Туркистон лавлаги парвонаси
Loxostege nudalis Hb
Зарари. Бу парвонанинг личинкалари лавлагининг янги чиққан баргларини ўргимчак иплари билан ўраб ейди.
Ўзбекистоннинг Нарпай ва Пахтакор туманларида анчагина катта майдондаги лавлаги экини шу зараркунанда таъсири натижасида нобуд бўлганлиги аниқланган эди; бу ерларда ўсимликларнинг деярли ҳаммасига зараркунанда тушган ва бир туп лавлагидаги қурт 30 га етган эди (Степанцев). Марказий Осиёнинг бошқа кўпгина туманларида ҳам ош лавлаги ва қанд лавлагининг бу қуртдан зарарланганлиги кўрилган.
Тарқалиши. Лавлаги парвонаси Марказий Осиёда, Кавказда ва Ўрта ер денгизи соҳилларида учрайди.
Таърифи. Туркистон лавлаги парвонаси қанотини ёзиб турганда катталиги 2,4—2,8 мм келади; олдинги қаноти сарғиш бўлиб, тўртта қорамтир доғи бор; кейинги қаноти кул ранг бўлади. Тухуми қисқа овал, баъзан деярли юмалоқ шаклда, ост томони сал ясси; бўйи 1 мм ча; хира оқ рангда бўлиб, садаф каби ялтираб туради. Қурти (личинкаси) нинг бўйи 2,5 см, сарғиш яшил рангда бўлиб, икки биқинида қорамтир доғлар бор; бу доғлар биринчи сегментида иккитадан ва йирикроқ, қолган сегментларида биттадан жойлашади. Қурт танаси оқиш сўгалчаларга ўрнашган сийрак туклар билан қопланган. Ғумбаги пишиқ оқиш пилла ичида бўлади, бу пиллага тупроқ ёпишган бўлади. Пилла ўртасида тўсиқ бўлиб, унинг инини икки қисмга бўлиб туради; пилланинг бўйи 22—40 мм, эни 3—5 мм келади. Пилладан ер бетигача ўргимчак ипларидан тўқиб йўл солинган.
Ҳаёт кечириши. Лавлаги парвонаси озиқланишдан тўхтаган стадияда ҳамда пилла ўраган қурт ҳолида қишлайди. Баъзан даланинг ҳар квадрат метрида бу зараркунанданинг 100 тагача пилласи бўлади.
Кўкламда пилла ўрайди ва пилладан вояга етган капалак учиб чиқади. Пилладан чиққан парвона иккинчи куниёқ тухум қўйишга киришади. Урғочи парвона ўсимликларнинг, кўпинча лавлаги ва шўрагулли ўсимликлар баргининг ҳар икки томонига тухум қўяди; бунда тухумни кўпроқ лавлагининг марказий баргларига қўяди. Тухумдан чиққан личинка-қурт кўп ўсимликларда, жумладан ғўзада ҳам овқатланади; аммо шўрагулли ва амарантсимон ўсимликларда овқатланишни кўпроқ яхши кўради. Битта парвона 100 тагача тухум қўяди.
Тухумдан икки кунда қурт чиқади. Бу ёш қуртчалар дастлаб тўдалашиб яшаб, кейинчалик ҳар томонга ўрмалайди. Ўсимликнинг шикастланган қисмини қурт ўргимчак иплари билан ўраб олади. Куннинг жазирама иссиқ вақтларида қуртлар ўсимликнинг соя томонига яшириниб олади; эрталабки ва кечқурунги соатларда ўрмалаб юра беради. Қуртнинг ривожланиши 10—12 кунга чўзилиб, шу муддат ичида беш марта пўст ташлайди. Қуртлар вояга етиб овқатланишдан тухтагач, ўсимликдан ерга тушади ва ғумбакка айланади; ёзги авлодда пилласининг устки учи очиқ бўлиб, ер бети билан бир текисда жойлашади. Пилланинг ички деворидаги пишиқ тўсиқ пилла ичига намнинг киришига йўл қўймайди. Ғумбаклик стадияси 10—12 кун бўлади. Пилладан чиққан капалаклар кечаси учиб юради. Бу зараркунанда бир ёзда беш-олти авлод беради. Бу парвона қуртини трясогузка деб аталадиган ҳашаротлар кўплаб йўқ қилади.
Кураш чоралари. Бу зараркунандага қарши агротехник кураш тадбирлари —экин ораси ва теварагидаги бегона ўтларни йўқотиб туриш, зараркунанда ғумбакка айланиши учун ўсимликдан ерга тушганда экин қатор ораларини яхшилаб ишлаш ҳамда далаларни кузда шудгорлашдан иборат.
Зараркунанда тушган экинга натрий кремнефторид пуркалади, бунинг учун ҳар литр сувга мазкур доридан 7 г дан қўшиб, ёки 1 л сувга 10 г натрий фторид қўшиб эритма тайёрланади ва ёки 1 л сувга 1 г париж кўки ва 4 г сўндирилмаган оҳак аралаштириб эритма тайёрлаш ҳам мумкин. Бундай эритмалардан ҳар гектарга 400—750 л сарфланади. Натрий кремнефторид дусти чангланганда экиннинг ўсишига қараб, ҳар гектарига 8—12 кг дан сарфланади. Туркистон лавлаги парвонасига қарши кальций арсенат ва барий хлоридни ишлатиш унча фойда бермайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |