4-боб
ПAРДОЗБОП СОПОЛ ҚУРИЛИШ
AШЁЛAРИ
Қадимги ўзбек кулолчилик саноатига асосланган сопол қурилиш ашёлари ва буюмлари деганда ярим кристалл ашёни тушунмоқ лозим. Бунинг учун таркибида осон эрувчан темир оксидлари ва қийин эрувчан моддалар бўлган табиий тупроқни минерал қўшилмалар билан қориштириб тайёрланган буюмни юқори ҳароратда куйдирганда осон эрувчан моддалар эриб қолганларини ўзаро боғлайди ва натижада сопол ҳосил бўлади. Сопол буюмнинг эриган қисми (ички тузилишидаги) сопол черепоги дейилади.
Табиатда жуда кўп тарқалган соғ тупроқ сопол буюмлар ишлаб чиқаришда бирдан-бир хомашё ҳисобланади. Тупроқ сув билан аралаштирилганда у осон қолипланувчан пластик лойга айланади. Кейин уни қолиплаб юқори ҳароратда куйдирилади ва турли қурилиш буюмлари, рўзғор анжомлари ҳамда меъморчилик қисмлари ишланади.
Сопол ашёларни ишлаб чиқариш ўзига хос қадимий тарихга эга. Инсоният тарихида лой бирдан-бир қурилиш ашёси сифатида ишлатилган. Лойни сомон билан қориштириб, хом ғишт сифатида эрамиздан аввал 8000 йил олдин тураржойлар қурилгани маълум. Хом ғиштни куйдириб уйлар қуриш эрамиздан аввал 3500 йил олдин ғишт ва черепитса юзасини сирлаб пишириш усули ишлаб чиқилган.
Биринчи минг йилликнинг ўрталарида Хитойда чинни — форфор ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Эрамиздан 2-3 минг йил аввал Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудида сопол буюмлари уй-рўзғор асбоблари, меъморчилик, пардозбоп буюм ва қисмлар сифатида ишлатилганлиги маълум. Aсрлар давомида сопол буюмлар асосий қурилиш ашёси бўлиши билан бирга, унинг сифати ва шакли, ишлаб чиқариш технологияси йилдан-йилга мукаммаллашиб борган. Қадимги ўзбек кулолчилик саноатининг қай даража ривожланганлигига Самарқанд, Бухоро, Хива ёдгорликларини қуришда ишлатилган меъморчилик, декоратив ва пардозбоп қоплама, сопол буюмлар мисол бўла олади.
Сопол буюмлар сиртини оқ, кўк ва бошқа рангларда сирлаш технологияси ва уларнинг таркиби Ўрта Осиёда Европа давлатларидан олдин ишлаб чиқилганлигини тарих тасдиқлайди.
1855-йил Германияда ихтиро этилган тасмасимон ғишт қолипловчи зичлагич ва 1858-йилда доира шаклидаги ғишт пиширувчи хумдонлар дунёда сопол буюмларни ишлаб чиқариш саноатининг ўсишида катта аҳамият касб этди.
Илмий изланишлар натижасида ядро энергетикаси, машинасозлик, электрон ва ракета технологияларига мос хоссаларга эга бўлган махсус сопол буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Сопол оксиди аралашмасидан ишланган ўта мустаҳкам, чидамли машина мотори ва эҳтиёт қисмлар амалиётда қўлланилди ва бу ихтиро саноат ходимларида катта қизиқиш уйғотмоқда (4.1-расм).
Сопол ишлаб чиқариш саноати, айниқса урушдан кейинги йилларда жуда ривож топди. Жуда кўп илмий ва амалий муаммоларни ҳал этишда республика олимлари ва мутахассислари П.A. Земятченский, Д.И. Виноградов, Ф.Х. Тожиев, A. Исматов ва бошқалар катта хизмат қилдилар.
Қурилишда ишлатиладиган сопол ашёлар зичлигига кўра, икки гуруҳга бўлинади: ғовак ва зич. Ғовак сопол ашёларга сув шимувчанлиги 5% дан кўп бўлган буюмлар киради. Масалан, турли ғиштлар, пардозбоп сирланмаган қоплама сопол плиткалар, оқова сув дренаж қувурлари, черепитса, керамзит, ғовакли сопол буюмлар ва ҳ.к.
Зич сопол ашёларга сув шимувчанлиги 5% дан кам бўлган буюмлар киради. Бундай буюмларга сирланмаган, аммо эритиб қолипланган (йўл қурилишида ва пардозбоп қоплама тахтачалар сифатида ишлатиладиган клинкер, пол ва пардозбоп қоплама сопол тахтачалар), сирланган (бинонинг олд қисмини қоплашда ишлатиладиган пардозбоп ғишт, пардозбоп қоплама сопол тахтачалар, оқова сув қувурлари) сопол буюмлар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |