211-расм. Гельмгольц кўзгусининг схемаси. S1-S2 — тешикли кўзгу; С — линза; L— ёруғлик манбаи; А — текшириладиган К-кўзнинг туби; М — текширувчининг кўзи. Қўзнинг ёритилган кўз пардаси — кўз тубини офтальмоскоп ёрдамида кўриш мумкин. Кўз туби текширилганда кўрув нервининг кўз соққасига кирган жойи — кўрув нервининг сўргичи кўринади. Нерв билан бирга кўзга қон томирлари ҳам киради, улар яхши кўриниб туради. Еруғлик фильтрини тутиб, қизил нурлардан маҳрум қилинган оч-яшил ёруғликда кўз туби текширилса, тўр парданинг энг яхши кўрадиган жойи — сариқ доғ ҳам яхши кўринади.
Тўр парда айрим қаватларининг структураси ва функциялари Тўр парда кўзнинг ички пардаси бўлиб, унда ёруғлик нурларини сезадиган фоторецепторлар — таёқчалар билан колбачалар ҳамда кўзнинг ўз нерв аппаратини ташкил этувчи нерв ҳужайралари ва уларнинг кўпдан-кўп ўсиқлари бор.
Тўр парданинг энг ташқи кавати пигментли эпителийдан тузилган, унда фусцин деган пигмент бор. Бу пигмент, фотоаппарат ички деворларининг қора рангига ўхшаш ёруғликни ютиб, унинг қайтишига ва сочилишига тўсқинлик қилади ва шу билан кўрув сезгисининг равшан чиқишига имкон беради.
Баъзи тунги ҳайвонларда фоторецепторлар билан пигмент ҳужайралар ўртасида ёруғликни акс эттирувчи қават бор, бу қават махсус кристаллардан ёки иплардан тузилган. Улардан ёруғлик қайтиши тунги ҳайвонлар кўзининг ташқи ёруғда нур сочишига сабаб бўлади. Еруғликни қайтарадиган қават борлигидан тикка ёруғлик нурларигина эмас, қайтган ёруғлик нурлари ҳам фоторецепторларга таъсир этади, бу эса ёруғлик кам шароитда ёруғлик сезиш имкониятини оширади.
Тўр парданинг ички томонидан пигментли эпителий қаватига фоторецепторлар қавати тақалиб туради. Фоторецепторларнинг ёруғ сезувчи бўғимчалари ёруғликка қарама-қарши томонга қараган.
Таёқча ва колбачаларнинг ёруғ сезувчи бўғимчаларини ўз ўсиқлари билан ўраб турувчи пигментли ҳужайралар фоторецепторлардаги модда алмашннувида ва кўрув пигментларининг синтезида қатнашса керак. Пигментли эпителий ҳужайраларида бир талай микроворсинкалар борлиги электрон микроскопда текшириб аниқланган. Пигментли ҳужайраларнинг таёқча ва колбачаларга тегиб турадиган юзасини оширадиган бу микроворсинкалар борлиги фоторецепторлар билан пигментли эпителий ҳужайралари ўртасидаги боғланишни кўрсатади.
Ҳар бир таёқча ёки колбача ёруғликни сезадиган ва кўрув пигментига эга бўлган ташқи бўғимчадан ва фоторецептор ҳужайрада энергетика процессларини таъминловчи митахондриялари билан ядроси бўлган ички сегментдан иборат.
Ҳар бир таёқчанинг бўғимчаси пластинкалардан тузилганлиги электрон микроскопда текшириб аниқланди. Бу пластинкалар ёки дисклар устма-уст тахланган бўлиб, 400—800 тагача боради. Дисклар диаметри қарийб 6 мк. Ҳар бир диск икки қават мембранадан иборат, бу мембрана икки қават оқсил молекулалари орасида турувчи липидларнинг иккита мономолекуляр қаватидан тузилган. Кўрув пигменти — родопсин (қуйига қаралсин) таркибига кирувчи ретинен оқсил молекулалари билан боғланган. Ҳужайра юзасининг мембранасидаги кўпгина бурмалардан, яъни мембрананинг фоторецептор бўғимчаси ичига ботиб кирган жойларидан дисклар ҳосил бўлади, деб фараз қилишади.