2. Ёш бухороликлар ва Бухоро Амирлиги тугатилиши
Бухоро ижтимоий ҳаётида ХХ аср бошида бир-бирига қарама-қарши 2 куч пайдо бўлди: 1) сиёсий ҳаётни демократик асосда қайта қуриш, иқтисодни ривожлантириш, илғор мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун курашувчи – ёш бухороликлар; 2) янгилик ва ислоҳатлар душмани бўлган тоифа вакиллари - диний мутаассиблар. Ёш бухороликлар сиёсий ҳаракат сифатида 1910 йилдан фаолият кўрсатди; унинг намоёндалари А.Бурҳонов, А.Фитрат, С.Айний, Ф.Хўжаев, У.Хўжа, А.Муҳитдинов, М.Сайиджонов эди. Улар республика тузумини ўрнатишга ҳаракат қилдилар. Ёш бухороликлар янги усул мактабларини ташкил қилди, дарслик ва ўқув қўлланмаларини ёзди, “Бухоройи шариф”, “Турон” газеталарини нашр қилди.
Амир Абдулаҳадхон 1910 й. вафот этгач, ўғли Сайид Олимхон (1910-1920) тахтни эгаллади, у 1893 й. Петербургга бориб 3 йил ҳарбий ишлар ва давлат бошқарувини ўрганган эди. Россиядаги воқеалар ва амирликдаги мухолифатчи кучлар амирни чора-тадбир кўришга, Ёш бухороликлар (жадидлар)нинг демократлаштириш ва ислоҳат ўтказиш талабларига ён беришга мажбур қилди. Россиядаги 1917 й. феврал воқеалари ва Бухоро сиёсий ҳаётидаги жонланиш, сиёсий ўзгаришларнинг Бухорода ҳам такрорланишидан сақланиш амирни айрим ислоҳатларни амалга оширишга ундади.
Бош қози 1917 й. мартда амир қабулхонасида ислоҳат ўтказишга ваъда берди; у амирнинг мавжуд тузум асосларига дахл қилмайдиган ва халқнинг аҳволини кўп ҳам ўнгламайдиган фармонини ўқиб эшиттирди. Фармонда одил судлов ва солиқ ундиришнинг барқарор асосларини яратиш; саноат ва савдони ривожлантириш; амалдорларга қўшимча устама ҳақ олиш тақиқланди, уларга маош таъсис этиш; давлат хазинаси таъсис этиш ва бюджет белгилаш; босмахона очиш, маҳбусларни озод қилиш ҳақида сўз борган. Шу мақсадда "тиниқ фикрли ва одил" одамлардан "ассамблея" (мажлис) тузувчи "миллат"ни сайлаш мўлжалланди. Фармонни амалга ошириш мақсадида тузилган қўмита "Ёш бухороликлар қўмитаси" деб аталган. Ёш бухороликлар раҳномалари ислоҳат борасида якдилликка эриша олмади: Беҳбудий, Муллахон ўғли, М.Ғулом фармонни қўллаган бўлса, радикал ҳаракат тарафдорлари - Ф.Хўжаев, Фитрат, У.Хўжа янада чуқур ислоҳат ва намойиш ўтказишга даъват этди.
Жадидлар 1917 й. 8 апрелда Карки ва Бухорода намойиш ўтказишди; Бухорода 150 кишилик намойишга Ф.Хўжаев ва Фитрат раҳнамолик қилишган. Шиорларда “Яшасин Амир” қаторида “Ҳуррият, Адолат, Мусавват” каби даъватлар ҳам бор эди. Намойишчилар Арккача етиб келгач 200 пиёда ва 300 отлиқ сарбоз намойишчиларни тарқатиб, ҳибсга ола бошлади; Аркни ислоҳатга қарши чиққан 7 мингдан зиёд уюшган муллалар гуруҳи эгаллаб олди. Муллалар Аркка яқин келган кишига ўлдириш билан таҳдид қилди; 30 дан зиёд намойишчи ҳибсга олинди, кўпларига тан жароҳати етказилди, қутулиб қолган намойишчилар бошқа шаҳарларга қочиб жон сақлашди.
Омон қолган жадидлар 1917 й. болшевиклар томонидан эгалланган Туркистонга қочишди. Тошкентда ўрнашиб олган Ёш бухороликларнинг сўл қисми 1920 й. январда Ф.Хўжаев раҳбарлигида “Инқилобчи ёш бухороликларнинг Туркистондаги марказий бюроси”ни тузишди. Ф.Хўжаев раҳбарлик қилган Ёш бухороликлар ва болшевикларнинг биргаликдаги ҳаракатлари билан Бухорода давлат тўнтариши тайёрланди. Маҳаллий аҳоли орасида кучли ташвиқот юритиш мақсадида "Учқун" газетаси ва "Тонг" журнали нашр этилди.
Ёш бухороликлар амирни тахтан ағдаришнинг сиёсий ва ташвиқий асосларини ҳозирлашга киришди; улар 1920 й. 29 августда Чоржўйда қўзғолон уюштирди, бу ерда Муваққат инқилобий қўмита тузилиб, у Россиядан ёрдам сўради. Совет давлати яхши қуролланган қўшин ва ҳарбий авиация билан таъминланган йирик ҳарбий қисимларини Бухорога ташлади; Амир ва қўшинлари деярли қаршилик кўрсата олмади. Амир Олимхон оиласи ва амалдорлари билан Афғонистон томонга қочиб ўтди. Болшевиклар армияси 1920 й. 2 сентябрда Бухорога кирди; 6 октябрда Бухоро халқ совет республикаси ва Ф.Хўжаев бошчилигидаги 1-ҳукумат - Халқ нозирлар кенгаши тузилганлиги эълон қилинди. Бухоро амирлиги хазинасини бош вазир-қўшбеги Мирзо Насрулло рўйхатга олган.
Мутаассиб (араб.-ўта фидойи) - динга қаттиқ берилган, унинг ақидаларига кўр-кўрона амал қилувчи. Муваққат (араб) - вақтинча, муайян муддатга тузилган ҳукумат. Радикал (лот.-тубдан) - кескин ва қатъий чоралар тарафдори.
Do'stlaringiz bilan baham: |