Махсус юридик шарҳлашда махсус атамалар, қонунчиликда қўлланилган юридик техника воситалари ва қонун чиқарувчи идоранинг хоҳиш-иродасини ифодалаш усуллари таҳлил қилинади. Қонун чиқарувчи идоранинг ҳуқуқ нормаларида акс эттириладиган хоҳиш-иродаси нафақат умумий истеъмолдаги сўзлар орқали, балки махсус юридик атамалар ёрдамида ҳам ифода этилади. Бунда турли техник-юридик воситалар ва усуллардан фойдаланилади, ҳуқуқий тартибга солишнинг ҳар хил усуллари қўлланилади. Шарҳловчи шахс ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларини, юридик конструкцияни, тартибга солиш усули ва бошқа шу кабиларни ҳисобга олиши керак. Юқорида зикр этилган шарҳлашнинг усуллари ҳуқуқий норманинг мазмунини тўлақонли ёритишга катта ёрдам беради.
( X. T. Odilqoriyev. 425-432-betlar)
Ҳуқуқ нормасини шарҳлаш усуллари – бу ҳуқуқ нормасининг мазмуни ва моҳияти ҳамда унда акс этган ҳуқуқ ижодкорининг иродасини англаш имконини берадиган усул ва воситалар мажмуидир.
Шарҳлаш (англаш) қуйидаги усуллар ёрдамида амалга оширилади: грамматик (филологик); тизимли (систематик); мантиқий (логик); тарихий-сиёсий; функционал; махсус-юридик.
Грамматик усул – бу норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва матнини грамматик-филология ва тил қоидаларига асосан таҳлил қилиб беришдир. Шарҳлашнинг бундай усули орқали умум қўлланиладиган алоҳида ибораларнинг аҳамияти ҳамда терминологик мазмуни аниқланади (масалан: эпидемия, рецидив, ипотека ва бошқалар). Бунда энг аввало, қонуншунос ушбу сўзларга қандай мазмун бахш этганлигини аниқлаш муҳимдир.
Тизимли (систематик) усул – бунда юридик норманинг мазмуни бошқа юридик нормалар билан солиштирилиб, унинг тегишли ҳуқуқ соҳаси нормалари тизимидаги ўрни ва аҳамияти аниқланади. Тизимли шарҳлаш ҳуқуқ нормалари ўртасидаги зиддиятларни аниқлашга ёрдам беради.
Муайян турдаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларидаги бўшлиқларни аниқлашда уларни тизимли таҳлил этиш муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, ҳуқуқ тизимига бирлашган норматив ҳужжатлар бир-бирини тўлдириб, аниқлаштириб туради ва ижтимоий муносабатларни тўлиқроқ тартибга солинишини таъминлайди. Тизимли шарҳлашда тегишли қонун нормаси бошқа турдош нормалар билан таққосланади ва улар ўртасидаги зиддиятлар аниқланади. Бу усулдан қонун ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинганда ёки бошқаси билан алмаштирилганда, эскисида назарда тутилган ва янгисида назарда тутилиши керак бўлган ҳолатлар эътибордан четда қолиб кетмаганлигини аниқлашда фойдаланиш мумкин.
Агар ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи норма бошқа ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола қилса, у ҳавола қилаётган норматив ҳужжатга мурожат қилиш лозим бўлади. Агар ҳавола қилинган норматив ҳужжат бўлмаса, бу ҳолда ўз ўзидан бўшлиқ мавжудлиги аниқланади. Ҳуқуқдаги бўшлиқнинг вужудга келишининг олдини олиш мақсадида қонун нормаси билан бир қаторда у ҳавола қилаётган нормалар ҳам қабул қилиниши лозим, акс ҳолда қонуннинг қўллаш жараёнида ҳуқуқдаги бўшлиқ вужудга келиши мумкин.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 64-соддаси 4-қисмида “Акциядорлар жамиятининг ҳуқуқий мавқеи ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодекс (бу ерда, Фуқаролик кодекси) ва бошқа қонунлар билан белгиланади”16, дейилган. Бу ерда кўриб турганимиздек бошқа қонунлар деганда қонуншунос қандай қонунлар эканлигини назарда тутмаган. Албатта, қонунларда бундай ҳолатларнинг киритиб қўйилиши тартибга солинувчи объект доирасининг кенглиги ва битта қонун нормаси билан тартибга солиб бўлмаслигида ифодаланади. Шунингдек, қонунда киритиб қўйилган “бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади”, деган жумла шундай ҳолат белгиланган қонундан ҳам аввал ҳам кейин қабул қилинадиган қонунларни назарда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |