор бўлганлигини тасдиқловчи асосий ҳужжат бу – иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи ҳисобланади. Негаки, иш берувчи учун ходимни ишдан бўшатиш мажбурият эмас, бу унинг ҳуқуқидир (ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиққан ҳоллардагина мажбурият бўлиши мумкин).
Аммо, масаланинг шу тарафи ҳам борки, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари Меҳнат кодексида қатъий белгиланган бўлиб, иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буёруғининг асоссиз чиқарилиши меҳнат шартномасининг бекор қилинишига олиб келмайди. Бу жараёнда меҳнат қонунчилиги нормалари бузилган ҳисобланади.
Меҳнат қонунчилигида айрим юридик фактларнинг вужудга келиши меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиш асосларидан бири ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиш мустақилликдан олдин меҳнат қонунчилигида мавжуд бўлмаган ва у янги институт ҳисобланади.
Шундай қилиб, меҳнат шартномасини қонуний тарзда бекор қилиш учун қуйидаги учта ҳолатнинг биргаликда мавжуд бўлиши талаб этилади:
биринчидан, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосининг қонунда мавжудлиги;
иккинчидан, ушбу асос билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига риоя қилинганлиги;
учинчидан, меҳнат шартномасини бекор қилувчи юридик актнинг мавжудлиги.
Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг таркибий қисми сифатида тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 106-моддасида келтирилган бўлиб, унга биноан меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
1) ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
2) шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда;
3) ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;
4) ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
5) ходимнинг вафоти муносабати билан;
6) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг юқорида кўрсатилган асосларининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, бунда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган юридик фактларнинг мавжудлиги инобатга олинади. Шунингдек, айрим давлат органлари томонидан ўрнатилган бундай юридик фактлар ўз навбатида меҳнат-ҳуқуқий муносабатларни тугатилишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси МК 106-моддасида назарда тутилган асосларни қўллаб меҳнат шартномасини бекор қилишда унда кўрсатилган ҳолатларнинг ҳақиқатда юзага келганлигини исботлаш талаб этилади, шу сабабдан, бунда бошқа ҳуқуқ соҳаси қонунчилик нормасини қўллашга зарурат туғилади.
Меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилиш учун бошқа ҳуқуқ соҳалари қонунчилик нормаларини қўллаш оқибатида ходим меҳнат муносабатларини давом эттириш имкониятини амалда йўқотади.
Бошқа ҳуқуқ соҳасининг бундай нормалари: Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгалик тўғрисидаги кодексида, Ўзбекистон Республикаси “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 106-моддасида назарда тутилган асослар рўйхатини юқорида санаб ўтилган меҳнат шартномасини бекор қилиш сабабларини келтириб чиқарувчи юридик фактлар (МКнинг 98, 99, 100, 105-моддалари) доирасига киритиб бўлмайди. Бу моддада, юқорида таъкидланганидек, меҳнат шартномаси тарафларининг меҳнат муносабатларини бекор қилиш ташаббуси мавжуд эмас. Аммо, бошқа юридик фактларнинг мавжудлиги, яъни ходимнинг ҳарбий хизматга учинчи шахслар томонидан чақирилиши, учинчи шахснинг ишга тикланиши ва шу каби учинчи тарафнинг хоҳиш-иродаси ёки бирор бир ташқи вазиятнинг мавжуд бўлиши меҳнат шартномасини ходим ва иш берувчининг ташаббусисиз ҳам бекор қилинишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам 106-моддада келтирилган асослар тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар деб номланади.
Демак, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар – бу ходим ва иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилишга бўлган хоҳиш-иродасини истисно қилувчи ва маълум бир юридик фактнинг мавжуд бўлишини тақозо қилувчи ҳолатлардир.
Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган асосларда меҳнат шартномасини бекор қилиш меҳнат шартномасини бекор қилишнинг бошқа асосларидан қуйидаги белгиларнинг мавжудлиги билан фарқланади:
биринчидан, тарафларнинг ташаббусига боғлиқликнинг йўқлиги. Шуни унутмаслик керакки, бунда иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси барибир ҳам мавжуд бўлади, яъни иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш учун буйруқ чиқармас экан, ходим ҳам меҳнат муносабатларини давом эттираверади. Бу ерда иш берувчининг ташаббускорлиги билан унинг ўз мажбуриятларини бажариш эркини фарқлаш лозим, чунки тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларнинг юзага келиши иш берувчининг хохиш-иродасига қарамасдан, унда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш мажбуриятини вужудга келтиради;
иккинчидан, бошқа қонунчилик соҳалари билан алоқадор бўлиб, нормалар мувофиқлаштирилган тартибда қўлланилади, яъни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 106-моддасини қўллаш учун бошқа Қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мурожаат қилишга тўғри келади;
учинчидан, меҳнат муносабатларини тугатилиши ходимнинг ҳам иш берувчининг ҳам хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлмайди. Бунда ходим фақат қонун доирасидагина меҳнат муносабатларини давом эттириш имконига эга бўлиши мумкин.
Айрим олимларнинг фикрича, меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилиш – бу учинчи шахсларнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишдир.
Шундай қилиб, меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиш меҳнат шартномасини бекор қилишнинг таркибий қисми бўлиб, ушбу ҳолатларнинг мавжуд бўлиши ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат-ҳуқуқий муносабатларнинг бутунлай тугашига сабаб бўлади ва келгусида ходим иш берувчи билан ўзаро меҳнат-ҳуқуқий муносабатларини тўхтатишга мажбур бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари аниқ белгилаб қўйилган бўлсада, ушбу асосларни амалда қўллаш механизми мавжуд эмас. Яъни, қайси асос билан қандай тартибда ва қандай муддатларда меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинлиги ҳақида қоидалар белгиланмаган. Ҳатто, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам бу масалага ҳавола қилинган нормаларни кўрмаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қабул қилингунига қадар мамлакатимизда амалда бўлган меҳнат қонунчилигида тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари алоҳида асос сифатида мавжуд бўлмаган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 106-моддасида тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар сифатида 6 та асос назарда тутилган бўлиб, уларнинг ҳар бири меҳнат шартномасини бекор қилишнинг алоҳида асоси сифатида хизмат қилади. Ушбу асосларнинг айримлари юридик факт бўлмиш ҳаракат ҳисобланса, қолганлари эса ҳодиса ҳисобланади.
Шундай қилиб, Меҳнат кодексининг 106-моддасида назарда тутилган асосларни шартли равишда 2 гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Учинчи шахсларнинг талаби (ташаббуси) билан меҳнат шартномасини бекор қилиш (суд ёки ҳарбий хизматга чақирувчи органлар);
2. Маълум бир ҳодисаларнинг юзага келиши натижасида меҳнат шартномасини бекор қилиш (ходимнинг вафоти).
Шунингдек, ушбу асосларнинг ҳақиқатдан ҳам тарафлар ихтиёрига боғлиқ эмаслиги ва бевосита объектив ҳолатларни ўз ичига олиб тизимлаштирилганлигини инобатга оладиган бўлсак, хозирги Меҳнат кодекси олдинги меҳнатга оид қонун ҳужжатларидан анча мукаммал эканлигининг гувоҳи бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қабул қилингунига қадар ходимнинг ҳарбий хизматга чақирилиши меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий асосларидан бири бўлган. Хозирда эса ушбу ҳолат Меҳнат кодекси 106-моддасида назарда тутилган тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси ҳисобланади. Олдинги меҳнат қонунчилиги меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси сифатида ходимни ҳарбий хизматга чақирилиши ёки киришини назарда тутган бўлса, амалдаги қонунчилик эса фақат ходимни ҳарбий хизматга чақирилишинигина белгилаб қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикасида ҳарбий ва муқобил хизматни ўташ 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуни, 2003 йил 11 мартда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқобил хизматни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг уни ўташи тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 128-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом, 2019 йил 12 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги
ПҚ–4447-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Қонунда ҳарбий хизматга чақирилувчи тиббий кўрикдан ўтгандан кейин у ҳарбий хизматга чақирилиши ҳақида қоида белгиланган. Лекин, эътибор берадиган бўлсак, тиббий кўрикдан ўтиш учун ҳам фуқароларни “ҳарбий хизматга чақириш” атамасидан фойдаланилган. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ходим ҳарбий хизматга чақирилади, шунда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади ва у тиббий кўрикдан ўтишга боради, лекин тиббий кўрик хулосасига кўра, у ҳарбий хизматга соғлиқ жиҳатидан лойиқ бўлмаса, яна уни ишга тиклаш масаласи кўрилиши керак бўладими деган савол туғилади
Меҳнат кодексининг 68-моддасига мувофиқ, ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 2-бандига кўра, меҳнат шартномаси шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда бекор қилинади ва бу ҳам тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолат сифатида тан олинади.
Меҳнат кодексининг 111-моддасида ишга тиклаш масаласи белгиланган бўлиб, унга кўра меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.
Меҳнат кодексида ишга тиклашнинг бошқа ҳолатлари кўрсатиб ўтилмаган бўлсада, бу масала хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг юқорида эслатилган 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорида муфассал тушунтириш берилган.
Унга кўра, МК 106-моддасининг 2-банди бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишга, қонунларга асосан шу ишни илгари бажариб келган ходимни ишга тиклашга иш берувчининг мажбурияти ҳисобланган ҳолларда йўл қўйилади. Бундай ҳолларга қуйидагилар киради:
меҳнат шартномаси ғайриқонуний бекор қилинган ходимни, суднинг ҳал қилув қарори, юқори турувчи орган, иш берувчи ўзининг қарори, шунингдек меҳнат ҳақидаги қонунларга риоя қилиш устидан назорат олиб борувчи (масалан, прокурор протести, меҳнат инспектори ёзишмаси) органлар талаби бўйича аввалги ишига тиклаш;
юқоридаги хатбошида қайд этилган органлар қарори ҳамда меҳнат низоларини кўрувчи комиссия қарори билан бошқа ишга ғайриқонуний ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш;
ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган ходим захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққанлиги сабабли, агар хизматга чақирилиб, ишга қайтиб келиши кунигача уч ой ўтмаган бўлса (МК 68-моддаси 3-қисми), аввалги ишига қайтиб келиши;
ноқонуний судланиши сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талабларининг қаноатлантирилиши (МК 271-моддаси 3-қисми);
ишга қабул қилишни рад этишнинг қонунсиз деб топилганлиги сабабли, ходимни ишга қабул қилинган деб топиш ҳақидаги даъвогарнинг талабини қаноатлантириш.
Меҳнат кодексининг 106-моддаси 2-банди бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга тегишли деб ҳисобланиши сабабли, шундай асосларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш МК 106-моддасида кўрсатилган асослар бўйича касаба уюшмаси ёки бошқа вакиллик органининг розилигисиз амалга оширилади.
Меҳнат кодексининг 106-моддаси 2-бандида назарда тутилган асоснинг мавжудлилиги шахсни аввалги ишига тикланишининг кафолати бўлсада, бунинг натижасида ишдан бўшатилган шахснинг ҳуқуқларини чекланишини келтириб чиқариши мумкин.
Ходим билан шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланганлиги сабабли меҳнат шартномасининг бекор қилиниши унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунда бир қанча кафолатлар белгиланган.
Меҳнат шартномаси 106-моддасининг 2-банди асосида бекор қилинаётганда иш берувчи ходимни шу корхонанинг ўзида ишга жойлаштириш чораларини кўришга мажбур.
Ходим билан меҳнат муносабатлари МК 106-моддаси 2-банди бўйича бекор қилинган тақдирда, унга мутахассислиги ва малакасига мос иш, бундай иш бўлмаса, унга корхонада мавжуд бошқа иш таклиф этилмоғи лозим. Бу норма Меҳнат кодекси билан ҳам мустаҳкамлаб қўйилган (МК 92-модда).
Меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилишнинг навбатдаги асоси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-бандида назарда тутилган бўлиб, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда бекор қилинади.
Ушбу асос илгари амал қилган Меҳнат тўғрисидаги қонунлар кодексида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий асоси сифатида белгиланиб қўйилганлигини юқорида таъкидлаб ўтган эдик. Лекин, ушбу кодексда фақат ходимни суд ҳукми билан жазога маҳкум қилиниши ҳоллари меҳнат шартномасини бекор қилиниши асоси сифатида инобатга олинган.
Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-бандида иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қуйидаги икки ҳолатдан бирининг, яъни:
— суднинг қонуний кучга кирган ҳукми;
— суднинг қарорига биноан ходимни ихтисослаштирилган даволаш-профилактик муассасасига йўллаш ҳақидаги қарори мавжуд бўлиши кўзда тутилади.
Такидлаш жоизки, меҳнат шартномаси суднинг қонуний кучга кирган ҳукми натижасида ходим ўз фаолиятини бундан кейин давом эттириш имкониятига эга бўлмай қолган тақдирда бекор қилинади. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, меҳнат шартномаси (Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-бандига кўра) фақат суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукмига асосан бекор қилинади. Суриштирув ва дастлабки тергов органлари қарорлари меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Бунда суд ходимни маъмурий жазога ҳукм қилинган ҳоллари ҳам инобатга олинади.
Ходимнинг жиноят қонунчилигига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилинмасдан аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилиниши, белгиланган жазони корхонадан бошқа жойларда ўташи лозим бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу 106-модданинг 3-банди бўйича бекор қилинади.
Гарчи жиноят содир қилинган бўлса-да, лекин ходимга нисбатан қўлланилган жазо туфайли у ўз ишини давом эттириш имкониятини йўқотмаган бўлса, (масалан, ўз иш жойида ўташ шарти билан аҳлоқ тўзатиш ишига ҳукм қилинган, жарима солинган ҳолларда) меҳнат шартномасини ушбу асос бўйича бекор қилишга йўл қўйилмайди агар қилган жинояти олдинги ишида ишлашига тўсқинлик қилмаса.
Баъзан суд амалиётида ҳукм кучга кирган вақтда жазо муддати тугаган ҳолатлар учраб туради. Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-бандига асосан бекор қилиниши мумкинлиги хусусида савол туғилиши мумкин. Агар суднинг ҳукми кучга кирган куни ходим жазони ўтаб бўлган деб ҳисобланса, меҳнат шартномаси ушбу асос бўйича бекор қилинмайди. Чунки бундай ҳолда жазо муддати тугаган ва ходим ўз иш жойида ишини давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Мазкур модданинг 3-бандида ходимни суд қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилган тақдирда меҳнат шартномасини бекор қилиш назарда тутилган бўлиб, мазкур асос амалдаги қонунчиликка мувофиқ, сурункали ичкиликбозликка ва гиёҳвандликка берилган шахсларни мажбурий равишда даволашга юбориш пайтида қўлланилади. Чунки гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарори билан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида” 1992 йил 9 декабрдаги қонунига мувофиқ, сурункали ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни махсус даволаш, профилактика муассасаларига мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги суд қарори меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлади.
Меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4-бандига кўра бекор қилиш учун асос бўладиган ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 12-сонли қарорида баён этилган. Умумий қоидага кўра, бевосита 106-модданинг 4-бандида кўзда тутилган шартлар мавжуд бўлгандагина, меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. Бу шартлар мазкур Пленум қарорида қайд этилган бўлиб, уларга риоя қилмасдан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас. Акс ҳолда шартноманинг бекор қилиниши ғайриқонуний деб топилиши мумкин. Қарорда кўрсатилганидек, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса, шартнома ушбу асосга биноан бекор қилинади.
Илгари таъкидланганидек, меҳнат шартномасининг Меҳнат кодекси 106-моддаси 4-бандига асосан бекор қилинишига ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилган ҳолларда йўл қўйилади.
Бундай ҳолларга, хусусан, қуйидагилар киради:
— суд ҳукмига кўра, муайян мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганларни суд томонидан тайинланган вақт давомида ишга қабул қилиш;
— бир давлат акциядорлик корхонасида ўзаро қон-қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсиниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бундай хизматчиларни ишга қабул қилиш (Меҳнат кодексининг 79-моддаси). Қариндошларнинг биргаликда хизмат қилишларини тақиқлаш ҳақидаги қоидалардан истиснолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорининг 3-сонли иловасида санаб кўрсатилган.
— қонунлар томонидан вояга етмаганлар ва аёлларни жалб қилиш тақиқланган ишларга қабул қилиш.
Меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 106-моддасининг 4-банди бўйича бекор қилишга, агар ишга қабул қилиш пайтида йўл қўйилган қоидабузарлик ишни давом эттиришга тўсқинлик қилган ҳолдагина йўл қўйилиши мумкин (мазкур Пленум қарорининг 43-банди).
ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 106-моддаси 5-бандига кўра бекор қилиш учун унинг вафоти ҳақидаги гувоҳнома асос бўлади ва бу ҳол иш берувчининг тегишли буйруғи билан расмийлаштирилади. Ўз-ўзидан аёнки, гувоҳномада кўрсатилган ходим вафотининг санаси меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади. Ходимнинг меҳнат дафтарчасига “меҳнат шартномаси бекор қилинди” деган ёзув киритилади.
Меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисидаги буйруқдан кўчирма нусхаси, марҳумнинг меҳнат дафтарчаси ва унга тегишли пул маблағи унинг оила аъзолари ёки қарамоғидаги шахсларга топширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорида таъкидланганидек, меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 6-бандига кўра бекор қилинишига, агар тегишли қонун ҳужжатларида меҳнат муносабатларининг Меҳнат кодекси 106-моддаси 1-5-бандларида санаб ўтилмаган меҳнат шартномаси тарафлари ихтиёрига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкинлиги кўзда тутилган бўлса йўл қўйилади. Бундай ҳолларга, жумладан, 18 ёшга тўлмаган шахслар бажараётган ишни давом эттириш улар соғлиғига зиён қиладиган ёки бошқача тарзда зарар етказадиган бўлса, бундай шахслар билан тузилган меҳнат шартномаси ота-оналар, васийлар (ҳомийлар) ва ваколатли органлар (меҳнатни муҳофаза қилиш устидан назорат қилувчи органлар, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар) талабига биноан (Меҳнат кодексининг 247-моддаси), шунингдек муқобил хизмат органлари талаби бўйича бекор қилиниш ҳоллари киради (қарорнинг 44-банди).
Кўриниб турганидек, бунда МКнинг 106-моддаси бандларида акс эттирилмаган, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлиши кўзда тутилади. Бу каби ҳолатлар турли қонунлар ва норматив ҳужжатларда кўрсатилган бўлади.
Бизнинг фикримизча, меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилишнинг қонунда назарда тутилган бошқа асосларига Меҳнат кодексида ҳаволалар келтириб ўтилиши зарур. Чунки, Меҳнат кодекси қоидаларидан келиб чиқиб айтиш зарурки, қонунда назарда тутилмаган асосларнинг меҳнат шартномасини бекор қилишда қўлланиши қатъиян тақиқланади. Шу сабабли ҳар бир асос қонунда аниқ ва равшан қилиб белгилаб қўйилган бўлиши лозим.
2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходимни ишдан четлаштириш қоидалари назарда тутилган.
Ходимни ишдан четлаштиришга, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди.
Алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келган ходим шу куни (сменада) ишга қўйилмайди.
Ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссия тавсияларини бажармаган тақдирда, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақлидир.
Ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмайди.
Ходим иш берувчининг айби билан ғайриқонуний равишда ишдан четлаштирилганда ходимга етказилган зарарни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўлаш мажбурияти иш берувчига юклатилади.
3. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.
Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.
Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу Кодекснинг 87, 89, 97, 100, 105, 106-моддалари таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжатлар таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, Кодекснинг ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан унинг касаллиги, ногиронлиги, ёшга доир пенсияга чиқиши, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юрти ёхуд таянч докторантурага ёки докторантурага қабул қилиниши ва қонун ҳужжатларига кўра муайян имтиёзлар ва афзалликлар бериладиган бошқа сабаблар туфайли бекор қилинганда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқда шу сабаблар кўрсатилади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Меҳнат шартномаси бекор қилинган қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади:
иш берувчининг ташаббуси билан, ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно;
тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган, ушбу Кодекснинг 106-моддаси 1 ва 2-бандларида назарда тутилган ҳолатларга биноан. Меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 106-моддаси 4-бандига биноан бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади, ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ходимнинг айби билан бузилган ҳоллар (суднинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва ҳоказо) бундан мустасно;
ходим янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этганлиги сабабли (89-модданинг тўртинчи қисми).
Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:
1) меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга, — меҳнат шартномаси бекор қилинган куни;
2) меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга, — у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:
1) қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлган ходимга, — огоҳлантиришига кўра у ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;
2) меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, — ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли ҳақнинг миқдори юзасидан низо чиққан тақдирда, ходимга шак-шубҳасиз тегадиган суммани иш берувчи ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.
Тавсия этиладиган адабиётлар рўйхати 1. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистон Республикасида меҳнат шартномалари (контракт). Ўқув қўлланма. -Т. “Ўқитувчи”,1-2-томлар.1996 й. – 528 бет.
2. Меҳнат ҳуқуқи. Дарслик. Масъул муҳаррир: проф. М.А.Усманова. –Т.: ТДЮУ нашриёти, 2019. – 521 бет.