Хива хонлигида сиёсий вазият ва Ёш хиваликлар фаолияти. 1917 йил бошларида Россия марказида юз берган воқеалар Хива хонлигига ҳам ўз таъсирини ўтказди. 1917 йил 5 апрелда Хива хони Асфандиёрхон (1910-1918) Ёш хиваликлар партиясининг ислоҳат тўғрисидаги манифестига имзо чекди. Ёш хиваликлар партияси 1914 йил ташкил топган эди. Манифестда янги усул мактаблари очилиши, мамлакатда темирйўл, почта, телеграф барпо этилиши зарурлиги, давлат хазинаси назорат остига олиниши, барча амалдорларнинг сайланиши ва маош билан таъминланиши, бутун аҳолининг шариат олдида тенглиги таъкидланган эди.
Ислоҳотлар амалга оширилишини назорат қилиш учун 30 кишидан иборат Идораи машруфа ташкил қилинди. 8 апрел куни мамлакатни бошқариш учун Хивада хон ҳузурида қозикалон Бобоохун Салимов бошчилигида Мажлис ва Ҳусайинбек девонбеги Матмуродовраислигида Нозирлар Шўроси ташкил топди. Бу билан Хива хонлигида қисқа муддатга бўлса ҳам конституцион монархия ўрнатилди. 1917 йил майда Ёш хиваликлар партияси раҳбари Полвонниёз Юсупов бошчилигидаги делегация Муваққат ҳукумат вакиллари билан музокара ўтказиш учун Тошкентга келди. Бироқ Асфандиёрхон Муваққат ҳукуматнинг Хивадаги вакили генерал Мирбадалов бошчилигидаги ҳарбий кучларга таяниб, июн ойида Мажлисни тарқатиб юборди. Хон ўзига мақбул кишилардан Ортиқ Охун ва Исҳоқхўжа Хўжаев бошчилигида янги таркибдаги Мажлис ва Нозирлар Шўросини шакллантирди.
Ёш хиваликлардан шафқатсиз ўч олишга киришилди. Ҳусайинбек Матмуродов бошчилигидаги Мажлиснинг 17 нафар собиқ аъзоси қамоққа олинди ва кейинчалик қатл этилди. 1917 йил ноябрда Асфандиёрхон рус казаклари ёрдамида Мажлисни бутунлай тугатди. Хоннинг истибдод тузуми билан курашда мағлубиятга учраган Ёш хиваликлар мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Хонликда вазиятнинг кескинлашуви. Хива хонлиги мустақиллигига совет Россияси томонидан ташқи хавфни ҳис этган хон мудофаа чораларини кўришга интилди. Асфандиёрхон томонидан 1918 йил Жунаидхон Хива хонлиги қуролли кучлари қўмондони этиб тайинлайди. Жунаидхоннинг асл исми Қурбон Мамед Сардор бўлиб, у туркманларнинг ёвмут уруғига мансуб бўлган. Хива хонлигининг бир қисмида Амударё бўлими (маркази – Петро-Александровск; ҳозирги Тўрткўл) ташкил қилинган бўлиб, у Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига кирган. Россиядаги 1917 йил Феврал инқилобидан кейин Тўрткўлда ҳам совет ҳокимияти ўрнатилди. Тўрткўлда турган совет қўмондонлигининг ҳарбий кучлари доимий равишда Хива хонлиги ҳудудига тажовуз солиб турди. Хонга қарши мухолифатда турган Ёш хиваликларнинг аксарият қисми ҳам бу ердан бошпана топди.
1918 йил 30 октябрда Хивада бўлган сарой фитнаси оқибатида Асфандиёрхон ўлдирилди. Тахтга марҳум хоннинг катта акаси, замондошларининг фикрича бўшанг ва иродасиз Саид Абдуллохон (1918-1920) ўтирди, ҳукумат бошлиғи Давлатмурод маҳрам бўлди. Бироқ янги хон давлат ишлари билан шуғулланмас эди. Ҳокимият Жунаидхон қўлида марказлашди. Жунаидхон совет ҳокимиятининг душмани бўлган. Жунаидхон қўшинлари 1918 йил ноябрда Амударёдан ўтиб, Тўрткўлга ҳужум қилди. Қизил аскарларга қарши жанглар 1,5 йилча давом этди. 1919 йил 9 апрелда Хива яқинидаги Тахта қишлоғида Жунаидхон билан совет ҳокимияти вакиллари ўртасида шартнома имзоланди. Тахта шартномаси сифатида тарихга кирган бу битимда мустақақиллигини Хива хонлиги мустақиллиги совет ҳокимияти томонидан тан олинди. Бироқ Совет Россияси ва Туркистоннинг болшевик раҳбарлари Хива хонлигидаги барча мухолиф кучларни жипслаштиришга интилди.