Вегетатив функцияларнинг бошқарилишида пўстлоқ остидаги тузилмаларнинг роли. Пўстлоқ остидаги ядролар, жумладан тарғил тана (corpus striatum) организмнинг мураккаб шартсиз рефлектор реакцияларида қатнашади, бу реакцияларда вегетатив ва соматик компонентлар ҳамиша мавжуд бўлади. Пўстлоқ остидаги ядролар қўзғалганда вегетатив реакциялар рўй бериши мумкин, чунки бу ядролар мия стволининг ретикуляр формациясига ва гипоталамусга бевосита боғлиқ. corpus striatum-га таъсир этилганда кўпгина ички органлар функцияси ўзгаришини В. Я- Данилевский аниқлаган. Бу факт тарғил тананинг вегетатив нерв системасига таъсир этишини кўрсатадиган далилдир. Гипоталамуснинг симпатик ядроларига ҳам, парасимпатик ядроларига ҳам таъсир этадиган нейронлар группаси тарғил танада бўлса керак.
Вегетатив функцияларнинг бошқарилишида мия катта ярим шарлари пўстлоғининг роли
Ит мияси ярим шарлари пўстлоғининг баъзи қисмларига таъсир этилса, нафас, юрак уриши, томирлар тонусининг ўзгаришини В. Я. Данилевский 1874 йилда кўрсатиб берган эди. Катта ярим шарлар пўстлоғининг турли қисмларига таъсир этилганда кўпгина вегетатив функциялар ўзгаришини кейинчалик В. М. Бехтерев, Н. А. Миславский, Ж. Фултон ва бошқа тадқиқотчилар — физиологлар ва нейрохирурглар кузатишган. Ж. Фултоннинг фикрича, вегетатив функцияларнинг бош-қарилишида ярим шарлар пўстлоғининг пешона бўлаклари айниқса катта роль ўйнайди. Пешона бўлакларига таъсир этилганда нафас, овқат ҳазм қилиш, қон айланиши, жинсий функция ўзгаради, шунинг учун вегетатив нерв системасининг олий марказлари катта ярим шарлар пўстлоғининг олдинги бўлимларида деб ҳисоблашади.
Вегетатив функцияларнинг бошқарилишида катта ярим шарлар пўстлоғининг ролини тушунмоқ учун электрофизиологик тадқиқот усуллари ҳамда шартли рефлекслар методининг ишлаб чиқилиши ва қўлла-нилиши туфайли ғоят қимматли натижалар олинди.
Юзага чиқарилган потенциалларни тадқиқ қилиш тажрибалари афферент импульслар ички органларнинг рецепторларидан катта шарлар пўстлоғига биринчи ва иккинчи соматосенсор зоналар орқали келишини кўрсатди (В. Н. Черниговский, Р. А. Дуринян). Одам мияси катта ярим шарлар пўстлоғининг айрим нуқталарига Роланд эгатининг орқасидан ёки Сильвий эгатининг яқинидан таъсир этилса, ички органлар билан боғланган баъзи сезгилар келиб чиқади, масалан, кўнгил айнийди ва дефекацияга интилиш пайдо бўлади. Ярим шарлар пўстло-ғининг бошқа бир қанча нуқталарига асосан пешона бўлаги билан тепа бўлакка таъсир этилса, вегетатив реакциялар рўй беради: юрак фаолияти, артериал босим миқдори ва нафас ритми ўзгаради, сўлак оқади, ичак ҳаракатга келади, киши қусади.
Кўп тадқиқотчиларнинг фикрича, лимбик система, ёки висцерал мия деган системанинг таркибига кирувчи нерв тузилмалари: гиппокамп, белбоғ пушта, бодомсимон ядролар ички органлар фаолиятининг бошқарилишида муҳим роль ўйнайди. И. П. Павлов мактаби катта ярим шарлар пўстлоғининг ички органлар функциясини бошқаришда қатнашадиган нейронларига интерорецептив анализаторнинг пўстлоқдаги учлари деб қарайди.
Катта ярим шарлар пўстлоғининг шу эффектор таъсир кўрсатиш йўллари яқинда электрофизиологик ва морфологик тадқиқотларда аниқланди.
Ҳайвонлар ва одамнинг катта ярим шарлар пўстлоғида мия стволининг ретикуляр формациясига тушувчи йўллар орқали боғланган бир қанча зоналар борлиги аниқланди. Бу зоналар сенсомотор пўстлоқда, пешонанинг ўз ҳаракатлантирувчи майдончасида, белбоғ пуштада, чакканинг юқори пуштасида ва энса атрофидаги соҳада жойлашган. Импульслар ярим шарлар пўстлоғининг шу зоналаридан пастга тушувчи (кортикофугал) йўллар орқали ретикуляр формацияга киради, ундан эса гипоталамусга ва гипофизга ўтади.
Вегетатив функцияларнинг бош мия пўстлоғи томонидан бошқарилиш механизмларида пешона бўлагидан ва пўстлоқнинг белбоғ пуштасидан гипоталамусга борувчи тўғри йўллар ҳам муҳим роль ўйнайди.
Вегетатив функцияларни катта ярим шарлар пўстлоғи контроль қилишига имкон берадиган толалардан бир қисми пирамидал йўллар орқали ўтади. Бу толалар қирқиб қўйилганда гавда температураси пасаяди, мия пўстлоғининг баъзи қисмлари таъсирланганда артериал босим ўзгаришлари йўқолади ёки камаяди.
Вегетатив нерв системасидан иннервацияланадиган органлар функциясининг бошқарилишида бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг аҳамияти ва катта ярим шарлар пўстлоғидан периферик органларга импульслар ўтказишда вегетатив нерв системасининг роли тажрибада йчки органлар фаолиятининг ўзгаришига доир шартли рефлекслар ҳосил қилишда яққол кўринади. Кўпгина тадқиқотларга қараганда, ҳайвонлар ва одамда вегетатив нервлардан иннервацияланадиган барча органлар фаолиятини шартли рефлекс методи билан ўзгартиш мумкин.
Одамни гипноз қилиб ишонтириш устидаги тажрибалар ҳам кўпгина ички органларга бош мия пўстлоғининг таъсир этишини кўрсатувчи далиллар беради. Ишонтириш йўли билан юрак уришини тезлатиш ёки сийраклатиш, томирларни кенгайтириш ёки торайтириш, буйракларнинг сийдик ажратишини кучайтириш, тер чиқартириш, модда алмашинуви процессларининг интенсивлигини 20—30% ўзгартиш мумкин.
Катта ярим шарлар пўстлоғининг таъсири шу қадар равшан кўриндики, одам юрак уришини ихтиёрий равишда тезлата олди, гавдаси совуганда кузатилгани каби сочини тикка қила олди, терисини буриштира олди, қорачиқларнинг диаметрини ихтиёрий равишда ўзгартира олди (қорачиқлар диаметри кўз рангдор пардасининг силлиқ мускуллари тонусига боғлиқ). Бундай ҳодисалар маълум.
Do'stlaringiz bilan baham: |