Хотиранинг биохимик назариялари. Шундай қилиб, ҳозирги босқичда хотиранинг механизмларини ўрганишнинг нейрофизиологик даражаси биохимик тадқиқотлар даражасига тобора яқинлашиб ва кўпинча тўғридан-тўғри қўшилиб кетмоқда. Бу ҳол ушбу даражаларниннг туташган жойида олиб борилаётган кўплаб тадқиқотларда ўз тасдиғини топди. Ана шу тадқиқотлар асосида, жумладан, эсда олиб қолиш жараёнининг икки босқичли характерга эгалиги ҳақида гипотеза пайдо бўлди. Бу гипотезанинг мохияти қуйидагилардан иборатдир. Биринчи босқичда (қўзғатувчининг бевосита таъсиридан сўнг) мияда ҳужайраларда асл ҳолига қайтувчи физиологик ўзгаришларни келтириб чиқарадиган қиска муддатли электрохимик реакция юз беради. Иккинчи босқич биринчи босқич негизида юзага келиб, аслида у янги оқсил моддалар (протеинлар)нинг ҳосил бўлиши билан боғлиқ бўлган биохимик реакциядан иборатдир. Биринчи босқич сониялар ёки дақиқалар мобайнида давом этади ва уни қисқа муддатли эсда олиб қолишнинг физиологик механизми деб ҳисоблайдилар. Ҳужайраларда қайтарилмайдиган ўзгаришларга олиб келадиган иккинчи босқич узоқ муддатли хотиранинг механизми ҳисобланади.
Агар тажриба ўтказилаётган ҳайвонга бирон янги нарсани ўргатилган бўлса, ундан кетиши қисқа муддатли электрохимик реакцияни у биохимик реакцияга айлана бошлаганига қадар бирданига тўхтатиб қўйилса, ҳайвон нимани ўргатилганини эсига тушира олмайди.
Бир тажрибада каламушни полдан салгина баланд супачага чиқариб қўйилди. Жонивор шу заҳотиёқ полга сакраб тушаверди. Бироқ бир гал сакраётган чоғида электр разряди таъсиридан оғриқ сезгач, каламуш тажрибадан ҳатто 24 соат ўтгандан кейин ҳам сакраб тушмаган ва уни супачадан олиб қўйишларини кутиб ўтираверган. Бошқа бир каламушда оғриқ сезиш биланоқ дарҳол қисқа муддатли эсда олиб қолиш реакцияси тўхтатиб қўйилган эди. Бу каламуш эртасигаёқ ўзини гўё ҳеч нарса содир бўлмагандек тутаверди.
Маълумки, вақтинча ҳушдан кетиб қолиш одамларда ҳам бевосита ҳодиса юз бергунга қадар содир бўлган нарсаларнинг унутиб қўйилишига олиб келади.
Ҳали тегишли биохимик ўзгаришлар бошлангунга қадар қисқа муддатли электрохимик реакция оқибатида мустаҳкамланиб улгурмаган таъсиротнинг излари ўчиб кетади, деб ўйлаш мумкин.
Хотиранинг кимёвий назарияси тарафдорлари ташқи қўзғатувчилар таъсири остида нерв ҳужайраларида рўй берадиган ўзига хос кимёвий ўзгаришларнинг изларини мустаҳкамлаш, эсда сақлаб қолиш ва яна қайта эсга тушириш жараёнлари механизмларининг негизини ташкил этади. Бу ўринда нейронларнинг оқсил молекулаларини ва энг аввало, нуклин кислотаси деб аталадиган кислоталарнинг молекулаларини ҳар хил тарзда қайта гуруҳлаш назарда тутилади. Дезоксирибонуклеин кислотаси (ДНК) генетик, ирсий хотиранинг, рибонуклеин кислота (РНК) эса октогенетик, индивидуал хотиранинг асоси ҳисобланади, Швециялик биохимик Хиден ўтказган тажрибаларда шу нарса аён бўлдики, нерв ҳужайрасининг кўзғатилиши унинг таркибида РНК. кўпайишига олиб келади ва унга таниш кўзғатувчиларнинг такрорий таъсир кўрсатишидан тебраниш қобилияти борлиги ҳақида хабар қилувчи узоқ давом этадиган биохимик излар қолдиради.
РНК жуда ўзгарувчан бўлади; унинг эҳтимолдаги ўзига хос ўзгаришлари миқдори 1015-1020 сони билан ўлчанади; уларнинг компонентлари шакли, фазода жойлашиши, бўлиниб кетиш тезлиги ва бошқалар ўзгариб туради. Бу эса РНК бениҳоя катта миядаги ахборотларнинг калитини ўзида мужассамлаштира олади деганидир. РНКнинг бошқа таъсиротларга жавоб қайтармаган ҳолда таниш кўзғатувчиларнинг ўзига хос тузилиши таъсирида тебраниш қобилиятига эгалиги хотиранинг сирли биохимик механизми негизини ташкил этиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Энг янги, шу жумладан, биохимик тадқиқотларда эришилган ютуқлар келажакда инсон хотирасини бошқариш имкониятлари хусусида оптимистик прогнозлар қилиш учун асос беради. Лекин ана шундай прогнозлар билан бирга баъзи асоссиз, айрим ҳолларда хаёлий ғоялар, масалан, одамларга уларнинг нерв тизимига тўғридан-тўғри кимёвий таъсир кўрсатиш йўли билан таълим бериш мумкинлиги ҳақидаги, билимларнинг махсус хотира дориси (таблеткаси) ёрдамида етказилиши ҳақидаги ва шу каби ғоялар расм бўлиб қолди.
Шу муносабат билан инсон хотираси жараёнлари гарчанд барча босқичларида ўзаро биргаликда жуда мураккаб ҳаракат қилиш билан ажралиб турса ҳам, уларнинг сабабий боғлиқлиги (детерминация) ҳодисаси юқоридан, кишининг фаолияти асосида рўй беради. Бу ўринда бутундан унинг қисмлари сари бориш принципи амал қилади. Шунга мувофиқ ташқи таъсирларнинг излари моддийлашуви ҳам бошқа йўналишда эмас, аксинча организм – аъзо (орган) унинг йўналишида амалга ошади. Хотиранинг фармакологик катализаторларидан фойдаланиш ишнинг моҳиятини ўзгартира олмайди.
Хотира механизмларини турли даражаларида тадқиқ қилиш, шубҳасиз, бир-бирини ўзаро бойитади.