Ҳаракатнинг идрок қилиниши. Ҳаракатнинг идрок қилиниши – объектларнинг фазода эгаллаган ҳолати ўзгаришининг акс эттирилишидир. Ҳаракатнинг идрок этилиши ҳаётий муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳайвонларнинг баъзилари учун ҳаракат қилувчи объектлар хавф-хатар ёки озиқланиш имконияти пайдо бўлгани ҳақида сигналлар вазифасини бажаради ва жавоб тариқасидаги таъсиротнинг тездаёқ рўй беришига сабаб бўлади. Кўриш тизими эволюцион ривожланишининг баъзи хусусиятлар» инсон кўзининг тўрпардаси тузилишида сакланиб қолгандир: тўрпарданинг периферик бўлимлари фақат ҳаракатларни сезувчан бўлади. Объект кўриш майдонида пайдо бўлганда кўзнинг рефлектор бурилиши юз беради, натижада объектнинг тасвири кўриш майдонининг марказига кўчади, объект ана шу жойда фарқланади ва аниқлалади.
Ҳаракатни идрок этишда кўриш ва кинестезик анализаторлар асосий рол ўйнайди. Тезлик, тезланиш, ҳаракатнинг йўналиши ҳаракатдаги объектнинг параметри ҳисобланади. Киши объектнинг фазода у ёқдан-бу ёққа кўчишига оид маълумотларни иккита ҳар хил йўл билан, яъни кўчиш ходисасининг ўзини бевосита идрок этиш ва бирмунча вақт мобайнида бошқа жойда турган объектнинг ҳаракати ҳақида хулоса чиқариш асосида олиш мумкин. Ҳаракатланаётган объектнинг ҳаракатсизлиги, агар у муайян вақт бирлигидаги кўзнинг муайян ўткирлиги ва кузатишнинг олислигида фарқлаш мумкин бўлган масофадан кўпроқ масофани ўтса, ҳаракатни бевосита идрок этиш мумкин бўлади. Акс ҳолда биз ҳаракатнинг ўзини эмас, балки унинг натижасинигина идрок этамиз. Соатлардаги дақиқа ва соат миллари ҳаракати ҳақида ана шундай хулоса чиқариш мумкин.
Кўриш орқали биз объектлар ҳаракати ҳақидаги ахборотни иккита ҳар хил усул билан: қайд этилган нигоҳ ва кўзларнинг кузатувчи ҳаракати ёрдами билан олишимиз мумкин. Қўз нисбатан ҳаракатсиз бўлиб турадиган биринчи ҳолда ҳаракатланувчи объект тўрпардада тезлик билан жойини ўзгартирадиган тасвирни ҳосил қилади. Бунда объектнинг тўрпардадаги тасвири фақат бир жойдан иккинчи жойга кўчиб колмасдан, балки доимо ўзгариб ҳам туради. Лекин объектни ҳар бири алоҳида тарзда бир оз бошқача ҳолатда акс эттирадиган бир қатор таъсирлардан иборат ҳолда эмас, балки ҳаракатланиш ҳолатида бўлган ёлғиз ўша битта объект сифатида идрок этамиз.
Шуларга кўра ҳаракатни идрок этиш учун кўринаётган тасвирларнинг кўз тўрпардаси бўйлаб жойини ўзгартириб туриши лозим деган хулосага келиш ҳам мумкин эди. Кўз тўрпардасида тасвирларнинг худди шу тарздаги кўчиши биз нигоҳимизни, хонанинг бир бурчагидан иккинчисига кўчирган пайтимизда ҳам содир бўлади. Лекин бу ҳолда биз атрофимиздаги нарсаларнинг ҳаракатини сезмаймиз. Киши хонада юрганда, тасвирлар кўз тўрпардаси бўйлаб жойидан кўчиб туришига қарамасдан, хонани ҳаракатланмайдиган нарса сифатида, ўзини эса ҳаракатланувчи объект сифатида идрок этади. (Вестибуляр аппаратнинг биронта жойи лат еган бўлса бу хилдаги тузатиш рўй бермайди ва ҳаракат қилаётган одамга бутун борлиқ ҳаракат қилаётгандек бўлиб туюлади.)
Ҳаракатни идрок қилишнинг мумкин бўлган иккинчи усули–ҳаракатланувчи объектни нигохи билан кузатиб боришдир. Бунда ҳаракатланувчи объектнинг тасвири тўрпардага нисбатан озми-кўпми даражада ҳаракатсиз бўлиб қолади, лекин биз барибир объектнинг ҳаракатланганини кўрамиз. Афтидан, кўзларнинг кузатувчилик ҳаракатлари тўрпарда бўйлаб жойини ўзгартириб турадиган сигналлар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам ҳаракатнинг идрок этилишига олиб келиши мумкин.
Ҳаракат қилиб бораётган нарсаларга узоқ вақт қараб турилса, ҳаракатнинг салбий изчил образи пайдо бўлади. Жумладан, юриб кетаётган поезд деразасидан жойга узоқ вақт қараб турилгандан кейин нигоҳни вагон ичидаги ҳаракатсиз нарсаларга кўчириладиган бўлса, бундай ҳолда ушбу нарсалар поезд йўналишига тескари йўналишда ҳаракат қилаётганидек бўлиб кўринади.
Ҳақиқий ҳаракатлар ва туюлма ҳаракатлар фарқ қилинади. Теварак-атрофдаги нарсаларни ҳаракатланаётган тарзда зоҳирий сезиш кишида чарчаган ёки маст-аласт ҳолатида пайдо бўлади.
Стробоскопик ҳаракат ҳам туюлма ҳаракатга мисол бўлиши мумкин. Кинематогроф ана шу ҳаракат принципига асосланади. Маълумки, кўз энергия ҳусусиятига эгадир. Бу шундан иборатки, кўриш сезгиси қўзғатувчи таъсир қила бошлаши билан дарҳол ҳосил бўлмайди ва шунингдек, қўзғатувчининг таъсир этиши тўхтаганидан кейин бирмунча вақт ўтгач йўқолади. Кўзнинг унга қаратилган нур таъсирини бирмунча вақт оралиғида сақлаб қолиш қобилиятига эга эканлиги туфайли кинода сонияига 24 кадр алмашгани ҳолда биз лип-лип этиб турадиган манзалар туркумини эмас, балки маълум даражада барқарор тасвирни кўрамиз. Бунда ҳаракатланадиган нарса ҳақида таассурот бир-бирларидан қандайдир макон оралиқлари билан ҳам, қандайдир вақтинча тўхталиш билан ҳам ажратилган нарсаларнинг айрим ҳолларини изчил идрок этиш натижасида ҳосил бўлади.