Тамаки трипси
Thrips tabaci Lind.
Зарари. Трипс, тамаки баргларининг ширасини сўриб, сифатини пасайтиради (кучини, ҳидини қирқади). Трипсдан зарарланган барглар оғирлиги камайиб, сараланганда дарров синиб кетади, дағаллашади ва узилиб кетадиган бўлиб қолади, бу эса тамаки баргларидан сигара тайёрлашга халал беради. Тамаки баргларидаги углеводлар миқдори ҳам камаяди (Федоров). Бундан ташқари, трипс тамакининг рябуха деган вирусли касаллигини тарқатади.
Тамаки трипси пиёз, карам, помидор, ғўза, картошка каби бошқа экинлар шираси билан ҳам озиқланади, аммо Марказий Осиёда, одатда бу экинларнинг фақат иккинчи даражали зараркунандаси бўлиб ҳисобланади.
Тарқалиши. Тамаки трипси ер юзинннг ҳамма жойида учрайди.
Таърифи. Тамаки трипси урғочисининг узунлиги 0,8-0,9 мм, эркагиники 0,7-0,75 мм; микроскопик препаратларда қоплағич ойна остида қорин сегментлари бир-биридан ажралиши сабабли трипс танаси одатда чўзиқ кўринади, шунинг учун трипснинг узунлиги 1,2 мм гача боради. Трипс танаси чўзиқ; урғочисининг узун, йирик (0,17-0,18 мм) ва тишли тухум қўйғичи бор. Трипс мўйловлари 7 бўғимли, боши кўндаланг (бўйи энидан калта), олдинги кўкраги бўйига қараганда деярли 1,4 марта кенгроқ. Қанотлари камбар, четларида узун киприклари (туклари) бор. Устки қанотларида узунасига кетган иккита томир бўлади; устки қанотларидаги узунасига кетган олдинги томирнинг уч қисмида 4 та қил бор. Орқанинг олди қисми орқа бурчакларидаги қилларнинг узунлиги 35-43 микрон келади.
Личинкасининг ранги имагога қараганда очроқ, қанотсиз бўлиб, урғочиларининг тухум қуйгичи йўқ, кўзлари 3-4 катакли, мўйловлари 6 бўғимли. Tухуми ловия шаклида, оқимтир, узунлиги 0,21-0,25 мм.
Ҳаёт кечириши. Тамаки трипси вояга етгач тупроқнинг юза қатламида ҳар хил ўсимлик қолдиқлари остида ва бегона ўтлар орасида қишлаб чиқади. Трипс эрта кўкламда уйғонади ва хўра бўлганидан бегона ўтлар билан озиқлана беради. Тамаки ва бошқа экинлар экилгандан кейин тез орада бегона ўтлардан тамаки ва бошқа экинларга учиб ўтади.
Трипснинг урғочиси эркагидан кўпроқ бўлиб, барг тўқимасига, айниқса ўсимликнинг учидаги ёш баргларига (уларни хуш кўрганидан) кўплаб тухум қўяди. Урғочи трипс умр бўйи 100 тача тухум қўяди.
Вояга етган трипс жуда серҳаракат бўлиб, доимо бир ўсимликдан иккинчи ўсимликка ва бир даладан иккинчи далага учиб юради; улар ҳаво қуруқ ва иссиқ вақтда, айниқса, тушда серҳаракат бўлади. Ҳавонинг нисбий намлиги қанча юқори бўлса, трипс ўсимликда ўшанча узоқ туради, кўпинча бир ўсимликда ҳаммаси бўлиб бир неча соат туради. Урғочи трипс бир неча ўсимликка тухум қўяди. Ёз вақтида вояга етган трипс 10-25 кун яшайди. Тухум қўйилгандан 3-4 кун кейин личинкалар чиқади. Личинкалар вояга етган ҳашаротга қараганда кам ҳаракатроқ бўлади. Улар фақат бир барг доирасида юради, лекин баъзан янги баргларга ва ҳатто ён атрофдаги ўсимликларга ҳам ўтади. Вояга етган трипс ва личинкалар асосан баргларнинг томирлари бўйлаб озиқланади. Личинка 10-15 кунда етилади. Шундай бўлсада, ёз фаслида трипснинг ривожланиш (тухумдан личинка чиқиши ва унинг имагога айланиши) даври 20 кундан ошмайди. Марказий Осиёда трипс ёз бўйи камида 7 авлод беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |