Парда ашё билан қоплаш. Полиетилен поливинилхлорид ва полиамид пардалар билан темир буюм юзаси қопланади. Бунинг учун темир олдин қиздирилади, кейин у полимер парда билан ўралади. Парда эриб темирга ёпишади. Полимер пардани буюм сиртига елим ёрдамида ҳам ёпиштириш мумкин.
Дермантин — зич қилиб тўқиладиган дағал газлама, юзасига юпқа парда қилиб поливинилхлорид бўтқаси суртилган ўрама ашё. Поливинилхлорид бўтқаси тайёрлашда ишлатиладиган кукун тўлдиргичнинг рангига кўра дермантин оқ, жигарранг ёки қора бўлади. Юзаси эса текис ёки бўрттирилган бўлиши мумкин. Дермантиннинг қилинлиги 0,5 ва 0,8 мм, эни 750 ва 1000 мм, узунлиги эса 40 метргача қилиб чиқарилади. У тураржой, жамоат биноларининг деворларини, пойдеворларни, мебел ва шунга ўхшашларни қоплашда ишлатилади.
Шишапластлар ва композитлар
Aшёнинг асосий ҳажмини ташкил этувчи таркибий қисм ва уларни ўзаро боғлаб турувчи (тола ёки қаттиқ заррача кукун), ҳамда мустаҳкамлигини таъминловчи таркиб композитлар деб аталади.
Композит қурилиш ашёларининг ҳажм оғирлиги пўлатникига қараганда 4—5 марта кичик. Шу билан бирга уларнинг мустаҳкамлиги 25 мартагача каттадир.
Дунё миқёсида композитлар ишлаб чиқариш йилдан-йилга ошмоқда. Ғарбий Еврўпа ва AҚШ давлатлари 1977-йилда 350 минг тоннадан композит ашёлар ишлаб чиқарган бўлса, ўн йилдан кейин, яъни 1986-йилда ушбу кўрсаткич 3 баробар ошди. 2000—2005-йиллари композит ашёларга бўлган эҳтиёж йилига 2,5—3,0 млн тоннани ташкил этиши мумкин. Бундан, келгусида, пўлатга бўлган талабнинг кескин камайиши кутилмоқда. Композит ашёларни ишлаб чиқариш унуми шунга мос бошқа ашёларникига қараганда 2—3 баробар каттадир. Ишлатилишини ҳисобга олганда, композит ашёларнинг чидамлилиги 2—3 марта юқори. Назарий томондан ҳисобланганда 1 тонна композит 15—25 тонна пўлатнинг ўрнини босади. Aмалиётда эса 4—5 тонна пўлатнинг ўрнига 1 тонна композит ашёларни ишлатса бўлади.
Композитлар таркибидаги арматурасимон толаларни жойлаш усулига кўра толалар бир текис қатлам ҳолатига келтирилган, ўзаро параллел ва узлуксиз, бир йўналишда жойланган, толалар тартибсиз, чигал фазовий жойлашган газламали арматура хилларига бўлинади.
Композитдаги арматурасимон ашёлар сифатига кўра пишиқликни таъминловчи туйилган кукун ва толали бўлиши мумкин. Бу икки хил композит қурилиш ашёлари ўзларининг тузилишга ва мустаҳкамлигининг шаклланишига кўра бир-биридан тубдан фарқ қилади. Туйилган кукунли композитлар таркибида — 2—4% обдан туйилган заррачалар бўлиб, ашёнинг ҳажми бўйлаб бир тартибда жойлашган матритса вазифасини ўтайди.
Aгар кукун заррачаларининг солиштирма юзаси кичик бўлса ва уларнинг оралиқ масофалари ҳар хил бўлса, композитнинг пишиқлиги кичик бўлади. Масалан, кукуннинг майдалик даражасини ифодаловчи заррача ўлчами 1,0 мкм дан катта бўлса, унинг композит ҳажмидаги ўрни 25% дан ошиб кетади. Aгар заррачанинг йириклиги 0,001—0,1 мкм оралиғида бўлса, у ҳолда унинг умумий ҳажми 15% дан ошмайди. Матритса вазифасини бажарувчи — битум, сунъий полимерлар, каучук, пишиқликни таъминловчи бўр, слюда, углерод, кремнезем, оҳактош заррачаларидан ташкил топган композит қурилиш ашёларининг мустаҳкамлиги, қаттиқлиги, иссиққа чидамлилиги юқори бўлади, шу билан бирга уларнинг пластиклиги сақланиб қолади.
Композитнинг яхлит ҳолатини таъминловчи қисм — матритсадир. Ундаги бир хил йўналишли ёки чигал толалар композит кучланишини ҳажми бўйлаб бир хил кўрсатгичда тарқатади.
Толалар билан матритса орасидаги адгезия бирикишини ва ўзаро ёпишиш мустаҳкамлигини ошириш каби ишлар полимер композитни ишлатишдаги чидамлилигини оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |