20.2. Хотира турлари
Хотира киши ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларида иштирок этиши сабабли унинг намоён бўлиши шакллари ҳам бенихоя ранг-барангдир. Хотиранинг турларга бўлиниши, энг аввало, эсда олиб қолиш ва яна қайта эсга тушириш жараёнлари ўрин олган фаолиятнинг айнан ўзига хос хусусиятлар билан боғлиқ бўлиши керак. Бу хотиранинг у ёки бу тури (масалан, кўриш ёки эшитиш хотираси) кишида унинг психик тузилишига хос хусусият сифатида гавдаланган ҳоллар учун ҳам тўғридир. Муайян психик хусусият фаолиятда гавдаланмасидан бирдан унда шаклланади-ку, аҳир.
Хотира таърифларининг эсда олиб қолиш ва қайта эсга тушириш жараёнлари содир бўладиган фаолиятнинг хусусиятларига боғлиқлиги хотиранинг ҳар хил турларини ажратиш учун умумий асос бўлиб хизмат қилади. Бунда хотиранинг айрим турлари учта асосий мезонга мувофиқ тарзда бўлинади: 1) фаолиятда кўпроқ сезилиб турадиган психик фаолликнинг хусусиятига караб хотира ҳаракат, эмоционал, образли ва сўз мантиқли турларга бўлинади; 2) фаолиятнинг мақсадлари (хусусиятига кўра ихтиёрсиз ва ихтиёрий хотира турларига бўлинади; 3) материални қанча вақт эсда олиб қолиш ва эсда сақлаш муддатига кўра (унинг фаолиятдаги роли ва тутган ўрнига боғлиқ равишда) қисқа муддатли, узоқ муддатли ва оператив хотира турларига бўлинади.
Фаолиятнинг ҳар хил турларида психик фаолликнинг турли хил кўринишлари: ҳаракат, эмоционал, сенсор, ақлий кўринишлари устунлик хотира турлари қилиши мумкин. Фаолликнинг ушбу кўринишларидан ҳар бири тегишли ҳаракатларда ва уларнинг маҳсулида: иш-ҳаракатларида, туйғуларда, образларда, ўй-фикрларда ўз ифодасини топади. Хотиранинг уларга хизмат қилувчи ўзига хос турларига психологияда тегишли номлар: ҳаракат, эмоционал образли ва сўз-мантиқли хотира номлари берилгандир.
Ҳаракат хотираси – турли хилдаги иш ҳаракатлари ва уларнинг тизимини эсда олиб қолиш, эсда сақлаш ва яна қайта эсга туширишдан иборатдир. Хотиранинг бошқа турларига қараганда унинг бу тури устунлиги аниқ намоён бўладиган одамлар учраб туради. Психологлардан бири мусиқий асарни хотирасида мутлақо қайта тиклай олмаслигига, яқиндагина эшитган операни эса бор-йўғи пантомима тарзидагина қайта тиклай олишига иқрор бўлган эди. Бошқа одамлар эса, аксинча, ўзларида ҳаракат хотираси борлигини умуман пайқамайдилар. Хотиранинг бу тури бениҳоя катта аҳамиятга эга эканлигининг боиси шундаки, у худди юриш, ёзиш ва шу каби малакалар билан баб-баравар тарзда турли хил амалий ва меҳнат малакалари шаклланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Ҳаракатлар хотирада сақланиб қолмаган тақдирда биз ҳар гал дастлаб тегишли ҳаракатларни бажаришни ўрганишга мажбур бўлардик. Кишининг жисмоний жиҳатдан абжирлиги меҳнатдаги маҳорати, «олтин қўллиги» одатда унинг яхши ҳаракат хотирасига эга эканлигининг аломати ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |