Скелет мускуллари, марказий нерв системаси ва рецепторларнинг симпатик иннервацияси Чарчаган скелет мускулининг симпатик нервлари таъсирланса, иш қобилияти тикланади. Орқа миянинг тегишли олдинги илдизларига узоқ вақт ритмик таъсир этилганда болдир мускулининг қисқаришини Л. А. Орбели ва А. Г. Гинецинский қайд этишган. Мускул чарчаган сайин қисқаришлар амплитудаси секинаста камайган. Қисқаришлар жуда камайгач, олдинги илдизларга ритмиқ таъсир давом эттирилиши билан бирга, симпатик занжирга борувчи преганглионар симпатик толаларнинг болдир мускулига симпатик иннервация берадиган қисми қисқа вақт таъсирланган. Анчагина узоқ—бир неча ўн секунд вақтдан кейин ҳаракатлантирувчи илдизларнйнг ритмик таъсирланишига жавобан мускулнинг қисқаришлар амплитудаси секин-аста оша бошлаган ва баъзан бошланғич амплитудасига етган (260-расм).
260-расм. Бақанинг ажратиб олинган болдир мускулининг чарчаш эгри чизиғига симпатик толаларга стимул беришнинг таъсири (Гинецинскийдан). Чарчаган мускул қисқаришлари ҳаракатлантирувчи нерв толаларига ритмик (минутига 30 марта) таъсир этиб, юзага чиқарилади. Симпатик нервга таъсир этиш пайтлари сигнал чизиқнинг кўтарилган жойлари билан қайд қилинган. Шу тажрибаларга суяниб, симпатик нервларнинг мускул толаларига бевосита таъсир этиши эмас, балки мускулдаги қон томирларига таъсир этиши, яъни мускулга кислород ва озиқ моддалар кўпроқ келиши натижасида мускулнинг иш қобилияти тикланади, деб фараз қилинди. Аммо мускул томирларига суюқ вазелин тўлдириб қилинган тажрибалар бу эътирозни рад этди: чарчаган мускулнинг симпатик нервлари таъсирланганда унинг иш қобилияти барибир тикланаверди.
Симпатик нерв системаси сезги органларига ва марказий нерз системасига ҳам таъсир этаверади. Масалан, Л. А. Орбели ҳамкорларининг кузатишларига қараганда ҳайвонларнинг тери рецепторлари қўзғалувчанлигини симпатик нерв системаси ўзгартиради. Одамнинг бўйин симпатик тугунлари олиб ташлангач вестибуляр аппарат билан кўруз аппаратининг қўзғалувчанлиги пасаяди; айни вақтда қоронғи адаптацияси кескин даражада камаяди; тери остига адреналин юбориш тескари таъсир кўрсатади (Е. Б. Бабский).
Симпатик йўллар орқали ўтадиган импульслар марказий нерв системасига, жумладан, узунчоқ мия билан ўрта миянинг рефлектор функциясига ҳам таъсир этиши экспериментал тадқиқотларда аниқланди. Э. А. Асратян, С. И. Гальперин ва Б. В. Павловнинг маълумотларига қараганда, ит бўйнининг юқори симпатик тугунлари олиб ташлангач шартли рефлектор фаолият бузилади, бу эса қисман томирлар тонусининг ўзгаришига, қисман бош мия катта ярим шарлари пўстлоғидаги нерв ҳужайраларига симпатик нервларнинг таъсир этмай қолишига боғлиқ бўлса керак. Симпатик нервга бўйиндан таъсир этилганда катта ярим шарлар пўстлоғидаги нейронларнинг электр активлиги ўзгаришй ва хронаксиянинг ортиши ҳам катта ярим шарлар пўстлоғига симпатик нерв системасининг таъсир этишини кўрсатадиган далилдир.
Л. А. Орбелининг симпатик нерв системаси адаптационтрофик функцияни ўтайди, деган назарияси ана шу фактларнинг йиғиндисига асосланади. Бу назарияга мувофиқ, симпатик нерв системаси модда алмашинувини, гавдадаги барча орган ва тўқималар трофикасини ва қўзға лувчанлигини бошқаради. Адаптацион-трофик функциянинг биологик аҳамияти шуки, у организмнинг фаолиятга муайян равишда созланишини таъминлайди.