Одамдаги асосий алмашинувнинг нормал миқдорлари. Асосий алмашинув миқдори одатда 1 соатда ёки 1 суткада гавданинг 1 м2 юзасидан ёки 1 кг вазнидан ажралиб чиқадиган иссиқлиқ миқдори билан ифодаланади, бу миқдор катта калориялар билан кўрсатилади. Урта ёшлардаги (тахминан 35 ёшдаги), ўрта бўйли (тахминан 165 см), ўрта вазнли (тахминан 70 кг) кишининг асосий алмашинуви 1 соатда 1 кг га 1 ккал. Вазни 70 кг бўлган одамнинг бир суткадаги асосий алмашинуви 1700 ккал, шу вазндаги аёлнинг асосий алмашинуви эса тахминан 10% камроқ.
Гавданинг 1 кг вазнига ҳисоб қилинган асосий алмашинув интенсивлиги болаларда катта ёшли кишилардагига нисбатан анча юқори. 20—40 ёшдаги организм ҳолатида кескин ўзгаришлар рўй бермаса (вазн айтарлик узгармаса ва кандайдир касаллик булмаса) асосий алмашинув миқдори анча доимий бўлади. Масалан, Цунц ўзидаги асосий алмашинувни 22 йил мобайнида вақти-вақти билан аниқлаб, унинг ўзгариши ўртача миқдорда ±7% дан ошмаслигини пайқаган. Қарилик даврида асосий алмашинув камаяди.
Гавда вазни, бўй, ёшни ёки гавда юзасини билиб олиб, одамлардаги асосий алмашинув интенсивлигини махсус формула ёки таблицалар ёрдамида аниқлаш мумкин. Дрейер формуласига биноан асосий алмашинувнинг ккал ҳисобидаги суткалик миқдори (H) қуйидагича бўлади:
Н=√w/К·А^0.13333333
бу ерда W — одамнинг гавда вазни (грамм ҳисобида), А — ёши,-K— константа (эркаклар учун 0,1015, аёллар учун 0,1129).
Формула ва таблицалар статистик йўл билан тузилган, яъни жинси, ёши, бўйи ҳар хил кишиларнинг асосий алмашинувини қайта-қайта аниқлаб чиқарилган ўртача рақамлардир.
Гавда тузилиши нормал бўлган соғлом одамларнинг асосий алмашинувини шу таблицаларга қараб ҳисоблаш энергия сарфи ҳакида тахминан тўғри маълумот беради (хатоси 5—8%). Қалқонсимон без ортиқча ишлаганда ва бошқа баъзи касалликларда асосий алмашинувни аниқлаш шу вазн, бўй, ёш ва гавда юзасига мос келмайдиган даражада ғоят юксак маълумотларни беради. Қалқонсимон без етарли ишламаганда (микседема), гипофиз, жинсий безлар функцияси сусайганда асосий алмашинув камаяди.
Уйқу вақтида энергия алмашинув интенсивлиги тийраклик даврига нисбатан 8—10% камаяди, чунки уйқу вақтида мускуллар максимал даражада бўшашади. Гавда температурасининг кўтарилиши энергия алмашинувига анча катта таъсир кўрсатади. Масалан, одамнинг гавда температураси 1° кўтарилса, энергия сарфи ўрта ҳисоб билан 10—11% ортади.
Иқлимий шароит таъсирида ҳам асосий алмашинув миқдори ўзгаради: тропикларда ўрта географик кенгликлардагига нисбатан 10—20% кам ва шимолда совуқ вақтда ортиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |