Махсар бити
Macrosiphum jaceae L.
Зарари. Бу зараркунанда махсар ўсимлигининг баргида, поясида ва гулдасталарида кўплаб жойлашиб олиб, ўсимлик ширасини сўриб яшаши натижасида махсар ғунчалари тўкилиб кетади, ўсимлик жуда заифлашиб, ҳосили камайиб кетади.
Тарқалиши. Махсар бити Европа ва Осиёда жуда кўп тарқалган зараркунандалардандир.
Таърифи. Бу битнинг қанотсизи 2,5—1 мм, қанотлиси 2,5—3,5 мм катталикда бўлиб, танаси тўқ жигар ранг ёки қора тусда, ялтироқ бўлади; шира сўриш найчаси цилиндр шаклида, қора тусда. Қанотсизларининг мўйлови танасидан қисқароқ, қанотли битларнинг мўйлови танасидан узунроқ бўлади. Қанотсиз битнинг танаси ноксимон дўппайиб чиққан; қорнида кўндалангига қатор жойлашган тукли дўмбоқчалар бор.
Ҳаёт кечириши. Бу бит махсар экинига ғунчалаш пайтидан бошлаб тушади, бу ерда бит тез урчиб, катта тўдаларни ҳосил қилади. Ўзбекистонда бу бит махсар ўсимлигининг марказий поясидаги ғунчалар очилиш пайтида кўплаб урчийди. Бу бит миграция қилмайди; қанотли битлар май ойидан октябргача бўлган вақт ичида учрайди. Бу бит махсар экинидан бошқа ёввойи ҳолда ўсадиган кўпгина мураккабгулли ўсимликларда, жумладан, бўтакўзда, бўзтикан, какра ва қўзғоқда яшайди.
Кураш чоралари. Бу зараркунандага қарши курашда ғўза битига қарши кўрилгаи тадбирлар амалга оширилади, аммо махсар лалмикорликда ўстирилганидан, бит тушган экинга дори пуркалмайди, балки чангланади. Бунда мураккабгулли бегона ўтларни йўқотиб туриш катта аҳамиятга эга.
Махсар илдиз бити
Brachyunguis anuraphoides Nev.
Зарари. Илдиз бити тушган ўсимлик заифлашади.
Тарқалиши. Илдиз бити ҳозирча фақат Ўзбекистонда ва Қозоғистонда учрайди.
Таърифи. Қанотсиз урғочи бит 1,7—2,6 мм, қанотлиси 1,6—2,2 мм катталикда бўлиб, қанотсизининг танаси кенг овал шаклда бўлади. Қанотсиз бит мўйловининг узунлиги танасининг учдан бирига тенг; қанотлисининг мўйлови эса танасининг ярмидан сал қисқароқ.
Битларнинг шира сўриш найчаси цилиндрик шаклда, узунлиги мўйловининг олтинчи бўғимигача етади. Қанотсиз бит думининг узунлиги шира сўриш найчаси узунлиги билан баравар, қанотлисида эса қисқароқ.
Қанотсиз битларнинг ранги мум ғуборли яшил тусда; бошида, кўкрак тергитларида, қорнининг иккинчи ва учинчи тергитида (бўғимида) кўндалангига жойлашган қора узиқ йўллар бор; қорнининг тўртинчи ва бешинчи тергитларидаги йўл-йўллик иккита тўгарак доғ шаклида қўшилишиб кетган; қорнининг еттинчи ва саккизинчи тергитларида биттадан кўндаланг тор йўл бор. Битнинг ўрта кўкраги ва қорни биқинларида қорамтир майда доғчалар бор. Шира сўриш найчаси қора.
Қанотли битнинг танаси овал шаклда бўлиб, кейинги томони сал кенгайган; боши ва ўрта кўкраги қора ёки тўқ-қўнғир, қорни яшил; орқасининг олдинги қисмида ва кўпинча қорнининг олтинчи ва еттинчи тергитларининг ўртасида қорамтир йўллари бор; қорнининг икки ёнида эса қорамтир доғчалар бор.
Ҳаёт кечириши. Битларнинг бу тури ҳозиргача яхши текширилган эмас; бит махсар ва бир қанча мураккабгулли ўсимликларнинг, жумладан бўзтикан, қўзғоқнинг баргларига, поясига ва илдизига жойлашиб ширасини сўриб яшайди. Бу бит махсар экинига май ойида тушади. Қанотли битлар май ва августда пайдо бўлади (Невский).
Бу битнинг тарқалишига кўпинча чумолилар бирмунча тўсқинлик қилиб туради; чумоли бит қанотини тишлаб узиб ташлайди.
Кураш чоралари. Ўсимликларнинг ер усти қисмидаги битларга қарши кураш бошқа битга қарши курашдан фарқ қилмайди. Илдиздаги битларни йўқ қилиш тадбирлари ҳозирча белгиланган эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |