Оператив хотира тушунчаси киши томонидан бевосита амалга оширилаётган долзарб ҳаракатлар, ишларга хизмат қиладиган мнемик жараёнларни англатади. Қачонки, биз бирон бир мураккаб ҳаракатни, мисол учун арифметик амални бажараётган бўлсак, у ҳолда уни қисмларга, бўлакларга ажратган ҳолда бажарамиз. Бундай ҳолда ишни бажариш давомида айрим оралиқ натижаларни «ёдимизда» сақлаб борамиз. Пировард натижага якинлашганимиз сари «ишлаб чиқилган» конкрет материал унутилиб қолиши мумкин. Айнан шунга ўхшаш ҳодисаларни ўқиш, кўчириб ёзиш ва умуман исталган бирорта мураккаб ҳаракатни бажараётганимизда кузатамиз. Киши иш бажараётиб қўлланиладиган материалнинг бўлаклари ҳар хил бўлиши мумкин (болаларда ўқиш жараёни алоҳида ҳарфларни бирга қўшишдан бошланади). Хотиранинг оператив бирликлари деб аталмиш ушбу бўлакларнинг ҳажми у ёки бу фаолиятнинг муваффақиятли бажарилишига жиддий таъсир кўрсатади. Энг мақбул оператив бирликларни ҳосил қилишнинг аҳамияти ана шу йўл билан белгиланади.
Оператив хотиранинг бу тарзда тушунилиши гарчанд узок муддатли ва қисқа муддатли хотираларни бир-бирига яқинлаштирувчи нуқталарни белгилаб беришига қарамай, уни узоқ муддатли хотирадан ҳам, қисқа муддатли хотирадан ҳам ажратиб туради. Оператив хотирада қисқа муддатли хотирадан ҳам, узоқ муддатли хотирадан ҳам келиб турадиган материаллардан иборат «ишчи қотишма» ҳосил бўлади. Ушбу ишчи материал амал қилиб турган даври мобайнида оператив хотира тасарруфида бўлади.
Ҳар хил хотира турларининг ўзаро боғлиқлиги. Бу ўринда хотирани турларга бўлиш учун асос қилиб олингаи мезонлар инсон фаолиятининг унда тарқоқ ҳолда эмас, аксинча таркибан бирлигида намоён бўладиган турли хил жиҳатлар билан боғлиқдир. Хотиранинг тегишли турлари ҳам худди ана шундай бирликни ифодалайди. Жумладан, тушунча ҳақидаги фикр хотираси сўз-мантиқ хотира бўлиш билан бирга ҳар бир алоҳида ҳолда, шунингдек, ё ихтиёрсиз, ёҳуд ихтиёрий хотира бўлиб ҳисобланади; айни чоғда у албатта ё қисқа муддатли, ёхуд узоқ муддатли хотира тарзида намоён бўлади.
Бошқа жиҳатдан қараганда, хотиранинг айнан бир хилдаги мезонига кўра ажратилган ҳар хил турлари ҳам ўзаро боғланган бўлади. Жумладан, ҳаракат, образли, сўз-мантиқ хотира шунинг учун ҳам бир-биридан алоҳида амал қила олмайди, негаки энг аввало ташқи оламдаги нарсалар ва ҳодисаларнинг тегишли жиҳатлари ва бинобарин, уларнинг акс эттирилиши шакллари ҳам ўзаро боғлангандир. Ихтиёрсиз ва ихтиёрий хотира ўртасида ҳам мураккаб изчил боғланиш мавжуд (бу боғланишларнинг моҳияти эсда олиб колиш жараёнига таъриф берилаётганда баён этилади). Қисқа муддатли ва узоқ муддатли хотира турига келганда шуни айтиш керакки, улар ўз моҳияти жиҳатидан битта жараённинг иккита босқичи ҳисобланади. Қисқа муддатли хотира – шундай бир ўтказувчидирки, бирон-бир нарса бу ўтказувчини четлаб узоқ муддатли хотирага ўта олмайди. Унинг барча жараёнлари ҳамиша кисқа муддатли хотирадан бошланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |