Товушлар интенсивлигини сезиш. Рецепторларнинг таъсирланиш интенсивлиги одатда афферент нервлар орқали марказий нерв системасига ўтказиладиган импульслар частотаси билан кодга солинади. Таъсирот кучини кодга солишнинг бундай усули эшитув нервида татбиқ этилиши мумкин эмас, чунки паст ва ўртача баландликдаги тонлар эшитув рецепторларига таъсир этганда частотаси товуш тебранишларининг частотасига мос келадиган импульслар эшитув нервлари орқали марказий нерв системасига етиб боради. Товушдан таъсирланиш кучи ҳақидаги ахборотни ўтказишда кортий органининг рецептор ҳужайраларидаги ички ва ташқи қаватларнинг таъсирланиш бўсағаси ҳар хил эканлиги аҳамиятли, деб фараз қилинади. Ички қаватдаги эшитув рецептор ҳужайралари кучлироқ товуш таъсирида қўзғалади. Ички ва ташқи қаватдаги қўзғалган ҳужайраларнинг нисбати товушнинг таъсирот интенсивлигига қараб ҳар хил бўлса керак.
Товуш сезгилари Товушларни сезиш диапазони. Одам секундига 16дан 20 000гача тебраниш частотасига эга бўлган товушларни сезади. Бу диапазон 10— 11 октавага мос келади. Сезиладиган товушларнинг юқори чегараси ёшга боғлиқ: киши қанча кекса бўлса, бу чегара ўшанча паст бўлади; қариб қолган кишилар кўпинча баланд тонларни, масалан, чирилдоқ қурт товушини эшитмайди. Кўпгина ҳайвонларда товуш эшитувнинг юқори чегараси анча баланд: масалан, одам эшитмайдиган жуда баланд товушларга итда шартли рефлекслар ҳосил қилиш мумкин.
Эшитув органининг сезувчанлиги. Эшитув органининг сезувчанлигини аранг эшитиладиган товуш кучи билан ўлчаса бўлади, шу билан бирга товуш тебранишлари энергиясини эрг/см2- сек шаклида ифодалаш мумкин. Товуш баландлигига қараб эшитув органи сезувчанлигининг анча ўзгариши ана шундай ўлчаш асосида аниқланган.
Секундига 1000 дан 3000 гача тебранадиган товушларни одам қулоғи максимал даражада сезади. Шу частоталар доирасида фақат 1×10-9эрг/см2-сек энергияли товуш эшитилади. Секундига 1000 гача ва 3000 дан ортиқ тебранишларда эшитув органининг сезувчанлиги кескин даражада камаяди: масалан, секундига 20 тебранишда ва 20 000 тебранишда товуш энергияси 1 эрг/см2-сек бўлиши керак. 203-расмнинг пастки қисмидаги ЕҒG эгри чизиғи бу маълумотларни акс эттиради.
Товуш баландлиги ўзгармагани ҳолда товуш кучини шундай ошириш мумкинки, унда товуш қулоқда босим ва ҳатто оғриқ сезгиси каби нохуш сезгини юзага чиқаради. Бундай кучдаги товушлар эшитилишнинг юқори чегарасини ҳосил қилса керак.
Эшитиш юқори чегарасининг эгри чизиғи бўсаға эгри чизиғини икки жойдан — А ва D дан (секундига 16 ва 20 000 тебранишда) кесиб ўтади ва у билан бирга эшитув сезгисининг майдонини чегаралайди. Бу майдон 203-расмда кўрсатилган.