Махсус-юридик усул – махсус юридик билимлар асосида қонунчиликда қўлланилган юридик терминларнинг мазмунини тушунтириб бериш. (N. Saburov. Sh. Saydullayev. 274-279-betlar)
99-SAVOL:
Юридик жавобгарликни истисно қилувчи ҳолатлар бўлган зарурий мудофаа, охирги зарурат, буйруқни ёки бошқача тарздаги расмий вазифани бажариш, муомалага лаёқатсизлик ва бошқаларни муҳокама қилинг
Шахснинг ҳаракатларида Жиноят кодексида назарда тутилган аломатлар расмий жиҳатдан мавжуд бўлса-да, лекин у ижтимоий хавфли, ғайриқонуний ёки айбли бўлмаса, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар деб топилади. Юридик жавобгарлик ва қилмишнинг ҳуқуққа хилофлигини истисно қилувчи ҳолатлар мавжуд ва уларга қўйидагилар киради: ақли норасолик, зарурий мудофаа, охирги зарурат, ижтимоий
хавфлилик даражаси бўлмаган ҳуқуқбузарликлар содир этиш ва ҳоказолар. ( X. T. Odilqoriyev. 537-bet)
Юридик жавобгарликни истисно қилувчи ҳолатлар: зарурий мудофаа; охирги зарурат; буйруқни ёки бошқача тарздаги расмий вазифани бажариш; муомалага лаёқатсизлик ва ҳ.
Юридик жавобгарлик-ҳуқуқбузарга нисбатан ҳуқуқ нормаларида кўзда тутилган санкциялар асосида давлатнинг мажбурлов чораларини қўллаш бўлиб, бунда айбдор шахс муайян ҳуқуқлардан (шахсий, ташкилий ва хоказо) маҳрум этилади. (N. Saburov. Sh. Saydullayev. 294-bet)
100-SAVOL:
Юридик фактлар – ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирувчи, ўзгартирувчи ва бекор қилувчи ҳолатлар эканлигини муҳокама қилинг.
Барча ижтимоий ҳаёт ҳодисалари сингари ҳуқуқий муносабатлар ҳам тараққиёт қонуниятларига итоат этади. Инсонлар ўртасидаги алоқаларнинг юридик шакли бўлмиш ҳуқуқий муносабатлар мунтазам равишда пайдо бўлиб, ўзгариб ва барҳам топиб туради. Ҳуқуқий муносабатлар юридик нормалар асосида келиб чиқади. Бироқ, ҳуқуқий нормалар ўз-ўзидан, бевосита ҳуқуқий муносабатларни пайдо қилмайди. Нормалар фақатгина ҳуқуқий муносабатлар вужудга келишининг шартларини, ҳолатларини ва чегараларини белгилаб беради. Ҳуқуқий муносабатларнинг мавжудлиги юридик фактлар, деб аталувчи муайян ҳаётий ҳодисалар билан боғлиқ. Юридик фактлар ҳуқуқий муносабатларнинг зарурий шарти, аниқ талаби сифатида майдонга чиқади. Хўш, юридик фактлар дегани қандай ҳодиса? Турмушдагибарча воқеликлар мана шундай ҳодисалар ҳисоблана оладими? Чамаси, йўқ. Ҳаётда турли-туман фактлар, ҳолатлар, шарт-шароитлар бор. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам юридик факт бўлавермайди. Муайян ҳодиса ва ҳолатларни юридик факт деб эътироф этиш давлатнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Юридик факт ҳуқуқий муносабатни келтириб чиқаради, томонларда ҳуқуқ ва мажбурият вужудга келтиради. Ҳуқуқий нормалар таъсирида у ёки бу ҳаётий ҳолатлар юридик фактга айланади. Демак, юридик фактлар – ҳуқуқий нормалар асосида ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирувчи, ўзгартирувчи ва барҳам топтирувчи ҳаётий ҳодисалардир. Юридик фактлар ҳуқуқий тизимда, ҳуқуқий тартибга солиш механизмида муҳим роль ўйнайди ва катта аҳамият касб этади. Улар ҳуқуқий норма билан аниқ ҳуқуқий муносабат ўртасидаги боғловчи бўғиндир. Юридик фактлар ҳуқуқий нормалар ва ҳуқуқдорлик (ҳуқуқ субъекти), субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбурият билан биргаликда ҳуқуқий муносабатларнинг зарурий шарти ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Фуқаронинг олий ўқув юртига кириб ўқиш ҳуқуқи амалга ошиши учун у балоғат ёшига етганлиги ҳамда муомала лаёқатига эгалигидан ташқари тегишли юридик факт мавжуд бўлиши лозим. Бу юридик факт – унинг кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириши, танловдан ўтиши ва буйруқ билан ўқув муассасасига қабул қилинишидир. Ана шундагина талаба билан ўқув юрти маъмурияти ўртасида ҳуқуқий муносабат келиб чиқади. Юридик фактлар ҳуқуқ нормаларида назарда тутилади, мустаҳкамланади. Масалан, никоҳни ФҲДЁ (ЗАГС) идораларида рўйхатдан ўтказиш факти – юридик фактдир, чунки бу ҳолат Фуқаролик кодекси ва Оила кодексида мустаҳкамланган. Айни вақтда, масжидда ҳам никоҳ ўқиш фактлари (урф-одати) мавжуд. Бироқ, бу факт қонунда назарда тутилмаган. Шу боис у юридик факт бўла олмайди. Юридик фактлар хилма-хилдир, улар моҳиятан бир неча турларга бўлинади. Юридик фактлар улар келтириб чиқарадиган ҳуқуқий оқибатларга қараб: ҳуқуқни яратувчи, ҳуқуқни ўзгарти-рувчи ва ҳуқуқни бекор қилувчи фактларга бўлинади. Айни бир юридик ҳодиса бир вақтнинг ўзида ҳам ҳуқуқ яратувчи, ҳам ҳуқуқни ўзгартирувчи, ҳам ҳуқуқни бекор қилувчи факт бўлиши мумкин. Масалан, инсоннинг ўлими факти мерос ҳуқуқий муносабатларининг келиб чиқишига сабаб бўла олади, ҳуқуқий муносабат иштирокчилари таркиби ўзгаришига олибкелади (яъни, ўлган шахс бу муносабатдан чиқиб кетади), мавжуд қатор (оилавий, меҳнат, нафақа) ҳуқуқий муносабатларнинг барҳам топишига асос бўлади. Юридик фактлар иродани ифодалашига қараб, икки асосий гуруҳга: юридик ҳодисалар ва юридик ҳаракатларга бўлинади. Ҳодисалар – табиат ва жамиятдаги шундай фактларки, уларнинг юз бериши кишиларнинг эрку иродаси, онги ва эҳтиёжига боғлиқ эмас. Масалан, ер қимирлаши, бола туғилиши, инсоннинг вафот этиши, ёнғин, сел каби табиий офатлар ва бошқалар. Мазкур ҳодисалар ҳуқуқ билан тартибга солинувчи ижтимоий муносабатларга муайян таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабдан улар
юридик фактлар, деб тан олинади. Одатда, ҳодисалар ҳуқуқий муносабатнинг объектига таъсир этади. Масалан, ёнғин туфайли уй-жойига зарар етган шахс билан тегишли давлат идоралари, жумладан, суғурта идоралари ўртасида ҳуқуқий муносабат келиб чиқади. Ҳаракатлар – ҳуқуқий муносабат иштирокчилари иродаси билан боғлиқ фактлар. Улар бир неча турга ажралади: ҳуқуққа мувофиқ ва ҳуқуққа хилоф ҳаракатлар. Амалдаги қонун нормалари асосида вужудга келадиган ҳамда шу нормалар билан тартибга солинадиган ҳаракатлар ҳуқуқий (ҳуқуққа мувофиқ) ҳаракатлар, деб аталади. Ҳуқуқий нормалар талабларига зид, уларни бузувчи ҳаракатлар ҳуқуққа хилоф (ғайриқонуний) ҳаракатлар ҳисобланади. Ҳуқуққа зид ҳаракатлар ўз мазмуни ва хусусиятига қараб
жиноий, маъмурий, фуқаролик ва интизомий-ҳуқуқий бўлмаган ҳаракатларга бўлинади. Ҳуқуқий бўлмаган ҳаракат қонунга биноан юридик жавобгарликни келтириб чиқаради. Масалан, жиноят содир қилинганлик учун жиноий жавобгарлик келиб чиқади. Ҳуқуққа мувофиқ ҳаракатлар ўз навбатида икки турга бўлинади:
– юридик актлар;
– юридик хатти-ҳаракат.
Юридик актларда ҳуқуққа мувофиқ ҳаракатлар муайян ҳуқуқий оқибатларни вужудга келтириши назарда тутилиб содир этилади. Бундай ҳаракатларда ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтириш, ўзгартириш ва барҳам топтиришга қаратилган хоҳиш ифодаланди. Масалан, фуқаролик ҳуқуқий битимлари, маъмурий актлар шундай актлар сирасига киради. Юридик хатти-ҳаракат кишилар томонидан ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини атайин кўзда тутмаган ҳолда содир этилади,бироқ бундай оқибатлар қонунда назарда тутилганлиги туфайли келиб чиқади. Масалан, ижодкор илмий ёки бадиий асар яратди, дейлик. Бунда ижодкорнинг ҳуқуқий оқибатларни вужудга келтиришни истагани ёки истамаганидан қатъи назар, қонун муаллифлик ҳуқуқий муносабатлари пайдо бўлишини шарт қилиб қўйган. Демак, ижод маҳсулининг яратилиши – юридик фактдир. Юридик актларнинг энг муҳим хусусияти шундан иборатки, уларда юридик аҳамиятга молик асосий шарт – юридик оқибатларни кўзлаб ўзича иш кўришдир. Шундай қилиб, юридик фактлар ҳуқуқий муносабатлар ўрнатишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади. Улар, одатда, ҳуқуқий муносабат субъектларининг манфаатларига мос келади.
Юқоридаги таҳлилларга якун ясаб, қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
1) ҳуқуқий муносабатлар – ижтимоий муносабатларнинг алоҳида тури бўлиб, улар устқурманинг таркибий қисми сифатида иқтисодий тизим, ишлаб чиқариш муносабатлари замирида
вужудга келади ва такомиллашиб боради;
2) ҳуқуқий муносабатлар, ўз навбатида, жамият ҳаётига, ишлаб чиқариш жараёнига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкин;
3) ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқ нормалари асосида пайдо бўлади (ўзгаради ёки барҳам топади) ҳамда ўз табиатига кўра иродавий характерга эга бўлади;
4) фақат ҳуқуқий нормаларгина ижтимоий муносабатларга қонуний шакл бахш эта олади;
5) ҳуқуқий муносабатлар – давлатли жамиятга хос ҳодиса. Улар давлат сиёсати, хоҳиш-иродаси билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳуқуқ воситасида давлат ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий
тартибга солади; зарур ҳолларда ҳуқуқий муносабатларни рўёбга чиқариш, муҳофаза этиш учун давлатнинг мажбурлаш кучи ишга солинади;
6) демократик жамиятда ҳуқуқий муносабатлар, асосан, ихтиёрий, онгли равишда амалга оширилади. Бироқ шундай бўлсада, ҳуқуқий муносабатлар доимо давлатнинг мададига (кучига) таянади;
7) ҳуқуқий муносабатлар қуйидаги тўрт унсурли таркибий тузилишга эга: ҳуқуқий муносабат субъекти, унинг объекти, ҳуқуқдорлик, юридик мажбурият;
8) ҳуқуқий муносабатлар вужудга келтириладиган, ўзгарти- радиган (ривожлантирадиган) ёки барҳам топтирадиган ҳаётий ҳодисалар (шунингдек, табиат ҳодисалари) юридик фактлар ҳисобланади (чизмага қаралсин);
9) юридик фактлар ҳаётда ҳуқуқдан алоҳида, мустақил бўлиб, давлат хоҳиш-иродаси туфайлигина ҳуқуқий маънога эга бўлади;
10) ҳуқуқий муносабатлар объектив ва субъектив ҳуқуқни амалга оширишнинг алоҳида шаклидир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий муносабатлар фуқаролар, жамоат бирлашмалари, давлат органлари ва бошқа юридик шахс-лар ўртасидаги турли-туман алоқаларни тартибга солиш орқали жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш, шунингдек, инсон, жамият ва давлат манфаат- ларини ҳуқуқий жиҳатдан уйғунлаштиришга самарали хизмат Қилади. ( X. T. Odilqoriyev. 331-336-betlar)
Do'stlaringiz bilan baham: |