1.1.3-расм. Ҳудудларда аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашнинг ташкилий тузилмаси26
Хулоса қилиб айтганда, аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш тизимини, унинг барча босқичларида муҳим омил ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, мураккаб-динамик тизим сифатида ўрганишга имкон берувчи тизимли ёндашув қўллаш мақсадга мувофиқ.
§1.2. Сурхондарё вилоятини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминланганлик ҳолати таҳлил ва ундаги муаммолар
Бугунги кунда аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш борасида ҳал этишни талаб қилаётган ўта муҳим муаммолар, ҳеч шубҳасиз, шу борадаги саъй-ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш ва кенг миқёсдаги халқаро ҳамкорликни, келажакка қаратилган ёндашув ва хулосаларни биргаликда ишлаб чиқишни тақозо этади. Ва ўз-ўзидан тушунарлики, жаҳоннинг турли мамлакатларида тўпланган тажриба ва амалиёт билан тизимли ҳамда доимий равишда алмашиб туришни талаб қилади. Ижтимоий йўналтирилган барқарор, эркин бозор иқтисодиётига, кучли демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш мақсадида республиканинг барча соҳаларида, жумладан, қишлоқ хўжалигида улкан ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотлар ҳукуматимиз раҳбарлигида босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.
Ўзбекистонда аҳолининг озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш, озиқ-овқат бозоридаги барқарорликни таъминлаш йўлида фаолият юритадиган муҳим тармоқ – аграр соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масаласига катта эътибор қаратилиши ҳам аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашга таъсир қилаётган муаммоларни тўлалигича бартараф қила олмаяпти.
Мазкур ҳолатни Сурхондарё вилояти туманлари кесими таҳлилида қараб чиқилса, қуйидаги манзарани кўриш мумкин.
Маълумки, Сурхондарё вилояти республикамизнинг энг жанубий қисми ҳисобланиб, географик жиҳатдан минтақанинг марказий ва жанубий қисми текисликлардан иборат. Сурхондарё вилояти 14 та туман, 1 та шаҳар, 6 та маҳаллий аҳамиятга эга шаҳарлар ва 252 та қишлоқ аҳоли пунктларидан иборат. Умумуй ер майдони 20,1 минг км². Вилоят аҳолиси 2018 йил 1 январ ҳолатига кўра, 2513,1 минг кишини ташкил этиб, 2017 йилда 50,8 минг кишига ёки 1,02 %га ўсган. Жумладан, минтақада шаҳар аҳолиси сони 892,9 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улиши 35,5 %), қишлоқ аҳолиси сони 1620,2 минг кишини (64,5 %) ташкил этади27.
Республикада ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 8,1 фоизи Сурхондарё вилоятида етиштирилади. Жумладан бу кўрсатгич полиз экинлари бўйича 9,5 фоизни, узум – 8,7, сабзавот -7,7, гўшт -8,4 ва сут етиштириш бўйича 8,3 фоизни ташкил этади.28 Вилоятда 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 15046,2 млрд. сўмни ёки 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 129,6 фоизни (11608,1 млрд. сўм) ташкил қилди. Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг умумий ҳажмида деҳқончилик маҳсулотлари умумий улуши 69,4 фоизни, чорвачилик маҳсулотлари 28,7 фоизни ташкил этди.
2018 йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 613084 тонна дон маҳсулотлари (100,5 фоиз), 292822 тонна картошка (114,3 фоиз), 998063 тонна сабзавот (101,8 фоиз), 241881 тонна полиз (111,5 фоиз), 149962 тонна мева (98,3 фоиз), 102403 тонна узум (100,3 фоиз) етиштирилди29.
Барча ҳудудларда деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиши асосан деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳисобига ташкил этмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, вилоятда ички саноат ишлаб чиқаришнинг пастлиги натижасида минтақа аҳолиси кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли даражада таъминланмаган.
1.2.1-расм. Вилоят аҳолисининг маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлик даражаси, % (кг/минг тонна)30
Юқоридаги расмдан кўриниб турибдики, вилоятда ички ишлаб чиқариш ҳисобига аҳолининг эҳтиёжлари макарон маҳсулотлари бўйича 13,2%, маргарин – 8,5%, гўшт маҳсулотлари – 6,1% қопланса, гўшт ва балиқ консервалар, сут маҳсулотлари (болалар учун озуқалар, қуруқ сут, майонез, пишлоқ, сметана, творог) вилоятда деярли ишлаб чиқарилмайди. Вилоятнинг ушбу озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш асосан Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент вилоятларидан олиб келиш ҳисобига амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида вилоятда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархининг бошқа вилоятларга нисбатан ўсишига олиб келмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, республикада 2017 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот(хизмат)лари умумий ҳажми 69504,2 млрд.сўмни ёки 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 102,0 фоизни, шу жумладан деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар – 68906,7 млрд.сўмни (101,9 фоиз), ўрмон хўжалигида – 117,9 млрд.сўмни (101,6 фоиз), балиқ хўжалигида – 479,6 млрд.сўмни (126,8 фоиз) ташкил қилди. Хусусан энг юқори ўсиш суръати Сурхондарё вилоятида (106,6 фоиз) кузатилган эди. 2018 йилда эса Республиканинг қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизмат)лари умумий ҳажмида Сурхондарё вилояти улуши ўртача 9,1 фоизни ташкил этди ва ҳудудлар бўйича етакчи кўрсаткичларни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткичлар Сурхондарё вилояти ҳудудлари кесимида қуйидагича ташкил қилган (1.2.2-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |