Ғиштнинг пардозлаш ишларидаги ўрни
Маълумки, айрим мамлакатларда ғиштларнинг ўзига хос шакллари — қоришмасиз териладиган турлари мавжуд. Бундай ғиштлардан катта ўлчамдаги товушни изоляцияловчи деворбоп блоклар тайёрланади.
Ҳозирги кунда голландиялик мутахассислар томонидан ғишт елими ҳам ишлаб чиқарилган. Бундай елим билан ёпиштирилган ғиштларнинг мустаҳкамлиги цементли қоришмаларга нисбатан анча мустаҳкам бўлади. Цемент қоришмасининг қалинлиги 1 см бўлса, елимнинг қалинлиги атиги 2 мм га тенг.
A. Aлто замонавий меъморий шаклларни яратиш борасидаги изланишлари натижасида шундай хулосага келган: «Тўғри шаклдаги ғишт замон талабига жавоб бермайди, яъни ғишт деворларнинг тўғри шакллари биз эркин шакллар берувчи тошларни яратмагунча қолаверади. Шундай шаклларни яратишимиз керакки, ғиштни терганда талаб қилинган кўринишдаги — қавариқ, ботиқ ва ҳ.к. деворларни қуриш мумкин бўлсин».
Aфсуски ҳозиргача бундай шакллар берилувчи ғиштлар йўқ, лекин меъмор, дизайнер ва муҳандислар янги турдаги елим ва ғиштларни яратиш устида изланмоқдалар.
Жумладан, ғиштнинг янги шакли бўйича Aмериканинг № 4124961 патентини мисол қилишимиз мумкин (4.2-расм).
Бундай ғиштларнинг афзалликларига қуйидагилар киради: девор қуриш кам меҳнат талаб қилади, терилган ғиштлар бир-бири билан мустаҳкам ёпишади, эстетик хоссалари яхшиланади, улар пардозбоп бўлгани учун сувоқ қилинмайди. Уларнинг ўлчами 22211155 мм га тенг.
Фасадбоп сопол буюмлар. Бино ва иншоотларнинг фасадини қуришда пишиқ ғишт ва турли шаклдаги сопол тошлар ишлатилади. Қўлланиши ва шакли бўйича фасадбоп ғишт ва тошлар қаторбоп ва бурчакбоп турларга бўлинади. Улар 75, 100, 150 маркаларда ишлаб чиқарилади ва сув шимувчанлиги 8—14%, совуққа чидамлилиги 25 циклдан кўп бўлади.
Фасадбоп ғишт ва тошлар зинапоя, девор ва ҳ.к.ларда ҳам ишлатилиши мумкин. Масалан, эмал билан қопланган фасадбоп сопол плиталар ванна ва ошхоналарнинг девор ва полларини қоплашда ҳам ишлатилади.
Пардозбоп сопол буюмларнинг юзасига турли пардозбоп қатламлар берилиши уларнинг қўшимча афзалликларини келтириб чиқаради. Унинг бундай хоссалари меъмор-қурувчиларга сополни безаш ишларида ва деворбоп ашё сифатида ишлатишга имкон берган.
Ҳозирги кунда қайта таъмирлаш ишлари учун махсус ғиштлар, юзаси бўялган ва тешикли хиллари ишлатилмоқда. Уларнинг маркаси 150, сув шимувчанлиги 6-7% ва совуққа чидамлилиги 35—50 циклни ташкил этади.
Рангли сопол ашёлар учун сувли гексаметафосфат натрий бўёғи ишлатилади. У хомашёни пишириш жараёнида тупроқ билан таъсирлашиши натижасида рангли ойнасимон қатлам ҳосил қилади.
Шунингдек, турли таркибдаги, ғовакли, икки қатламли ғиштлар зич безак қатламлар (5-10 мм) билан ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг нархи бўялган ғиштларга нисбатан анча арзон бўлади. Изланишлар натижасида бундай ғиштларнинг қатламлари бир-бири билан мустаҳкам боғланганлиги ва етарли музлашга чидамлиликка эгалиги исботланган. Зарурат бўлганда бундай ғиштларга кремнеорганик эмалли қатлам берилиши мумкин.
Ғишт юзасида фактуралар хосил қилишнинг яна бир усули торкретлашдир. Фактура берилган хом ғиштлар 900—1050°C да пиширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |