3-МАВЗУ
МЕДИАМАКОН ВУЖУДГА КЕЛИШИНИНГ ТАРИХИЙ ЙЎЛИ
ВА РИВОЖИ
МАЪРУЗА РЕЖАСИ:
1. Медиамаконнинг вужудга келиши ҳақидаги турлича қарашлар.
2. Медиамакон тарихининг инсоният тарихи билан чамбарчас боғликлиги.
3. Матбуотпайдо бўлишидаги тарихий эҳтиёж ва ижтимоий сабаблар.
Медиамакон ьурларининг вужудга келиши ва тараққий этиши – варақалар, газеталар, журналлар, радио, телекўрсатувлар, интернет ва бошқалар.
Ҳозирги глобаллашув даврига келиб бутун жаҳонни қамраб олган ва инсониятнинг ҳар кунги ҳаёти, келажаги, тақдирига алоқадор бўлган буюк маданий-маънавий восита бўлмиш медиамакон турган гапки бирданига, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, балки инсоният билан бирга вужудга келиб , у билан бирликда тараққий этган ва шу кунги даражагача етиб келган.. Шуни таъкидлаш лозимки медиамакон фақат фикр филувчи ва ўз фикрини бошқаларга сўз орқали етказувчи табиат маҳсули одамзодгагина хосдир. Гарчи табиат, ўсимликлар олами ва ҳайвонот дунёсида ҳаётий зарурат сифатида информация юбориш ва қабул қилиш мавжуд бўлса-да аммо у ерда ақлий изланиш ва меҳнат йўли билан вужудга келтирилган медиамакон йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки у фақат одамзод томонидан яратилган ва фақат унга хизмат қилади. Инсон ҳаётий тажрибалар туфайли ўз ақлий уринишлари ва тарихий шароитлар натижасида ҳайвонот дунёсидан ажралиб чиқди ва яшаш учун кураш жараёнида турли ижтимоий маҳсулаларга эга бўлди. Шулардан энг биринчиси – тилдир. Махлуқот дунёсида оддий овқатни қабул қилиш ва ичкарига узатиш вазифасини бажариб келган тил инсон учун бошқа, жуда муҳим вазифани – бошқалар билан мулоқат вазифасини бажара бошлади. Ҳайвонот дунёсида бир-бирини чақириш ва бошқа энг зарур вазифаларни бажариб келган овоз (ичкаридаги нафаснинг тамоқ орқали атайлаб чиқарилиши) одамзод учун бошқалар билан алоқа қуролига айлана бошлади. Ҳаёт тажрибалари ва синовлари инсоният учун ўзаро алоқани янада кучайтириш, янги-янги йўлларини излашни талаб қилди ва натижада дастлабки ёзувлар вужудга келди. Ёзувнинг пайдо бўлиши инсониятнинг илк тамаддунини бошлаб берди ва унинг натижасида инсоният оламида медиамакон вужудга келди.
Медиамаконнинг асосини ташкил этувчи матбуотнинг пайдо бўлиш сабаблари ҳамда омиллари медиология назариясидаги энг муҳим масалалардан биридир. Зеро, матбуот пайдо бўлишининг ижтимоий-сиёсий ва тарихий сабаблари, унга асос бўлган шарт–шароитлар унинг ижтимоий табиати ва жамият ҳаётидаги ўрнини белгилаб беради.
Матбуотнинг пайдо бўлиши сабаб ва омиллари хусусида турли хил қарашлар мавжуддир. Дунёнинг етакчи матбуотшунос олимлари матбуотнинг келиб чиқиш сабабларини кишиларнинг ахборотга, янгиликларни билиб туришга бўлган эҳтиёжи билан боғлайдилар. Масалан, АҚШда журналистика соҳасидаги асосий назарий асар ҳисобланган “Матбуотнинг тўрт назарияси” деб номланган китоб муаллифлари Ф.Сиберт, Питерсон ва У. Шраммлар матбуотнинг вазифасини “хабардор қилиш, янгиликни сотиш ва ўқувчиларнинг кўнглини очиш“дан иборат, деб таърифлайдилар ва унинг пайдо бўлишида инсониятнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи асосий ўрин тутган, деб таъкидлайдилар. Рим университетининг профессори Ф.Фатореллонинг “Информациянинг ижтимоий техникаси” деб номлаган асарида ҳам юқоридаги фикр айтилади. Коммунистик таълимот тарафдорлари эса матбуотнинг келиб чиқиш сабабларини жамиятдаги ғоявий қарама-қаршиликлар, синфий кураш билан изоҳлайдилар.Уларнинг фикрича матбуот синфий жамиятда, иқтисодий ва сиёсий муносабатларнинг, синфий қарама-қаршиликнинг кучайиши базасида вужудга келган ва шунинг учун ҳам у синфлар қўлида ғоявий таъсир этиш воситаси, синфий кураш қуроли бўлиб хизмат қилади. Хўш, бу фикрларнинг қайси бири тўғри? Матбуот пайдо бўлишининг туб сабаблари ва омиллари нималардан иборат?
Xudoyqulov Muxtor, [01.09.20 10:48]
Матбуот ва пировордида медиамакон пайдо бўлишининг бош сабаблари аввало инсоният жамияти тарихи, тараққиёти билан боғлиқдир. Матбуот тарихнинг табиий маҳсулидир, уни инсониятнинг тарихи, ҳаёти, тараққиётидан ажратиб бўлмайди ва унинг пайдо бўлиш сабаблари кишилик жамиятининг илк даврларига бориб тақалади. Бунда, албаттаки, кишиларнинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжи асос бўлди.
Аммо матбуот ўз-ўзидан, шундайича пайдо бўлиб қолмади. Гарчи инсониятнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи матбуотнинг пайдо бўлиши учун асос, пойдевор бўлган бўлса-да, унинг пайдо бўлишида яна қатор ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва тарихий сабаблар ҳам мавжуддир. Матбуот аввало инсоният тамаддунининг қонуний маҳсули ва уни тараққий эттирувчи муҳим омиллардан биридир. Даврий матбуот жамият тараққиётининг шундай бир босқичида вужудга келадики, бунда:
а) ёзув пайдо бўлган ва ривожланган бўлиши керак;
б) аҳолининг кўпчилик қисми саводхон бўлиши керак;
в) матбуотнинг техникавий асоси яратилган, босма дастгоҳ ва бошқа зарур асбоблар ишлаб чиқилган бўлиши керак;
г) жамиятдаги ҳукмрон ва бошқа гуруҳлар, табақалар босма сўз воситаси билан сиёсий, иқтисодий, маънавий манфаат кўриш, халқ оммасига ўз ғоявий таъсирини ўтказиш учун матбуотдан фойдаланиш эҳтиёжига дуч келиши керак. Айрим тараққийпарвар шахсларнинг матбуот орқали оммага ўз мақсад, фикр-туйғуларини етказишдан иборат маънавий эҳтиёж ҳам шуниннг жумласидандир. Шу билан бирликда матбуот нашрлари чиқариб, маблағ орттириш, фойда олишдан иборат бўлган иқтисодий эҳтиёж ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Ана шу ижтимоий-сиёсий, маънавий ва иқтисодий-тарихий эҳтиёжлар матбуотнинг пайдо бўлишига, унинг нашрлари, оммавий ахборот воситаларининг бевосита ташкил топишига сабаб, туртки бўлиб хизмат қилади. Хулоса қилиб айтганда, инсониятнинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжи матбуотнинг пайдо бўлишида асос бўлиб хизмат қилса-да, кишилик жамиятида пайдо бўлган ижтимоий-сиёсий, маънавий ва иқтисодий эҳтиёжлар унинг бевосита вужудга келишида туртки, зарур омил бўлган. Кишилик жамияти тарихидаги илк нашрлардан тортиб то ҳозирда фоалият кўрсатиб келаётган барча матбуот нашрлари, оммавий ахборот воситалари фикримизнинг далили бўла олади. Масалан, эрамиздан олдинги I асрда Рим императори Юлий Цезарь томонидан чиқарилган ганчдан ясалган махсус тахтачалар матбуотнинг илк куртаклари саналади.Булар “Actus Senatus” (“Сенат воқеалари”) ва “Actus populi Romani” (“Рим халқи ҳаётига доир воқеалар”) деб аталиб, уларда ўша давр ҳокимиятининг олий бош идораси бўлган сенат йиғилиши ҳақидаги хабарлар ва Рим халқи ҳаётига доир воқеалар ёзилар ва улар одамлар ўқишлари учун шаҳарнинг гавжум жойларига қўйиларди. Бу гипс тахтачалар гарчи ўша давр одамларига турли информациялар етказиб берса-да уларнинг чиқарилишига сабаб Рим империяси ҳукмдорларининг ўз ғояларини оммага етказиш, унга ғоявий таъсир кўрсатиб туришдан иборат бўлган ижтимоий-сиёсий эҳтиёжи бўлган эди. Кейинчалик, VIII асрда Хитойда “Кинг-Пао” (“Пойтахт янгиликлари”) деб аталган тахтага ўйиб ёзилган газеталар пайдо бўлди. Худди шундай илк нашрлар Японияда ҳам тахтага ўйилиб, “Босма газета“ номи билан чиқарилди. Мазкур нашрлар ҳам кишиларга янгиликлар етказиб бериш билан бирликда ўша мамлакатлар ҳукмдорларининг ижтимоий-сиёсий қарашлари, манфаатларини акс эттирган эди.
Босма матбуотнинг вужудга келишида дастлабки қўлёзма варақалар муҳим босқич бўлди. Ўша пайтда дунёда денгиз савдо марказларидан бири бўлган Венецияда қўлёзма варақалар “гацета” деган тангага сотилгани боис дастлабки босма варақалар ҳам “газета” деб атала бошланди.
Xudoyqulov Muxtor, [01.09.20 10:48]
Босма дастгоҳнинг ихтиро қилиниши инсониятнинг маданий-маънавий тараққиётида улкан қадам бўлди ва матбуотнинг кенг кўламда ривожланишига йўл очиб берди. XVI асрнинг ўрталарига келиб Германияда Иоган Гутенберг китоб босиш учун қўлланиладиган илк ускуналарни ясади, 1564 йилда эса Россияда Иван Федоров томонидан биринчи босма китоб – “Апостол” нашр этилди. Кейинчалик бундай босма дастгоҳлардан илк матбуот нашрлари- газеталар нашр этишда фойдаланила бошланди. Европада биринчи босма газеталар пайдо бўлди. Булар – 1609 йилда Германияда нашр этилган”Одер цайтунг”, 1622 йилда Англияда нашр этилган “Уикли ньюс фром”, 1631 йилдан француз тилида чиқа бошлаган “Ла-газета” ва бошқалардан иборат эди. Бу газеталар оммага информация етказиб бериш билан бирликда ўша давр ҳукмронларининг манфаатлари йўлида хизмат қилар эди. Россияда пайдо бўлган илк газета –Петр I нинг буйруғи билан чиқа бошлаган “Ведомости” газетаси ҳам подшони улуғлаш, рус империясини мустаҳкамлаш учун хизмат қилди. Туркистондаги биринчи босма газета “Туркестанские ведемости” ва унинг ўзбек тилидаги иловаси “Туркистон вилоятининг газети” ҳам ўлкани Россияга тобе қилиб сақлашда чор подшосининг мустамлакачилик сиёсати учун хизмат қилди. Кейинчалик, Америка, Англия, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларда чиқарилган кўплаб нашрлар, вужудга келган оммавий ахборот воситалари эса кўпроқ иқтисодий эҳтиёжлар натижаси бўлди. Х1Х асрнинг ўрталаридан вужудга келган коммунистик матбуот нашрлари эса коммунистик якка ғояни тарғиб этиш мақсадида чиқарилди. Шу билан бирликда матбуот тарихида маънавий эҳтиёжлар натижасида пайдо бўлган нашрлар ҳам кўплаб топилади. Масалан, асримиз бошида Туркистонда тараққийпарвар жадид зиёлилари томонидан чиқарилган “Тараққий”, “Садои Туркистон” газеталари ва “Ойина” журнали маънавий эҳтиёжлар маҳсули эди.
Медиология фанида таъкидланишича дастлабки газеталар инсоният учун муҳим ва ҳаётий зарурат бўлган медиамаконнинг вужудга келишида дастлабки қадамлар бўлди. Жамият тараққиёти, инсон онгининг ўсиши, фан ва таехниканинг ривожи билан медиамакон аста-секин янги-янги воситалар билан тўла борди.
Умуман олганда, матбуотнинг илк кўриниши бўлган газеталар ижтимоий-сиёсий манфаатлардан ташқари умуминсоният маданияти тараққиётига ҳам муҳим ҳисса қўшди. Газеталар матбуотнинг энг илк ва ҳаммабоп тури бўлиб юзага келди ва шундай бўлиб қолди. Газеталар фаолияти асосида матбуотнинг ички қонуниятлари, бош қоидалари вужудга келди, газетачилик – матбуотшунослик фани пайдо бўлди. Мана, беш асрдан буён газета инсониятнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаётининг ажралмас бир бўлагига айланди.
Аммо газета инсониятнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий эҳтиёжларини қондириш учун қанчалик хизмат қилмасин жамият тараққиёти бошқа бир матбуот турига эҳтиёж сезди, натижада янги бир матбуот тури дунёга келди, у – “журнал” деб ном олди. Бу сўз французча «Journal» – «кундалик» деган маънони билдирса-да, аслида ҳар куни эмас – кўпроқ муддатда –бир ойда бир марта чиқиб турадиган матбуот турига айтиладиган бўлди.
Xudoyqulov Muxtor, [01.09.20 10:48]
Журнал – газетадан фарқли равишда жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётининг ички, чуқур қатламларини ўзида акс эттирувчи матбуот нашридир. Инсоният жамиятининг тараққиёти, инсон ақл-тафаккурининг ривожланиши натижасида ана шундай матбуот турига эҳтиёж сезилди. Шу билан бирликда мавжуд синфлар, табақалар ўзларининг чуқур ижтимоий-сиёсий, фалсафий, ҳуқуқий, маънавий-эстетик қарашларини ишлаб чиқиш заруратини сездилар. Газеталарнинг имкониятлари эса бунга йўл бермади, шу боисдан журнал келиб чиқди. Биринчи журнал Европада дунёга келди, бу – 1655 йилда Парижда нашр этилган «Journal de Savans» бўлиб, унда адабиёт, фалсафа ва табиий фанларга доир китобларга шарҳлар босилар эди. Худди шу даврда Англияда фалсафага бағишланган илмий журнал нашр этилди. Россияда биринчи журнал 1725 йилда «Ведомости» газетасига илмий илова сифатида чиқарилди. Туркистонда чиққан биринчи журнал 1913 йилда нашр этилган «Ойина» бўлди. Шундай қилиб, журнал ҳам матбуот таснифидан мустаҳкам ўрин олди ва инсоният тафаккурини ўстиришда, жамиятда илм-фан, маданият ва маърифатнинг тараққий этишида, адабиёт ва санъатнинг ривожида муҳим роль ўйнади.
Матбуотнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти шу қадар каттаки, инсоният кашф этган ҳар бир янгилик, ҳар бир имконият матбуот учун қўлланилади, яъни оммага ахборот тарқатишнинг ҳар қандай усули – у хоҳ босма сўз, хоҳ оғзаки бўлсин, матбуот сифатида фойдаланиш мумкинми-йўқми – синаб кўрилади. Шунга биноан, XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида матбуотнинг мавжуд таснифига унинг бутунлай янги тури – радио кириб келди. Радио сўзи, юнонча «radij» – нур таратиш деган маънони билдиради. Радио матбуотнинг ўзига хос – электрон техникага асосланган алоҳида бир туридир. Радио – туб маънода матбуот эмас, яъни сўзни босма усул билан кўпайтириш эмас, балки «оғзаки», электрон техника ёрдамида кўпайтириш, узоқ масофага, кенг ҳудудга тарқатиш орқали иш кўради. Радионинг ана шу хусусияти, яъни, матбуот таснифига бевосита сиғмаганлиги боисдан у қўшилгандан сўнг, бу тасниф оммавий ахборот воситалари деб юритила бошланди. Аммо, радио ҳам ўз моҳияти билан матбуотнинг бир тури ҳисобланади, матбуот қоидалари асосида иш кўради. Рус олими А.С.Попов дунёда биринчи бўлиб, электр сигналларни узоқ масофага симсиз узатиш асбобини яратди ва 1985 йил 7 майда уни Рус физика-техника жамиятида намойиш қилди. Радиотелеграф деб аталган бу мослама дастлаб алоқа воситаси сифатида қўлланилди ва маълум муддатдан сўнг, XX асрнинг бошларида матбуотнинг техникага асосланган ўзига хос бир тури сифатида оммавий ахборот воситалари таснифига кириб келди. 1920 йилда АҚШ да, 1922 йилда Англияда, шу йили Россияда дастлабки радио эшиттиришлар бошланди. Ўзбекистонда эса биринчи радио эшиттириш 1927 йил 11 февралда эфирга чиқарилди. Шундай қилиб, радио оммавий ахборот воситалари тизимини бошлаб берди ва матбуот таснифида ҳамда инсониятнинг маданий-маънавий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олди. Радио ижтимоий ахборот тарқатишнинг энг қулай, тезкор ва ўзига хос воситаси сифатида инсониятга катта хизмат қилиб келмоқда.
Xudoyqulov Muxtor, [01.09.20 10:48]
Матбуот доимо жамият билан биргаликда тараққий этади, такомил топади. XX асрнинг ўрталарига келиб, матбуот таснифида катта бир янгилик, сифат ўзгариши юз берди – телевидение ихтиро қилинди. Бу буюк кашфиётнинг дунега келишида турли мамлакатлардаги кўпгина олимлар, мутахассислар билан бир қаторда тошкентлик тадқиқотчилар Б.Грабовский ва В.Белянскийлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар. Телевидение – узоқдан кўриш деган маънони билдиради. Телевидение радиодан фарқли равишда фақат овознигина эмас – бир вақтнинг ўзида тасвирни ҳам кўпайтириб, узоқ масофа ва кенг ҳудудга ёйиш имкониятини беради. Телевидение пайдо бўлиши билан ижтимоий ҳаётни газета ва журналдаги каби сўз орқали тасвирлаш, радиодаги каби овоз орқали ифодалаш эмас, балки бевосита кўрсатиш имконияти туғилди. Бу эса телевидениенинг матбуот турлари орасидаги аҳамиятини юқори кўтарди. Телевидение ўз фаолиятида ижтимоий ахборот бериш, воқеа ва ҳодисаларни бевосита кўрсатиш жараёнида кино, театр, музика ва бошқа санъатлар воситасидан ҳам кенг фойдалана олиши унинг оммавийлиги, жозибасининг ошишига сабаб бўлди. Телевидение туб маънода матбуот бўлмаса-да (яъни, сўзни босма усул билан кўпайтириш асосида иш олиб бормаса-да), матбуотнинг электрон техникага асосланган тури бўлиб, у ҳам ижтимоий ахборотлар йиғиш ва тарқатишнинг қонун-қоидаларига амал қилади. У инсоният маънавий дунёсини янада бойитди, сермазмун қилди, кино, театр ва санъатнинг бошқа қатор турларининг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Медиамакон таснифига унинг юқоридаги тўрт кўринишидан ташқари ахборот агентликлари ҳам киради. Ахборот агентликлари матбуотнинг бевосита тури, кўриниши бўлмаса-да, оммавий ахборот таснифида ўзига хос ўрин эгаллаб, матбуот турлари орқали намоён бўладилар, Ахборот агентликлари оммавий ахборот воситалари учун ижтимоий хабарлар етказиб берувчи алоҳида бир канал, муассаса ҳисобланади.
XX асрнинг бошларига келиб оммавий ахборот воситалари яна бир кўриниш, электрон техникага асосланган алоҳида бир тур билан бойиди. Бу – инсониятнинг ажойиб мўъжизавий ихтироси бўлган электрон машиналар – компьютерларнинг халқаро тармоғи – Интернетдир. Дастлаб электрон-ҳисоблаш машиналари сифатида ихтиро этилган компьютер қурилмалари тармоқларидан кейинчалик ижтимоий ахборотлар тарқатиш борасида ҳам фойдаланишга киришилди. Интернет орқали ижтимоий-сиёсий, илмий, адабий-бадиий, санъат, спорт ва бошқа соҳаларга доир турли хабарларни етказиш кенг амалга оширила бошланди. Шунингдек, компьютерлар тармоғи орқали фақат матн-хабарларгина эмас, турли суратлар, музика асарларини тарқатиш ҳам мумкин бўлганлиги унинг аҳамиятини янада оширди.
Интернет – ҳудуд билмас масофа ва кенгликлар оша ахборот ва турли маълумотлар тарқатиб оммавий ахборот воситалари таснифида ўзига хос, олдинги ўринлардан бирини эгаллади ва у тобора кенгайиб тараққий этиб бормоқда.
Оммавий ахборот воситалари таснифида китоб ва китоб нашриётлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Китоб аслида даврий матбуот тури эмас, умуман матбуот – босма нашрлар таснифига киради, аммо кўп жиҳатдан даврий матбуотга яқин туради. Китоб ҳам матбуот турлари сингари ижтимоий ҳаётни ўзида акс эттиради ва инсоният маънавий ҳаётида жуда муҳим ўринни эгаллайди. Яъни, китобда жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий ҳаёти, инсон ақл-тафаккурининг барча қирралари акс этади. Шу билан бирликда китобда матбуотга хос бўлган хусусиятлар ҳам мавжуддир. Шу боисдан китоб нашриётлари медиамакон таснифини тўлдириб туради.
Юқоридаги қисқача тарихий экскурсдан кўриниб турибдики инсоният ҳаёти, жамият мавжудлиги ва ривожланишида медиамакон ҳамиша муҳим ўрин тутган. Одамзоднинг ақлу тафаккури ривожи натижасида бу макон янада янги ва замонага мос воситалар билан табора бойиб бораверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |