Тарқалиши. Улобарис узунбуруни Марказий Осиёда, Қозоғистонда, Кавказда, Кавказ ортида, Россиянинг шарқий-жанубий қисмида учрайди.
Таърифи. Қўнғиз 4,5—6 мм катталикда; туси қизғиш-қўнғирдан тўқ жигар ранггача бўлади; бош трубкаси нозик ва анча узун; қанотустлигидаги эгатчалар орасида кўндалангига ўтган чуқур ажинлар бор; оёғинингболдири кенг ва жуда ялпоқ; олдинги болдирида ва сонида узун киприклар бор. Тухуми 0,8—1,2 мм катталикда, туси оч сариқ рангда. Личинкаси оқ боши оч қўнғир тусда, оёғи йўқ; танаси тақасимон эгилган. Тўқ қўнғир устки жағи юқорисида биттадан тишчаси бор. Анал тешиги тўрт чокли. Ўсиб етилган личинканинг бўйи 6,5—8 мм гача, бош коробкасининг эни 1,1—1,3 мм. Ғумбаги оқ, бўйи 6 мм гача. Қорнининг сўнгги сегментида бир жуфт этдор ўсиғи бор.
Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда биологияси яхши текширилмаган. Қўнғиз лавлагида, шўрагулли ўсимликларда баргларни нотўғри шаклда тешиб яшайди ва шу ўсимликларга тухум қўяди. Лалми лавлагикорликдаги бир туп лавлаги илдизида 80 тача личинка кўрилганлиги маълум; одатда эса битта лавлагида кўпи билан 20 та личинка бўлади; сувли ер лавлагиларида эса бу личинкалардан еттитагача, одатдаги ҳолларда эса иккита-учта бўлади. Бу зараркунанда куз фаслида лавлагига кўплаб зарар етказади.
Бу зараркунанда асосан лавлаги ва бошқа шўрагулли ўсимликлар илдизида личинкалик стадиясида қишни ўтказади (Бруннер). Бу узунбуруннинг бир қисми ғумбакнинг қўнғизга айланган жойида имаго стадиясида илдиз ичида қишлайди; айрим қўнғизлар эса тупроқнинг устки қатламида ва ўсимлик қолдиқлари остида ва устида қишни ўтказади.
Қишлаб чиққан личинка илдиз ичида апрел ойида ғумбакка айланади. Ғумбаклик даври 10—16 кунга чўзилади, яъни шу муддат ўтгач ғумбак қўнғизга айланади.
Қишлаб чиққанва ғумбакдан кўкламда пайдо бўлган қўнғизлар май ойида ўсимлик илдизига ўзи кемириб ясагаи чуқурчага биттадан тухум қўяди. Тухумдан 6—11 кун ичида личинка чиқади; бу личинка илдиз ичига кемириб чуқурроқ кириб боради. Бу зараркунанданинг генерацияси лалми ерларда 55—65 кунга, сувли ерларда 75—85 кунга чўзилади. Бир йилда бир авлод беради.
Кураш чоралари. Бу зараркунандага қарши кураш лавлаги пайкали теварагидаги бегона ўтларни йўқ қилиб туришдан, қўнғиз тухум қўйишга киришгунча оддий лавлаги узунбурунига қарши ишлатиладиган дориларни сепишдан иборатдир. Уруғчилик хўжаликларда эса уруғлик лавлагини экиш олдидан пухта текшириб, бу зараркунанда тушган лавлаги бракка чиқариб турилади.