Ҳуқуқий нормаcини тизимли (системали) шарҳлаш – ҳуқуқий норманинг мазмуни бошқа нормалар билан ўзаро алоқадорлик ва боғлиқликда, мазкур ҳуқуқий норманинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат, ҳуқуқ институти, ҳуқуқ тармоғида тутган ўрни ва аҳамияти аниқланади. Тизимли шарҳлаш ёрдамида нормалар ва ҳужжатлар ўртасидаги зиддиятлар (коллизиялар) аниқланади ва бартараф этилади. Тизимли шарҳлаш усулида шарҳловчи субъект томонидан, биринчидан, ҳуқуқ нормасининг ҳуқуқ тизимидаги ўрни аниқланади (ҳуқуқ соҳаси, институти), иккинчидан, шарҳланаётган ҳуқуқ нормаси билан, мазкур норма татбиқ этилиши назарда тутилаётган аниқ ҳаётий муносабат ўртасида мантиқий боғлиқлик борлиги аниқланади, учинчидан, эса шарҳланаётган норманинг мазмунини билишга эришилади. Тизимли шарҳлаш расман бекор қилинмаган, бироқ амалда бошқалари билан алмаштирилганлиги сабабли аҳамиятсиз, фойдаланилмай қолган нормаларни ҳам аниқлаш имконини беради. Нормаларнинг ўзи мансуб бўлган ҳуқуқ тармоғининг умумий қисми билан алоқалари, тизимли шарҳлаш вақтида ҳисобга олиш зарур бўлган ҳолатлардан биридир. Бундай алоқани кўриб чиқиш, талқин қилинаётган норманинг маъносини ҳар томондан аниқлаштириш ва кенгроқ очиш, унинг умумий йўналтирилганлигини англашга имкон беради. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 615-моддасида ижара шартномасини бекор қилиш тартиби мустаҳкамланган. Шартномани бекор қилишнинг асослари Фуқаролик кодексининг 382-моддасида ҳам белгиланган. Ижара шартномаси бекор қилиниши чоғида ушбу моддалар бир-бири билан солиштирилиб, ижара шартномасини бекор қилиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 615-моддаси билан ҳал этилади. Бунинг учун қуйидаги махсус қоидалардан фойдаланилади: биринчидан, умумий ва махсус нормаларнинг алоқадорлиги (махсус қонунлар муайян фактга тегишли умумий қонун ҳаракатларини бекор қилади, яъни махсус қонун нормалари мавжуд бўлган тақдирда, умумий қонун нормалари қўлланилмасдан, махсус қонун нормалари қўлланилади. Демак, махсус нормалар умумий нормаларнинг ҳаракат фаолиятини чеклайди); иккинчидан, ҳавола этувчи моддаларнинг алоқадорлиги (ҳавола этувчи моддалар шарҳланаётган моддаларни аниқлаштириш учун мўлжалланган ёки мазкур норманинг моҳиятини ёритиш учун ҳавола этилаётган моддаларга мурожаат қилинади); учинчидан, агар турли органлар томонидан чиқарилган ҳуқуқий нормаларнинг қарама-қаршилиги аниқланса, юқори турувчи органлар томонидан қабул қилинган нормага асосланиш лозим; тўртинчидан, агар бир хил юридик кучга эга бўлган икки норманинг бир-бирига зидлиги аниқланса, у ҳолда норма қабул қилинган вақт эътиборга олинади ва кейинги қабул қилинган нормага асосланиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |