Миоглобин. Скелет ва юрак мускулларида миоглобин деб аталувчи мускул гемоглобин бор. Унинг простетик группаси — гем гемоглобин молекуласидаги шундай группага ўхшайди, оқсил қисми — глобин эса гемоглобии оқсилига қараганда камроқ молекуляр оғирликка эга.
Одам миоглобини организмдаги жами кислороддан 14 процентгачасини бириктира олади. Миоглобиннинг бу хоссаси ишлаётган мускулни кислород билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Мускул қисқарганда капиллярлари қисилиб, мускулнинг баъзи қисмларида қон юриши тўхтаса ҳам, миоглобин билан бириккан кислород борлиги туфайли, мускул толалари бир қадар вақтгача кислород билан таъминлаииб туради.
Гемолиз
Эритроцитлар қобиғининг ёрилиши, ичидаги гемоглобиннинг қон плазмасига чиқиб, уни қизил рангга бўяши ҳамда плазманинг тиниқ («лакли») қонга айланиб, қолиши гемолиз деб аталади. Парчаланиб, гемоглобиндан маҳрум бўлган эритроцитлар стромасини «эритроцитлар сояси» дейилади.
Бир қанча сабабларга кўра эритроцитлар организмда ҳам, организмдан ташқарида — пробиркада — ҳам парчаланиши мумкин. Эритроцитлар гипотоник эритмада турганда ичидаги осмотик босим атрофдаги эритманикига қараганда ортиқ бўлади, сув эритмадан эритроцитлар ичига ўта бошлаб, уларнинг ҳажмини катталаштиради ва қобиғини ёриб юборади. Ослотик гемолиз деб аталувчи бу гемолиз эритроцитлар атрофидаги эритманинг осмотик босими нормадагига қараганда икки марта камайиб кетганда рўй беради. Эритроцитлар турган туз эритмаси озроқ гипотонияли бўлса, эритроцитлар парчаланмайди, балки шишиб, ҳажми катталашади.
Ҳужайрани ўраб турган эритмадаги NаС1 нинг қайси концентрациясида гемолиз бошланса, ўша концентрацияси эритроцитларнинг осмотик чидами (резистентлиги) ўлчови ҳисобланади. Одамда эритмадаги NаС1 концентрацияси 0,4% бўлганда гемолиз бошланади, 0,34% ли эритмада эса барча эритроцитлар парчаланади. Турли патологик ҳолатларда эритроцитларпипг осмотик чидами камайиши ва эритмадаги NaС1 нинг юқори концентрацияларида тўлиқ гемолиз ҳам содир бўлиши мумкин.
Баъзи химиявий бирикмалар таъсирида гемолиз ҳам рўй бериши мумкин. Масалан, липоидларни эритадиган моддалар—эфир, хлороформ, бензол, алкоголь гемолизга сабаб бўлади, уларнинг катта концентрациялари эритроцитлар мембранасини бузиб ташлайди. Ут кислоталари, сапонин, пирогаллол ва бошқа бир қанча моддалар ҳам гемолизга сабаб бўлади.
Организмдан ташқарида эритроцитлар кучли механик таъсирлар, масалан, қон солинган ампуланинг қаттиқ силкиниши натижасида парчаланиши мумкин. Қоннинг такрор музлаши ва муздан тушиши ҳам гемолизга сабаб бўлади.
Баъзи илонларнинг заҳари таъсир этганда, шунингдек ҳайвон қонига бошқа ҳайвонлар эритроцитларини қуйиш натижасида плазмада ҳосил бўлувчи махсус моддалар — гемолизинлар таъсирида ҳам организмда гемолиз содир бўлиши мумкин. Гемолизинлар турга оид спецификлиги билан фарқ қилади: организмга қайси ҳайвоннинг қони қуйилган бўлса, гемолизинлар фақат ўша ҳайвоннинг эритроцитларига таъсир этади. Масалан, нормал қуённинг қон зардоби қўй эритроцитларини жуда кам гемолизлайди. Қўй эритроцитлари қуён қонига бир неча марта юборилгандан кейин эса қуён қонининг зардоби ҳатто ўн мартача суюлтирилганида ҳам, бу эритроцитларни гемолизлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |