Бухородаги парокандалик оқибати Эроннинг Бухорога ҳужум қилишига шароит яратди. Эрон шоҳи Нодиршоҳ Кавказ, Ҳиндистон, Усмонли турклар ва Афғонистонга зафарли юришлардан сўнг, 1736 йил Бухоро хонлигига бостириб кирди. Нодиршоҳнинг ўғли Ризоқул қўшинлари Амударёдан ўтиб кўпгина ҳудудларни босиб олади. Бухоро хони Хива хонидан ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Хива хони Элбарсхоннинг ёрдамга келаётганидан хабар топган Ризоқул қўшини Нодиршоҳ буйруғига биноан қайтиб кетади.
Нодиршоҳ 1740 йил Бухорога иккинчи марта ҳужум қилди. Бухоро хонлигида мунтазам қўшиннинг йўқлиги, ички низоларни бартараф этиш билан банд бўлган Хива хони ҳам Бухорога ёрдам бера олмаганлиги Нодиршоҳнинг ғалабасини таъминлади.
3. Аштархонийлар даврида ижтимоий-иқтисодий тузум
Давлат тизими ва бошқаруви жиҳатидан Аштархонийлар даврида ўз тузилиши ва моҳиятига кўра шайбонийлар давридан деярли фарқ қилмас эди. Давлатнинг ички ва ташқи сиёсатига доир масалалар расман олий ҳокимият бошлиғи Хон ихтиёри билан ҳал қилинарди. Марказий ва маҳаллий ҳокимият бошқарувида ҳам шайбонийлар даврида амалда бўлган лавозимлар сақланиб қолсада, айрим ўзгаришлар ҳам бўлган. Чунончи, шайбонийлар даврида девонбеги хондан кейинги шахс бўлган бўлса, энди оталиқ бундай мартабага эга бўлган. Шунингдек Аштархонийлар даврида сарой қутволи давлат лавозими жорий этилган. У давлат маблағи ҳисобига амалга оширалидаган қурилиш, сув иншоотлари барпо этиш ва ободончилик ишларини бошқарган.
Маъмурий жиҳатдан Бухоро хонлиги вилоятларга, вилоятлар туманларга бўлиб бошқарилган. Вилоят ҳокимлари хон томонидан тайинланган. Энг юқори давлат лавозимларига қудратли қабилаларнинг бошлиқлари тайинланган. Бу эса мазкур қабилаларнинг мавқеини янада кучайтирган. Ҳарбий соҳада доимий қудратли ҳарбий қўшин ва марказий ҳарбий қўмондонликнинг йўқлиги, қўшин замонавий қурол билан таъминланмаганлиги Бухоро хонлигининг ҳарбий жиҳатдан ўта заифлашувига олиб келди.
Ерга эгалик қилишнинг илгариги асрларда бўлганидек Аштархонийлар даврида ҳам мулки султоний, хусусий мулк, мулки ҳурри холис, вақф ерлари шакллари мавжуд эди. Мулки султоний - давлат ерлари ҳисобланиб, ундан келадиган даромад хон хазинасига тушган. Давлат ерларидан ўша жойларда яшаган деҳқонлар фойдаланган, улар ерни ишлатиб, олинган ҳосилдан хирож солиғи тўлаганлар.
Хон давлат тасарруфидаги ерларни, аҳоли яшайдиган қишлоқларни шаҳзодалар, йирик дин пешволари ва саййидларга суюрғол шаклида инъом қиларди. Суюрғол қилинган катта ер эгалари хон хазинасига солиқ тўламас эди. Ҳарбий қисм бошлиқлари, сарой амалдорларига танҳо шаклида инъом қиларди, бундай ерлар танҳодорнинг хусусий мулки бўлмаган, танҳодор ўша ерларда ишлаётган деҳқонлардан солиқ йиғиб олиш ҳуқуқига эга бўлган.
«Мулки ҳурри холис» - солиқлардан озод қилинган мулклар бўлиб, Хон айрим шахсларга ҳукмдорга кўрсатган алоҳида хизматлари учун инъом этган ер-мулклардир. Вақф мулклари - мулки султоний ҳисобидан диний маҳкамаларга берилган бўлиб, бу ерлар масжид, хонақоҳ, қабристонлар мулки ҳисобланган; вақф мулкидан ҳам солиқ олинмас эди. Барча мулк шаклларига хос хусусият - уларда ерсиз камбағал деҳқонлар ижара ҳисобига меҳнат қилганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |