Нарсалар шаклининг идрок қилиниши. Нарсаларнинг шакли, одатда кўриш, терининг идрок туюши ва кинестезик анализаторлар ёрдамида қилиниши идрок қилинади. Баъзи ҳайвонларда маълум бир шаклдаги объектлар таъсирига жавобан туғма реакциялар. феъл-атворни ҳаракатлантирувчи туғма механизмлар деб аталмиш механизмлар кузатилади. Бу туғма механизмлар катъиян ихтисослашган бўлади. Товуқларнинғ картон коғоздан йиртқич қушнинг суратини эслатадиган қилиб қирқилган шаклни кўриб жўжаларини ҳимоя қилишга туша бошлашлари бунга мисол бўла олади.
Шакл билан танишиш чоғида алоҳида ажратиб кўрсатилиши лозим бўлган ва кўпроқ даражада ахборот берадиган белги ташқи кўринишдир. Айнан ташқи кўриниш иккита реалликни, яъни шакл билан муҳитни бир-биридан ажратадиган чегара вазифасини бажаради. Кўз микроҳаракатлар орқали объектларнинг чегаралари (ташқи кўриниши ва майда-чуйда деталлари)ни фарқлай олиши мумкин. Кўриш тизими объект билан фон ўртасидаги чегарани фақат ажрата билишга эмас, балки шу чегара бўйлаб силжиш қобилиятига эга бўлиши керак. Бу кўзлар ҳаракати воситасида амалга оширилади. Кўзлар нарсанинг ташқи кўринишини бамисоли иккинчи бор фарқлайди ва унинг шакли образини ҳосил қилишнинг муқаррар шарти ҳисобланади.
Нарса шаклининг кўриш орқали идрок этилиши кузатишнинг шарт-шароитлари: нарсанинг катта-кичиклиги, унинг кузатувчи кўзларидан узоқ-якинлиги, ёритилганлиги, объектнинг ёрқинлиги ва фони ўртасидаги кескинлик ва ҳоказолар билан белгиланади.
Нарсаларнинг катта-кичиклигини идрок қилиш. Нарсаларнинг идрок қилинаётган катта-кичиклиги уларнинг кўз тўрпардасида тасвирланган ўлчами ва кузатувчининг кўзларидан олис-яқинлиги билан белгиланади. Кўзларнинг турли олисликдаги нарсаларни аниқ-равшан кўришга мослашуви иккита механизм – аккомодация ва конвергенция ёрдамида юз беради.
Аккомодация – кўз гавҳарининг эгрилигини ўзгартириш йўли билан унинг аксини синдириб қайтариш қобилиятини ўзгартириш демакдир. Жумладан, яқинроқда жойлашган нарсаларга қараганимизда мушакларимизда қисқариш юз беради, натижада кўз гавҳари таранглашиш даражаси камаяди ва у янада қавариқ шаклга киради. Ёш улғая борган сари кўз гавҳари аста кам ҳаракат қиладиган бўлиб қолади ва мослашув, яъни турлича узоқликдаги нарсаларга қараганда ўз шаклини ўзгартириш қобилиятини йўқотади. Натижада яқинроқдаги нарсалардан кўра узоқдаги нарсалар яхшироқ кўрина бошлайди, бу аниқ-равшан кўринадиган яқинроқдаги нуқта ёш ўтиши билан тобора узоқлаша боришида ўз ифодасини топади.
Аккомодация, одатда конвергенция билан, яъни кўриш ўқларини қайд қилинаётган нарсага йуналтириш билан боғлиқдир. Аккомодациянинг муайян ҳолати кўриш ўқлари тортишишининг муайян даражада бўлишини тақозо қилади ва аксинча, кўриш ўқларининг у ёки бу тарзда тортишиши аккомодациянинг муайян даражасига мос келади.
Конвергенция бурчаги бевосита масофа индикатори, яъни ўзига хос масофа ўлчагич сифатида фойдаланилади. Муайян масофа учун конвергенция бурчагини объект олдида жойлаштирилган призмалар ёрдамида ўзгартириш мумкин. Бунда агар конвергенция бурчаги катталашадиган бўлса, объектнинг кўриниб турган ўлчами ҳам катталашади, унгача бўлган идрок этилаётган масофа эса қисқаради. Агар призмалар конвергенция бурчаги кичраядиган тарзда жойлаштирилган тақдирда объектнинг кўринадиган ҳажми ҳам кичраяди, унгача бўлган масофа эса ортади.
Иккита қўзғатувчи – нарсанинг кўз тўрпардасидаги тасвири аккомодация ҳамда конвергенция натижасида кўздаги мушакларнинг зўриқиши ўлчамлари бир-бирига мосланган ҳолда бирга қўшилиши идрок этилаётган нарсанинг ҳажми ҳақидаги шартли рефлекс тарзидаги сигнал ҳисобланади.