Кунжут қўнғизи (златкаси)
Acmaeodera ballioni Gangl.
Зарари. Бу қўнғиз лалми ерларга экилган кунжутга зарар етказади; шикастланган ўсимлакда чаноқлар барвақт очилиб, уруғи тўкилиб кетади; баъзи ўсимликлар уруғланишга улгурмай қуриб қолади. Родд, Гуссаковский ва Антова маълумотларига қараганда, бу зараркунанда таъсири билан айрим участкаларда кунжутларнинг 97 % гача қуриб қолган ҳоллари бўлган.
Қамаши ва Жиззах туманларидаги лалми кунжут экинларини текшириш натижасида (Родд, Гуссаковский ва Антова) ўсимликларнинг 20 % часи кунжут қўнғизи билан шикастланганлиги аниқланган.
Тарқалиши. Кунжут қўнғизи Ўзбекистон, Туркманистон ва Жанубий Тожикистоннинг лалми ерларида учраб туради.
Таърифи. Вояга етган қўнғизнинг бўйи 4,5—5,5 мм; туси бронза рангда, танаси букчайиб чиққан. Қанотустида нуқтачалардан иборат эгатчалар бор; бу эгатчаларнинг жуфт оралиғида бир қатор, тоқ оралиғида эса икки-уч қатор оқиш туклар бор; мана шу белгисига кўра кунжут қўнғизини бунга жуда ўхшаш бўлган, аммо кунжутга камдан-кам зарар етказадиган нўхат қўнғизидан ажратиш анча осон; нўхат қўнғизининг қанотустида нуқтасимои эгатчалар оралиғининг ҳаммасида оқиш туклар бир қаторга жойлашган.
Кунжут қўнғизининг тухуми оқиш, чўзиқ шаклли; қўйилган тухумнинг усти урғочи қўнғиз жинсий органининг қўшимча безидан чиқадиган оқиш, ғовак қопқоқча билан беркитиб қўйилади.
Личинкаси ғумбакка айланиш олдидан 7 мм гача узунликда бўлади; ранги сариқ; ёки хира оқ тусда. Личинканинг олдинги сегменти жуда кенгайган; боши кўкрагининг олдинги сегменти ичига чўзилиб кирган; кўкрагининг иккинчи ва учинчи сегментининг ҳамда қорнининг биринчи сегментининг икки ёнида иккитадан дўмбоқча бўлади; личинка шу дўмбоқчалар воситаси билан ҳаракат қилади. Личинкада оёқ бўлмайди; қорнидаги сўнгги сегменти учида уйиқ бор. Личинканинг танаси сийрак туклар билан қопланган.
Ҳаёт кечириши. Кунжут қўнғизи личинкалик стадиясида кунжут, кунгабоқар ва баъзи бир ёввойи ўсимликлар поясида қишлайди. Личинка ўзининг озиқланган жойида апрелнинг иккинчи ярмида ғумбакка айланади. Ғумбаклик даври 30 кунга чўзилади. Май охирида вояга етган қўнғизлар пайдо бўлиб, то кузгача соябонгулли ўсимликлар гули билан озиқланиб яшайди.
Қўнғиз тухумини кунжут ёки ўзи озиқланадиган бошқа ўсимлик пояси ва шохлари ичига қўяди.
Тухумдан чиққан личинкалар ўсимлик поясининг ўзаги билан тўйинади. Кунжут қўнғизи тухумини қўйиш учун, асосан ўсишдан орқада қолаётган заиф ўсимликларни танлайди, айниқса ҳаддан ташқари қалин экилган кунжут ўсимлигига кўп тухум қўяди.
Бу қўнғиздан кунжутнинг 957-номерли нави энг кўп зарарланади, 112, 122, 170-номерли ва Ўзбекистоннинг жайдари нави камроқ зарарланади. Кунжут қўнғизи йил давомида бир авлод беради.
Кураш чоралари. Кунжут қўнғизига қарши кураш, бу зараркунанда билан зарарланмайдиган навларни танлаб, нормал қалинликда экишдан, ёз, шунингдек қиш мавсумларида бегона ўтларни мунтазам равишда йўқ қилиб туришдан, айниқса кунжут ва кунгабоқар экинларини ўз вақтида ўриб-йиғиб олиб, пояларини, унинг ичидаги қўнғизнинг тўла ривожланишига йўл қўймай, ишлатиб юборишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |