Кураш чоралари. Подваллар, омборлар, уй-жойларга каламуш оралатмаслик учун тозаликка риоя қилиш, ахлат ва ташландиларни ўз вақтида йиғиштириб олиш, омбор ва складларда озиқ-овқатни яхши беркитилган идишда сақлаш; пол ва деворларнинг тешик-ёриқларини маҳкам қилиб беркитиш, вентиляция тешикларига сим тўр тутиш, каламуш инлари топилган тақдирда уларни яхшилаб беркитиш керак; каламуш инларини металл қипиқ ёки ойна парчалари қўшилган цемент билан беркитиш керак
Бинолардаги каламушларни йўқ қилиш (дератизация) учун газлаш усули қўлланилади, заҳарли емлар қўйилади, биологик ёки механиқ методлардан фойдаланилади.
Газлаш усулида хлорпикрин, сульфит ангидрид ёки дихлорэтан омбор, склад ҳашаротларига қарши қандай ишлатилган бўлса, ўшандай, аммо қисқа муддатда ишлатилади: каламушларни ўлдириш учун газ берила бошлагандан икки-уч соат кейин бинони шамоллатиш мумкин. Баъзан айрим каламуш инлари хлорпикрин ёки цианплав билан заҳарланади. Бундай ҳолларда бир парча латта ёки пахтани хлорпикринга ҳўллаб ёки унга цианплав сепиб, инга киритилади-да, оғзи маҳкам бекитилади, иннинг оғзи олдиндан тайёрлаб қўйилган лой билан сувалади. Айрим инларни дорилаш учун ҳар бирига 1-2,5 г хлорпикрин ёки 1,2 г цианплав сарф қилинади.
Заҳарли емлар каламушларга қарши курашишда кенг қўлланилмоқда; аммо озиқ-овқат складларида, шунингдек гўдак болалар бор уйларда кучли таъсир этадиган заҳарларни емларга қўшиш ярамайди. Емларга заҳарли моддалардан рух фосфиди, барий карбонат, натрий арсенит, оқ мишьяк нонга, қийма гўштга, балиққа, творог ва бошқа кўпгина озиқ-овқатларга қўшилади, емлар шу тариқа тайёрланади.
Барий карбонат тахминан 0,2 г қўшилганда каламушни ўлдиради. Емларда заҳар миқдори одатда асосий модда (озиқ-овқат) оғирлигининг 20-25 % ини ташкил этади. Бинода сув бўлмаса, барий карбонатдан заҳарланган каламушлар чанқовдан қийналиб бинодан чиқиб кетади, шу тариқа ўлган каламушлар бинони саситмайди.
Емга натрий арсенит ёки оқ мишьякни асосий модда оғирлигининг 10 % идан ошмайдиган қилиб қўшиш керак.
Емда рух фосфиди 3 % миқдорда бўлиши керак: дондан тайёрланадиган бўлса, аввал унга дон оғирлигининг 2,5-3 % миқдорида ўсимлик мойи қўшиб, кейин рух фосфиди аралаштирилади.
Каламушларга қарши механиқ усулда курашганда, турли типдаги қопқонлар қўйилади, аммо Туркистон каламуши эҳтиёткор бўлганидан, қопқонга камдан-кам тушади.
Каламушларни йўқ қилиш учун Данич бациллалари ҳам муваффақият билан қўлланилади. Бацилла культураси солинган флакон ва бутилкаларнинг оғзини беркитиб, офтоб тегмайдиган, музламайдиган ва исиб кетмайдиган қуруқ жойда сақланади ва ишлатиш олдидангина очилади. Бациллалар культурасига ун қўшиб, ҳамир қилинади ёки нон ва сухари шу бациллалар культурасига ҳўллаб олинади. Бошқа маҳсулотларда кучли кислоталар ёки кучли ишқорлар пайдо бўлиши ёки аввалдан бор бўлиши мумкин, шунинг учун улар бактериялар культурасига ботирилмайди. Бациллалар культураси емдаги асосий моддага нисбатан икки марта камроқ тортиб олинади. 1 м2 юзага тахминан 20 г культура сарфланади.
Емлар қўйилганидан 15-20 кун кейин Данич бациллалари каламушларни ўлдиради (бу бациллалар баъзан «каламуш тифи» деб аталади). Данич бациллалари одамларга ва уй ҳайвонларига безарардир.
Юқорида кўрсатилган чоралардан ташқари, каламушларга қарши курашиш учун уйларда, омборларда, складларда мушук асраш фойдалидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |