Лавлаги пашшаси
Pegomyia hyoscyami Panz.
Зарари. Бу пашша лавлаги ва исмалоқ баргини шикастлайди, натижада баргнинг айрим қисмлари, баъзан бутун барг қуриб қолади. Лавлаги пашшаси кўпайиб кетган йилларда лавлаги ҳосили анчагина камайиб кетиши мумкин.
Тарқалиши. Лавлаги пашшаси Россиянинг ҳамма қисмларида, Европанинг кўп қисмида ва Шимолий Америкада учрайди.
Таърифи. Лавлаги пашшаси 6—8 мм катталикда, оч кул ранг, қорнида қорамтир йўл бор. Пайпаслагичининг биринчи ва иккинчи бўғими жигар рангда, учинчи бўғими қора; оёғининг болдири ва сони жигар рангли бўлади; урғочиси кўзлари орасининг кенглиги ва қорин қисмининг йўғонлиги билан эркагидан фарқ қилади. Тухуми 0,8—0,9 мм катталикда, чўзинчоқ овал шаклда, оқ тусда бўлади. Личинкаси 9 мм га етади; танаси орқа томонига қараб йўғонлаша боради; танасининг олдинги учи ингичкалашиб боради, кейинги учи тўмтоқ бўлиб, учбурчак тишчаси бор. Личинкада оёқ йўқ; ранги хира сариқ ёки хира оқиш тусда. Сохта пилласининг бўйи 5—6 мм; бочкасимон шаклда, тўқ жигар рангда бўлади.
Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда ғумбаклик стадиясида тупроқ орасида қишлайди. Вояга етган пашша эрта кўкламда пайдо бўлиб, тез орада урчий бошлайди. Бу пашша тухумини олабута, шўрагулли ўсимликлар, исмалоқ, лавлаги, мингдевона каби ўсимликлар баргига қўяди. Битта урғочи пашша 40-100 тухум қўяди. Тухумларни барг орқасига ҳар гал 15—20 тадан қатор қилиб жойлайди.
Тухумдан 2—5 кун ичида личинка чиқади. Чиққан личинкалар барг эти ичига киради ва пуфаксимон йирик каваклар ҳосил қилади. Ўсиши тугалланмаган, личинкалар яшаётган барг қуриб қолса, бу личинкалар қўшни баргга ўтади. Личинканинг ривожланиши 10—12 кунга чўзилади, шу билан бирга личинка уч ёшни кечиради. Вояга етган личинка ўз кавагидан чиқиб, ерга тушади. Личинка ернинг устки қатламида, баъзан кавак ичида ғумбакка айланади.
Ғумбак 1—1,5 хафта ичида пашшага айланади. Лавлаги пашшаси бир ёзда Марказий Осиёда саккизтагача, Россиянинг Европа қисмида эса икки-уч авлод беради.
Кураш чоралари. Лавлаги пашшасига қарши кураш бегона ўтларни йўқотиб туришдан, ерни кузда шудгорлашдан ва қишда ерни суғориб, ёзда экин қатор ораларини юмшатиб туришдан иборатдир.
Лавлагини яганалашда ўсимлик баргида лавлаги пашшаси ва личинка каваги кўриниб қолса, қўл билан эзиб ўлдирилади.
Бу пашшанинг тухумлаш пайтларида бир гектар экинга 15 кг ҳисобидан гексахлоран дусти чангланса яхши натижа беради ёки тухумдан личинкалар кўплаб чиқаётган даврда гексахлораннинг 0,5 % ли мой эмульсия эритмаси пуркалса, личинкаларнинг 95—98 % и қирилади (Островский). Концентрацияси 30 фоиз бўлган тиофос эмульсиясини ёки 1 л сувга 1 г анабазин-сульфат ёки 1,5 г никотин-сульфат на 10 г совун қўшилган эритмани пуркаш ҳам тавсия этилади; бундай эритма ҳар гектарга, экиннинг ёшига қараб, 300—700 л дан сарфланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |