Шартсиз ва шартли рефлексларнинг компонентлари
Шартсиз рефлексларнинг аксариси бир неча компонентдан тузилган мураккаб реакциялардир. Масалан, ит оёғига электр токи билан таъсир этиб юзага чиқариладиган шартсиз ҳимояланиш рефлексида ҳимоя ҳаракатлари билан бир қаторда нафас кучаяди ва тезлашади, юрак тезроқ уради, овоз реакциялари пайдо бўлади (ит ғиншийди, вовуллайди), қон таркиби ўзгаради (лейкоцитоз, тромбоцитоз ва ҳоказо рўй беради). Овқатланиш рефлекси ҳам ҳаракат (овқатни ямлаш, чайнаш, ютиш), секретор, нафас, юрак — томир ва бошқа компонентларга бўлинади.
Шартли рефлекслар, одатда, шартсиз рефлекс структурасини гавдалантиради, чунки шартсиз таъсирот қайси нерв марказларини қўзғатса, шартли таъсирот ҳам ўша нерв марказларйни қўзғатади. Шу сабабли шартли рефлекс компонентлари таркиби шартсиз рефлекс компонентлари таркибига ўхшайди.
Шартли рефлекс компонентлари рефлексларнинг шу тури учун специфик асосий компонентларга ва носпецифик, иккинчи даражадаги компонентларга бўлинади. Ҳимояланиш рефлексида ҳаракат, овқатланиш рефлексида эса ҳаракат ва секретор компонентлар асосий ҳисобланади.
Асосий компонентларга йўлдош бўладиган ўзгаришлар — нафас, юрак уриши, томирлар тонусининг ўзгаришлари ҳам ҳайвоннинг таъсиротга яхлит реакция кўрсатиши учун ҳам муҳим, лекин улар, И. П. Павлов айтганидек, «соф хизматкорлик ролини» ўйнайди. Масалан, ҳимояланиш шартли таъсирловчиси туфайли нафас тезлашуви ва кучайиши, юракнинг тез-тез уриши, томирлар тонусининг ортиши скелет мускулларида модда алмашинувини кучайтириб, ҳимоя ҳаракат реакцияларини юзага чиқариш учун оптимал шароит туғдиради.
Экспериментатор шартли рефлексларни текширганда асосий компонентлардан биронтасини кўрсаткич сифатида танлаб олади. Шунинг учун ҳам шартли ва шартсиз ҳаракат ёки секретор ёки вазомотор рефлекслар деб айтишади. Аммо, улар организм бутун реакциясининг фақат айрим компонентлари эканлигини назарда тутмоқ керак.
Шартли рефлексларнинг ҳар хил турлари
Шартсиз рефлексларнинг ҳар қандайини асос қилиб олиб шартли рефлекслар вужудга келтириш мумкин.
Шартли секретор рефлекслар. Сўлак ажратиш шартли рефлекслари бошқалардан кўра яхшироқ ва мукаммал ўрганилган. Сўлак ажратиш шартли рефлексларининг кўпроқ текширилганига сабаб шуки, мия фаолиятининг бу ташқи кўринишларини И. П. Павлов лабораторияси итлар устидаги тажрибаларда мукаммал текширди ва сўлак ажратиш реакциясини тажрибада анализ қилиб, шартли рефлексларнинг барча энг муҳим қонуниятлари аниқланди. Н. И. Красногорский шу рефлексларни одамларда, жумладан болаларда ўрганди.
Овқатланиш шартли рефлекслари меъданинг ва меъда ости безининг секрециясини текширишда ҳам аниқланса бўлади. Ҳазм безларига тааллуқли бу шартли рефлексларнинг организм учун физиологик аҳамияти — организмга овқат кирмасданоқ уни ҳазм қилиш учун энг яхши шароит туғдиришдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |