Сопол ашёлари ва буюмлари хоссалари
Сопол ашёларнинг ички тузилиши чуқур ўрганилса, у дарҳақиқат композит ашё эканлигини кўрамиз. Маълумки, сопол ашёларни пишириш жараёнида осон эрувчан минераллар эриб, қийин эрийдиганларини ўзаро боғлайди, ёриқ ғовакларни тўлғазади ва буюм ҳажми бўйлаб узлуксиз қотган эритма, яъни композит ашёларга хос матритса ҳосил бўлади. Совиганда кристалл ҳолатга айланадиган микротузилиш, шишасимон кўринишда бўлиб, сопол мустаҳкамлигини, чидамлилигини таъминлайди.
Сопол ашёларнинг назарий зичлиги 2500—2700 кг/м3 бўлганда, ишлатиладиган ҳолатидаги зичлиги эса 2000—2300 кг/м3 га тенгдир. Сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 0,05 дан 1000 МПа гача ўзгаради. Сопол ашёлар ғоваклигига кўра сув шимувчанлиги 0 дан 70% гача бўлиши мумкин. Музлашга чидамлилигига кўра сопол ашёлар 15; 25; 35; 50; 75 ва 100 маркаларга бўлинади.
Деворбоп сопол ашёлар. Деворбоп сопол буюмларга — оддий сопол ғишт, самарали сопол ашёлар (бўшлиқли ғишт, ғовак бўшлиқли, енгил бўшлиқли тош, блок ва плиталар, шунингдек, ғишт ва сопол тошлардан ишланган катта ўлчамли блоклар ва панеллар киради. Деворбоп сопол буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми, ушбу саноатда 50% дан кўп миқдорни ташкил этади. Шулардан энг кенг тарқалган деворбоп буюмларнинг хиллари қуйидаги 4.3-расмда кўрсатилган.
Сопол буюмлари шаклига, ўлчамларига, ташқи юзасининг қандай пардозланганлигига, ўртача зичлигига ва қандай технология қўлланилганига қараб ҳар хил гуруҳларга бўлинади. Масалан, майда шаклдаги ғишт ва йирик сопол блоклар ва панеллар шулар жумласидандир. Қуйидаги 4.4-расмда кўп тешикли ва бўшлиқли деворбоп сопол буюмлар кўрсатилган.
Қурилиш ғишти. Қурилишда энг кўп ишлатиладиган оддий ва кўп тешикли деворбоп ғиштлар осон эрувчан тупроққа қўшилмалар қўшиб ёки қўшилмасиз лойдан олинади. Бундай ғиштлар асосан биноларнинг ташқи, ички деворларини, пардадевор, йирик ғиштли блоклар, ҳамда деворбоп панеллар қуришда ишлатилади.
Оддий лой ғишти 25012065 мм ва 25012088 мм ли ўлчамларда чиқарилади. Девор қураётганда ғиштлараро чок ўлчами 12 мм дан ошмаслиги лозим. Заводлар иш унумини режалаштириш оддий ғишт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади, ҳажми 1 м3 бўлган девор қуриш учун 400 та ғишт ишлатилади. 1 та ғиштнинг оғирлиги 4 кг дан ошмаслиги лозим.
Оддий ғиштнинг хоссалари қуйидагича: ўртача зичлиги 1600—1800 кг/м3; сув шимувчанлиги камида 6%; иссиқлик ўтказувчанлик коеффициенти 0,7-0,85 Вт/(м °C); сиқилишга мустаҳкамлиги 7,5—30 МПа; эгилишга мустаҳкамлиги 1,8-4,5 МПа; айрим ҳолатлар учун мустаҳкамлиги 20-50% кичик бўлиши мумкин.
Сиқилишдаги мустаҳкамлигига қараб, 7 хил маркада ғиштлар ишлаб чиқарилади: 75, 100, 125, 150, 200, 250 ва 300. Музлашга чидамлилиги эса 15, 25, 35 ва 50. Ним қуруқ усул билан тайёрланган ғиштларни пойдевор, нам ёки сув таъсирида бўладиган бино қисмларини қуришда ишлатиш тавсия этилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |