Идрок – перцептив ҳаракатлар тизимидир ва уни эгаллаш махсус ўқитишни ва тажрибани талаб қилади.
Кузатиш.Ихтиёрий идрок этишнинг муҳим шакли кузатишдирки, у нарсаларни ёки теварак-атрофдаги олам ҳодисаларини кўра-била, режали тарзда идрок этишдан иборатдир.
Кузатишда идрок этиш мустақил фаолият сифатида намоён бўлади. Сезги аъзоларини ишлатишни, тери орқали сезишни, кўра билишни, эшитишни ва ҳоказоларни ўрганиш керак. Биз чет тиллардаги айрим сўзларни кўп ҳолларда фарқлай олмаймиз, мусиқавий асарларнинг бузиб ижро этилаётганини пайқамаймиз ёки суратларнинг бўёқ ранглари тасвиридаги ана шундай бузилишларни кўрмаймиз. Кузатишни ўрганиш мумкин ва лозим. Нутқ маданияти ҳақида сўз юритилиши каби идрок этиш, кузатиш маданияти ҳакида ҳам гапириш мумкин. Шу муносабат билан голландиялик таниқли астроном М.Миннартнинг мана бу сўзларини эслатиб ўтиш ўринлидир: «Кўра бошлаш сизларнинг ўзларингизга боғлиқ – ўз кўзларингизга «нимага қарашни бил» деб аталадиган сеҳрли асос билан тегиб қўйсангиз кифоя»14.
Ҳақиқатан ҳам, кузатишнинг муваффақияти кўп жиҳатдан вазифанинг аниқ қилиб қўйилишига боғлиқдир. Кузатувчи учун кузатишнинг йўналишини кўрсатадиган «компас» бўлиши керак. Кузатувчи олдига қўйиладиган вазифа, кузатиш ўрини ана шундай «компас» ҳисобланади.
Таълимнинг кўргазмалилигига ўқитувчининг сўзи билан уйғунлаштирилган тарзда махсус воситалар (кўргазмали қуроллар, ускуналар, намойиш қилинадиган тажрибалар, турли хил экскурсиялар ва ҳоказо)дан фойдаланиш йўли билан эришилади.
Бу воситалар ҳозирга қадар ёрдамчи рол ўйнайди, деб ҳисоблаб келинарди: улар билимларнинг ўзлаштирилишини осонлаштирадиган ва ўқувчиларда ўрганилаётган материалга қизиқиш уйғотишга ёрдам берадиган иллюстратив материал сифатида ишлатиларди. Лекин кейинги пайтларда ўтказилган экспериментал тадқиқотларнинг натижалари таълимда кўргазмалилик принципига бошқача ёндашиш имконини беради.
Афтидан, ўқитиш жараёни ўқувчилар дарс вақтида ўқитувчи томонидан хабар қилинадиган ахборотни қабул қилиши билан чекланадиган принцип асосида ташкил этилмаслиги керак; ўқитиш жараёни ўқувчиларнинг фаол фикрлаш фаолияти тарзида ташкил этилиши керак. Бундай фаолиятдан кўзланган пировард натижа ўқувчилар учун янги билимларга йўл очиб беришдан иборат бўлиб, ўқитиш жараёни ҳам ана шу мақсадга қаратилгандир. Билимларнинг анча пухтароқ эгалланишини таъминлаш учун бу мақсадга қандай воситалар орқали эришиш мумкин? Экспериментал тадқиқотлар шуни кўрсатадики, чамалаб текшириш перцептив фаолият негизида таркиб топган вазиятнинг образини у ёки бу тарзда ўзгартириш ечимни қабул қилиш жараёнининг муҳим қисми ҳисобланади. Бу босқич – реал вазиятдан мавҳумликка ўтиш босқичи – образи илгари сурилган вазифага мувофиқ тарзда қайта қуришдаи иборат фаолиятдан бўлак ҳеч нарса эмас.
Қарор қабул қилиниш жараёни учун муаммоли вазиятни ички жиҳатга ўтказиш (дилга жо қилиш) заруратининг туғилиши ўқитишдаги кўргазмалилик принципининг қўлланилишига тўғри ёндашувнинг фавкулодда муҳимлигидан далолат беради. Кўргазмали қуроллар баён этилаётган материалнинг фақат тасвиридан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Янги билимларни кашф этиш ҳодисаси ўқувчи учун ҳам фанда ёки санъатда ижодий муаммоларни ҳал этиш жараёни каби машаққатли ишга айланиб қолмаслиги учун таълимда кўргазмалиликнинг қўлланилиши фақат вазиятнинг образини яратиш жараёнини эмас, балки ушбу образнинг галдаги вазифаларга мувофиқ тарзда қайта яратилиши жараёнини ҳам йўналтириб юбориши лозим. Бундай тарзда ёндошилганда қўлланиладиган кўргазмали қуролларнинг қандай характерга эгалиги, уларнинг танланиши билан бирга уларнинг дарсда қанчалик кўп кўрсатилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Дарсда кўргазмали қуролларни қўлланишнинг изчиллиги ўқувчиларнинг ўрганилаётган материал андазасини яратиш юзасидан фаолиятини йўналтириб туриши керак.