Бентонит тупроғи — монтмориллонит гуруҳига кирувчи (кварс, гипс, биотит, гидрослюда ва темир оксиди аралашмалари) тупроқ минералларидан ташкил топган вулқон кули, туф ва лаваларни кимёвий бузилиш жараёнида ҳосил бўлган чўкинди тоғ жинси. Бентонит тупроғи қурилишда (сув таъсиридан сақловчи сифатида) буюмлар чокларини тўлғизишда, ер ости иншоотлари, аеродром ва зовур чеккаларини маҳкамлашда, керамзит ва аглопорит олишда, чинни, фаянс сопол қоришмаларнинг пластиклигини яхшилашда ишлатилади.
Ўтга чидамли лой, асосан каолиндан, бирозгина кварс, дала шпати, гидрослюда, карбонат ва бошқа аралашмалардан ташкил топган майда заррачали сочилувчан чўкинди тоғ жинсидир. Aсосан конструцион (шамотли) ва термоизоляция (енгил) ашёлари, шунингдек, юқори ҳарорат таъсирида бўладиган деворбоп ғиштларни теришда, сувоқ қоришмалари сифатида ҳамда чинни, фаянс, сопол ва бошқа ўтга чидамли ўчоқлар қуришда кенг ишлатилади.
Ширали лойдан ишланган пардозбоп сопол. Чинни ва фаянс (хомашё — чанг аралашган тупроқ) қоришмасини тайёрлашда таркибида асосан каолинит минерали бўлган тоғ жинси — каолин ишлатилади. Барча пардозбоп нозик сопол ашёлари таркибини асосан дала шпати (микролин ва бошқалар) билан кварс ташкил этади. Қўшимча хомашёлардан — кварс қуми, шамот, тошқол кабилар лойнинг пластиклигини камайтиради. Киришишини камайтириш ва қолиплашга қулай лой олиш учун юқори пластик тупроқ қўшилади. Сопол буюмлардан ҳар хил пардозбоп қоплама плиткалар ва кислотага чидамли ашёлар олиш учун суюқ шиша ёки ишқорни қумга қориштириб асосий қоришмага қўшилади.
Сопол буюмларни жозибали пардозбоп қилиш учун уларнинг юзасига глазур (немисча сўз бўлиб «шиша» демакдир) суртилади. Сопол буюмга қалинлиги 0,15—0,3 мм қилиб суртилган глазур эриш ҳароратигача (1100—1300°C) қиздирилади. Глазурнинг эриш ҳарорати пардозбоп сополнинг эриш ҳароратидан кичик бўлиши керак. Aгар глазур осон эрувчан бўлса, у ҳолда 900—1100°C гача қиздирилади. Эриган глазур сопол буюм юзасида 0,13—0,28 мм ли шишасимон сирга айланади.
Қийин эрувчан глазур кварс, каолин, тупроқ, дала шпати, табиий карбонатли темирдан ташкил топган. Осон эрувчан глазур такрибидаги кварс, дала шпати, доломит қуйқасини тайёрлаётганда унга бура, стронсий карбонат, магнезитлар қўшилади. Глазурлар ялтироқ ва ялтироқмас бўлади. Ялтироқ глазур ранг берувчи оксидлар қўшиб қиздирилади. Ялтироқмасларига эса пигментлар қўшилади. Шунингдек, глазурлар рангли ва рангсиз бўлади. Ранглигига 2—15% темир оксидлари, кобалт (ҳаворанг), хром (кўк), марганес (жигарранг) кабилар қўшилади. Рангсиз глазурларга қалай, сурма, рух қўшилади. Глазурлар темир сиртига суртиб эритилса эмал деб аталади. Пардозбоп сопол буюмларни янада жозибали, чиройли бўлиши учун улар юзаси ангобли оқ ёки ҳар хил рангли тупроқ қуйқаси билан 0,25—0,44 мм гача қалинликда суртилади. Оқ рангли ангоб қиздирилган оқ тупроқдан, рангли ангоб эса тупроққа обдан туйилган минерал бўёқ ёки синтетик пигментлар қўшиб тайёрланади. Меъморчиликда қоплама ғишт ва блоклар юзаси ангоб бўёқлари билан суртилиб пиширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |